Жаҳон | 15:41
5580
2 дақиқада ўқилади

Эрон армияси бошлиғи ва мудофаа вазири ҳалок бўлди

Исроил армияси Эроннинг юқори мартабали ҳарбийларининг «кўпчилиги» ўлдирилганини эълон қилди.

Эрон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи, генерал-лейтенант Абдулраҳим Мусавий шанба кунги зарбалар оқибатида ҳалок бўлган. У мамлакат қуролли кучларини ўзидан олдинги бошлиқ ўтган йил ёзидаги 12 кунлик уруш вақтида ҳалок бўлганидан буён бошқариб келаётганди.

Tasnim давлат ахборот агентлиги мамлакат мудофаа вазири Азиз Носирзода, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Муҳаммад Покпур ва мудофаа кенгаши котиби Али Шамҳоний ҳам ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Исроил мудофаа кучлари эса 1 март куни Исроил зарбалари оқибатида 40 нафар эронлик қўмондон, жумладан, Эрон армияси бош штаби бошлиғи Абдулраҳим Мусавий ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди.

«Превентив операция бошланиши билан Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 40 нафар юқори мартабали қўмондонни йўқ қилди – бу Исроил мудофаа армиясининг разведка маълумотлари туфайли амалга оширилган тарихий зарбадир», – дейилади ЦАҲАЛ баёнотида.

Қайд этилишича, Исроил қирувчи самолётлари Теҳроннинг бир неча нуқтасида йўлланган зарбалар орқали Эрон хавфсизлик олий раҳбариятининг етти нафар аъзосини ўлдирган. ЦАҲАЛ «Эрон раҳбариятининг юқори мартабали ҳарбий амалдорларининг аксарияти» ўлдирилганини даъво қилмоқда. «Улар биринчи зарба пайтида - бир дақиқа ичида» ўлдирилди, дея маълум қилган Исроил мудофаа кучлари.

Эрон расмийлари Исроилнинг зарбалари оқибатида қанча ҳарбий ҳалок бўлганини ҳозирча маълум қилмаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид