Исроил ва Форс кўрфази давлатларида нималар бўлмоқда?

2 мартга ўтар кечаси Эрон Исроилга ва Американинг минтақадаги базаларига ҳужумларнинг янги – тўққизинчи тўлқинини амалга оширди. Исроилда портлаш овозлари эшитилган, ҳужум оқибатида жабрланганлар йўқ. Шунингдек, Дубай, Доҳа ва Баҳрайнда ҳам портлашлар содир бўлган.

The Wall Street Journal нашри америкалик юқори мартабали мулозимга асосланиб хабар беришича, Эрон дронлари Ироқ шимолидаги Арбил аэропортига ҳам ҳужум уюштирган – бу ерда АҚШ ҳарбий базаси жойлашган. Манбанинг сўзларига кўра, базага жиддий шикаст етмаган, жароҳатланганлар йўқ. АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги аэропорт бўйлаб зарба берилгани фактини тасдиқлаган.

Кувайтда Американинг F-15 русумли қирувчи самолёти қулаб тушган. Ижтимоий тармоқларда қулаётган самолёт акс этган кадрлар пайдо бўлган. Журналистларнинг аниқлашича, бу Ал-Жаҳра шаҳридан ғарбда рўй берган. Кадрларга кўра, учувчилардан камида бир нафари катапулта қилинган ва омон қолган. Эрондаги Tasnim агентлиги манбага асосланиб, ушбу самолёт уриб туширилганини хабар қилди. Америка ҳарбийлари ҳозирча ҳодиса юзасидан изоҳ бермади.

Бу вақтда Кувайт мудофаа вазирлиги мамлакат ҳудудида Американинг бир неча қирувчи самолёти ҳалокатга учрагани ҳақида хабар тарқатди. Шу билан бирга, учувчиларнинг барчаси омон қолгани айтилган. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлигига кўра, Эронда ҳарбий амалиёт бошланганидан буён америкалик ҳарбийлар мингдан ортиқ нишонга зарба бергани ва бунда 20 дан ортиқ самолётлар, кемалар, ракеталар ва бошқа тизимлар, жумладан, B-2 Spirit стратегик бомбардимончи самолётлари ҳамда «ошкор этилмайдиган махсус имкониятлар»дан фойдаланган.

Можаро томонлари нималар демоқда?

Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний мамлакат АҚШ билан ҳеч қандай музокара ўтказмаслигини маълум қилди. У бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида The Wall Street Journal нашрининг Ларижоний Ўмон орқали Оқ уй билан музокараларни тиклаш ташаббусини билдиргани ҳақидаги хабаридан иқтибос келтирилган твитга жавобан ёзди. Бир кун олдин Трамп ҳам The Atlantic учун берган интервюсида Эроннинг янги раҳбарияти музокараларни қайтадан бошлашни сўрагани ва бунга рози бўлганини айтганди.

Ўлдирилган оятуллоҳ Али Хоминаийнинг ўрнини ким эгаллаши ҳозирча номаълум. Трамп The New York Times нашрига берган интервюсида унда Эрон раҳбарлиги учун «уч нафар жуда яхши вариант борлиги»ни айтди, аммо бу номзодлари кимлигини очиқламади. У ҳокимиятни бошқа кучларга ўтказиш режалари ҳақидаги саволга жавобан Эрондаги асосий ҳарбий кучлар «шунчаки ўз қуролларини Эрон халқига топшириши»га умид қилаётганини айтган.