Жаҳон | 10:06
6514
3 дақиқада ўқилади

АҚШ–Исроил зарбалари фонида Эронда янги портлашлар рўй берди

АҚШ Қуролли кучларининг Марказий қўмондонлиги 24 соат ичида Эронда 1000 дан ортиқ объект нишонга олинганини маълум қилди. Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Теҳрон Вашингтон билан музокара олиб бормаслигини билдирди.

Фото: Atta Kenare/AFP

АҚШ ва Исроил Эронга ҳаво зарбаларини беришда давом этмоқда. Саудия Арабистонидаги Al Hadath телеканали душанба, 2 март куни хабар беришича, Эрон марказида жойлашган Исфаҳон ва Язд шаҳарларида портлашлар содир бўлган.

Ливандаги Al-Mayadeen телеканали эса Ислом Республикасининг жануби-ғарбидаги Хузистонда, шунингдек Теҳронда ҳам портлашлар қайд этилганини хабар қилди.

Шу орада АҚШ Қуролли кучларининг Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) “Эпик ғазаб” операциясининг 24 соати давомида Эронда 1000 дан ортиқ объект нишонга олинганини маълум қилди. Хусусан, гап қўмондонлик-бошқарув марказлари, баллистик ракеталар жойлашган нуқталар ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК — Эрон қуролли кучларининг элита бўлинмалари) объектлари ҳақида кетмоқда.

Шу билан бир вақтда Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний Теҳрон Қўшма Штатлар билан музокара олиб бормаслигини билдирди.

Исроил ва Қўшма Штатлар 28 феврал тонгида Теҳрон ва Эрон ҳудудидаги бошқа жойларга зарбалар берган. АҚШ президенти Доналд Трамп Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш ниятида эканини билдирган. У Эрон армиясини қуролни ташлашга, мамлакат аҳолисини эса “тақдирини ўз қўлига олиш”га чақирган.

Эрон Қизил Ярим Ой жамиятининг 1 март тонгидаги маълумотига кўра, зарбалар оқибатида мамлакатда 201 киши ҳалок бўлган, яна 747 киши яраланган. Эрон ОАВ Минаб шаҳрида қизлар мактабига ракета тушиши натижасида 100 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлгани, 95 киши яраланганини даъво қилмоқда. Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий ва бир қатор юқори лавозимли куч тузилмалари вакиллари, жумладан мудофаа вазири Азиз Носирзода ҳамда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Муҳаммад Пакпур ҳалок бўлгани тасдиқланган.

Эрон жавобан Исроил ҳудудига ва Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатларга зарбалар берган. Исроилда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. 28 феврал кечқурун Тел-Авивда турар жойга ракета урилиши оқибатида икки аёл ҳалок бўлган. Қуддус яқинидаги Бейт-Шемеш шаҳрида 1 март куни яна бир Эрон ракетаcи турар жой секторига тушган, натижада камида 9 киши ҳалок бўлган, 28 киши яраланган.

Бирлашган Араб Амирликлари ва Кувайтда Эроннинг ҳаво зарбалари оқибатида бир неча киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган. Саудия Арабистони, Баҳрайн ва Қатар шаҳарларида ҳам портлашлар товуши эшитилган. АҚШ ҳарбийлари Ироқ шимолидаги Арбил шаҳри устида икки дрон ушлаб қолинганини маълум қилган. Уммон соҳиллари яқинида нефт танкери ёниб кетган. Теҳрон араб мамлакатларига ҳужумларни инкор этган ва зарбалар фақат АҚШ ҳарбий базаларига қаратилганини айтган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид