Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Али Хоминаийнинг ўғли Эронда янги раҳбар этиб сайланди — DW манбалари
Али Хоминаийнинг ўғли Мўжтаба Эроннинг янги олий раҳбари этиб сайланди, деб хабар берди DW манбалари. Уларнинг айтишича, бу қарор Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) босими остида қабул қилинган. Расман бу маълумотлар тасдиқланмаган.
Мўжтаба Хоминаий Фото: Morteza Nikoubazl/NurPhoto via Getty Images
Ўлдирилган Али Хоминаийнинг ўғли Мўжтаба олий раҳбар этиб сайланди. Бундай қарорни шиа руҳонийларининг юқори қатламининг 88 нафар вакилидан иборат кенгаш қабул қилди, деб хабар берди Ислом Республикасидаги DW манбалари.
Ҳозирча Эрон расмийлари ва ОАВ бу маълумотни расман тасдиқлагани йўқ. DW манбаларининг маълум қилишича, Мўжтаба Хоминаийни сайлаш ҳақидаги қарор ИИМК босими остида қабул қилинган.
Али Хоминаий ҳалок бўлганидан кейин Эронни вақтинча уч кишидан иборат кенгаш бошқармоқда: президент Масъуд Пезешкиён, суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Ҳусайн Муҳсиний ва Конституцияни муҳофаза қилиш кенгаши аъзоси Алиризо Арофий.
Али Хоминаий 1989 йилдан буён Эронни бошқариб келган эди. У Ислом Республикасига қарши 28 феврал куни бошланган Исроил ва АҚШ ҳарбий операцияси пайтида ҳалок бўлган.
Мамлакатнинг энг юқори лавозими ҳисобланган олий раҳбарни Эронда “Экспертлар кенгаши” деб аталадиган орган аъзолари тайинлайди. Бу давлат органи ислом ҳуқуқи соҳасида мутахассис деб ҳисобланадиган 88 кишидан иборат. У Эрон фуқаролари томонидан ҳар саккиз йилда бир марта сайланади. Охирги сайловлар 2024 йилда ўтган.
Исроил ва АҚШ 28 феврал куни эрталаб Эрон ҳудудига зарбалар беришни бошлади. АҚШ президенти Доналд Трамп Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш нияти борлигини билдирди. У Эрон армиясини қуролни ташлашга, мамлакат аҳолисини эса “тақдирини ўз қўлига олишга” чақирди.
Эрон давлат ОАВ 3 март куни билдиришича, зарбалар натижасида мамлакатда камида 787 киши ҳалок бўлган. Эрон бунга жавобан Исроилга ва Форс кўрфазидаги бир неча давлатга зарбалар берган — у ерда ҳам ҳалок бўлганлар бор. Теҳрон араб давлатлари билан уришмаяпмиз, деб таъкидламоқда ва минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига зарба бераётганини айтмоқда.
Мавзуга оид
11:05
Исроил Эронга қарши “кенг кўламли зарбалар тўлқини” ҳақида эълон қилди
10:23
Ўзбекистон ва Эрон ТИВ раҳбарлари телефон орқали вазиятни муҳокама қилди
09:10
CNN: МРБ Эронда курдлар орқали қўзғолон қўзғатиш режаси устида ишламоқда
09:07