Жаҳон | 22:50 / 02.03.2026
2250
4 дақиқада ўқилади

“Дубай ва Абу-Даби портлаган ракета ҳидига тўлиб кетди” – қозоғистонлик журналист

Эроннинг Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига ўзини ҳимоя қилиш учун берган ракета ҳужумларидан айниқса БАА жиддий зарар кўрди. Kun.uz билан суҳбатлашган қозоғистонлик журналист Рауан Мйнбаевнинг айтишича, кечаги ҳужумлар оқибатида камида 3 киши ҳалок бўлган. Минглаб сайёҳлар эса Дубай ва Абу-Дабида қолиб кетди. Давлат уларнинг харажатларини қоплаб бериши мумкин деган тахмин бор, дейди журналист.

Қўшнилари Қатар, Кувайт ва Баҳрайндан фарқли ўлароқ Амирликларда кўпроқ талафотлар борлиги тармоқларда тарқалган видеолардан ҳам кўринади. Қозоғистоннинг ушбу давлатдаги мухбири, журналист Рауан Мйнбаевнинг Kun.uzʼга айтишича, ҳужумдан инсоний талафотлар бор, ҳозирча камида 3 киши ҳалок бўлган. Лекин маҳаллий аҳоли саросимага тушмаган, тизим тинчликни таъминламоқда.

Дубайдан Абу-Дабига келдим, тўғриси, БААда ҳаводан мудофаа тизими жуда яхши ишламоқда. Лекин афсуски, инсоний талафотлар бор. Биринчи куни ракета тушганида нима бўлганини билмадик, ҳукумат 1 соатлардан кейин Эрон ҳужумга ўтганини эълон қилди ва бу АҚШ базаларига эди, мен ўз кўзларим билан кўрдим”, - дейди Рауан Мйнбаев.

Эрон асосан Абу-Даби, Дубай ва бошқа йирик шаҳарлар атрофидаги инфратузилмаларни нишонга олди. Икки шаҳарда ҳаво мудофаа тизимлари ишлаши натижасида кўплаб ракеталар йўқ қилинган бўлса-да, шикастланган иншоотлар ҳам кўп.

Расмий ҳукумат баёнотларига кўра, БАА мудофаа тизимлари юқори даражада ишлади, бир қанча ракеталар ва дронларни муваффақиятли тўхтатди, бироқ портлашлар оқибатида бир неча фуқароларга тан жароҳатлари етди ва моддий зарар кўрилди.

Биласизми, ракеталар қулаганидан кейин ҳавода қандайдир ёқимсиз ҳид пайдо бўлган ва жуда дим. Мен анчадан бери шу ерда яшаётган одам сифатида бунақасини энди кўряпман”, - дейди мухбир.

Кескин вазият туфайли БАА ҳам ўз ҳаво ҳудудини вақтинча ёпди ва авиакомпаниялар парвозларни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди. Бу чора фуқаролар ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ракета хавфи остида қолмаслик учун амалга оширилди. Журналистнинг қўшимча қилишича, айни дам Дубай ва Абу-Дабида жуда кўплаб сайёҳлар бор ва улар чиқиб кетолмаяпти.

Жуда ҳам кўп сайёҳлар бор, улар чиқиб кетолмайди. Чунки халқаро аэропортларга ҳам зарар етган, давлат қолиб кетган сайёҳларнинг харажатларини қоплайди деган гап бор, лекин ҳукумат идораларидан буни аниқ тасдиқлаб олиш керак”, дейди журналист Мйнбаев.

БАА ҳукумати Эрон ҳужумларини қатъиян қоралаб, уларни “давлат суверенитетига таҳдид ва халқаро ҳуқуқни бузиш” деб атади. Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа расмийлар бу ҳаракатларни қаттиқ танқид қилиб, вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш учун чоралар излаш зарурлигини қайд этди.

Ҳужумлар ортидан БААда хавфсизлик огоҳлантиришлари жорий этилган, аҳоли ва хорижликлар учун расмий саломатлик ва хавфсизлик кўрсатмалари тарқатилган. Шунингдек, жамоат тартибини сақлаш ва ваҳима ҳолатларини бартараф этиш бўйича ички ишлар бўлимлари фаолиятини кучайтирган.

Эслатиб ўтамиз, БАА бошқа форс кўрфази давлатлари каби можародан узоқ туришга ҳаракат қилган бўлса ҳам, минтақада юзага келган кескин ҳарбий харакатлар уларни бевосита таъсирланган томонларга айлантирди. Бу эса нафақат ҳудудий хавфсизлик, балки иқтисодий ва ижтимоий ҳаётга ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид