Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп: АҚШни Эроннинг музокаралардаги позицияси қониқтирмаяпти
Доналд Трамп кеча Женевада якунланган ядровий дастур бўйича музокараларда Теҳроннинг позициясидан норози эканини билдирди. У Эронга зарба беришни истамаслигини айтди, бироқ бу вариантни истисно этмади.
Фото: REUTERS
АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг ядровий дастури бўйича музокараларда Теҳрон тутган позиция сабаб “Эрондан норози” эканини билдирди. Оқ уй раҳбари, шунингдек, мамлакатга эҳтимолий зарба бериш масаласида ҳали қарор қабул қилмаганини ҳам таъкидлади. Унинг сўзларини 27 феврал, жума куни Associated Press келтиради.
Трампнинг бу изоҳи Женевада Эрон ядровий дастури бўйича навбатдаги музокаралар раунди якунланганидан кейин АҚШ ҳукуматининг илк расмий баёноти бўлди. “Мени қониқтирмаяпти: улар бизга керакли нарсани беришга тайёр эмас. Шунинг учун мен хурсанд эмасман”, — деди АҚШ президенти.
Трамп алоҳида равишда Эронга қарши ҳарбий куч ишлатишни истамаслигини таъкидлади, аммо унинг сўзларига кўра, айрим ҳолларда буни “қилишга тўғри келади”. У, шунингдек, Теҳрон томонидан уранни ҳар қандай бойитишни “йўл қўйиб бўлмайдиган” деб ҳисоблашини айтди.
Шу куни давлат котиби Марко Рубио Х тармоғида Вашингтон Эронни “ноқонуний ушлаб туришларни қўллаб-қувватловчи давлат” деб тан олганини маълум қилди ва уни бу “жирканч амалиёт”ни тўхтатишга, шунингдек, ноҳақ равишда ҳибсда сақланаётган барча америкаликларни дарҳол озод қилишга чақирди.
27 феврал, жума куни CBS телеканалига берган интервюсида, делегациялар ўртасида воситачи бўлиб келаётган Уммон ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусаидий Эрон “ҳеч қачон бойитилган уранни тўпламасликка” рози бўлганини айтди ва буни “урушнинг олдини олиши мумкин бўлган музокаралардаги ютуқ” деб атади. Расмий Вашингтон ҳам, Теҳрон ҳам ҳозирча Уммон ТИВ раҳбарининг бу баёнотини изоҳламади. Унинг сўзларига кўра, музокараларнинг “техник даражадаги” янги босқичи келаси ҳафта Венада бўлиб ўтади.
Бундан олдин Қатарнинг “Ал-Жазира” телеканали манбаларга таяниб хабар қилишича, музокаралар чоғида Теҳрон уран бойитишни фақат вақтинча тўхтатишга тайёрлигини билдирган ва ядровий объектларни демонтаж қилишдан бош тортган.
Эрон ҳукуматининг таъкидлашича, уларнинг ядровий дастури фақат фуқаролик мақсадларига қаратилган, гарчи уранни қурол яратишга яроқли даражагача бойитиш амалга оширилаётган бўлса-да.
АҚШ ва Эрон ўртасида кескинлик кучайиши эҳтимоли фонида, 27 феврал, жума куни бир нечта давлатлар минтақада бўлиб турган фуқаролари учун огоҳлантиришлар чиқарди.
Буюк Британия Теҳрондаги элчихона ходимларининг бир қисмини вақтинча чақириб олди ва Исроилга боришдан “фақат ўта зарур ҳолатлардан ташқари” воз кечишни тавсия қилди. Британия ТИВ Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги асосий иттифоқчиси бўлган Исроилга ҳужум қилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Шунга ўхшаш тавсияларни Германия ва Франция ташқи ишлар вазирликлари ҳам берди. Хитой, Ҳиндистон ва Канада эса ҳарбий ҳаракатлар хавфи туфайли ўз фуқароларини имкони борича тезроқ Эронни тарк этишга чақирди.
АҚШ ҳам Эрон ҳудудида бўлиб турган ўз фуқароларини “дарҳол” мамлакатни тарк этишга чақирди. АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси ходимларнинг бир қисми ва уларнинг оилаларига “тижорий рейслар ҳали мавжуд экан”, вақтинча чиқиб кетишга рухсат берди.
Мавзуга оид
22:53 / 27.02.2026
«Мен ҳеч нарсани кўрмадим, ёмон иш қилмадим» - Билл Клинтон Эпштейн иши бўйича баёнот берди
20:02 / 27.02.2026
Исроилдаги ўзбекистонликлар хавфсизлик чораларини кўришга чақирилди
14:49 / 27.02.2026
Axios: Зеленский РФ билан урушни йил охиригача тугатишга умид қилмоқда
14:22 / 27.02.2026