Жаҳон | 11:07
1549
4 дақиқада ўқилади

Трамп Кубани «дўстона эгаллаб олиш» ҳақида гапирди

«Уларда ҳозир пул ҳам, нефт ҳам йўқ, лекин улар биз билан гаплашмоқда. Эҳтимол биз Кубани дўстона тарзда эгаллаб олармиз», деди АҚШ етакчиси. Трампнинг айтишича, давлат котиби Марко Рубио бу масала билан «жуда юқори даражада» шуғулланяпти.

Фото: Reuters

«Куба ҳукумати биз билан гаплашмоқда ва улар жуда катта муаммога дуч келган», деди Трамп Техасга сафар қилиш учун Оқ уйни тарк этаётганида. «Уларда пул йўқ. Ҳозир уларда ҳеч нарса йўқ, лекин улар биз билан гаплашмоқда ва эҳтимол биз Кубани дўстона тарзда эгаллаб олармиз (friendly takeover)», дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда Reuters.

Трамп Кубани ўзгаришга муҳтож бўлган «инқироздаги миллат» деб таърифлади. У болалигидан бери ушбу мамлакатнинг муаммолари ҳақида эшитиб келаётганини қўшимча қилди.

«Мен бунинг амалга ошишини кўряпман. Марко Рубио бу билан жуда юқори даражада шуғулланмоқда. Уларда пул йўқ, нефт йўқ, озиқ-овқат йўқ. Бу ҳозир ҳақиқатда оғир аҳволдаги миллат ва улар бизнинг ёрдамимизни хоҳлашади», дея қўшимча қилди АҚШ етакчиси.

Асосан Майамида тўпланган асли кубалик муҳожирлар азалдан Кубанинг коммунистик ҳукумати ағдарилишини орзу қилиб келади. Трамп ушбу жамоани эслатиб ўтиб, АҚШ томонидан Кубанинг «эгалланиши» мамлакатдан ҳайдалган одамлар учун «ижобий янгилик» бўлишини айтди.

«Бизда бу ерда яшаётган ва Кубага қайтишни истайдиган одамлар бор ва улар бўлаётган воқеалардан жуда мамнун», - дея қўшимча қилди президент.

Куба юқори даражадаги музокараларни инкор этди

Куба ҳукумати АҚШ билан ҳеч қандай юқори даражадаги расмий музокаралар олиб бормаётганини маълум қилди. Бироқ АҚШ расмийлари — собиқ президент Раул Кастронинг набираси Гилермо Родригес Кастро билан норасмий алоқада экани ҳақидаги хабарларни бутунлай рад этмади.

Аввалроқ Axios нашри Марко Рубио собиқ Куба етакчисининг набираси билан махфий музокаралар ўтказиб келаётганини ёзганди. Майамидаги ОАВлар эса Рубионинг яқин маслаҳатчилари ушбу ҳафтада бўлиб ўтган Кариб денгизи ҳамжамияти конференцияси доирасида Кастронинг набираси билан яна учрашганини ёзган.

Куба атрофидаги фаоллик

Куба билан кескинлик ушбу ҳафтада яна кучайди. Бир неча кун олдин Флоридада рўйхатдан ўтган тезюрар қайиқда қуролланган 10 киши Куба сувларига кириб, патрулларга қарата ўт очган.

2022 йилда Куба мигрантлар контрабандаси билан шуғулланган қайиқни тутганда эълон қилган кема сурати / Фото: Reuters архиви

Оқибатда уларнинг тўрт нафари ўлдирилган, 6 киши қўлга олинганди. Рубио бу ҳодисага АҚШ ҳукуматининг алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Ушбу воқеа АҚШ томонидан оролга деярли барча нефт етказиб беришнинг тўсиб қўйилиши ва коммунистик ҳукуматга босимнинг кучайиши фонида юз берди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда АҚШ кучлари Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олган эди, бу эса Кубани ўзининг энг асосий иттифоқчисидан маҳрум қилди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид