Жаҳон | 19:10 / 04.03.2026
9597
2 дақиқада ўқилади

CNN: АҚШ маъмурияти Эрондаги курдлардан режимга қарши фойдаланмоқчи

Эрон Курдистонида тартибсизликлар келтириб чиқариш мақсадидаги амалиётга тайёргарлик ишлари аллақачон бошланган.

Фото: Morteza Nikoubazl/Reuters

Марказий разведка бошқармаси мамлакат ичкарисида режимга қарши исён кўтарилиши учун Эрондаги мухолифатчи курд кучларини қуроллантириш устида ишламоқда. Бу ҳақда CNN телеканали бир неча манбага асосланиб хабар тарқатди.

Суҳбатдошлардан бирининг сўзларига кўра, ушбу ғоя курд қуролли кучлари Эрон хавфсизлик кучлари билан жангга киришиши ва уларни ўзига жалб этиб, йирик шаҳарлардаги оддий аҳолининг намойишларга чиқишини осонлаштиришини кўзда тутади.

Америкалик бошқа бир мулозим эса курдлар минтақада тартибсизлик келтириб чиқаришга ва Эрон режимининг ҳарбий ресурслари максимал даражада сочилишига ёрдам бериши мумкин. Яна бир ғояга кўра, курдлар Эрон шимолий қисмидаги ҳудудни эгаллаши ва Исроил учун буфер зона яратиши мумкин бўлади.

Эрон курдлари вакилининг сўзларига кўра, 3 март куни Доналд Трамп Эрон Курдистони Демократик партияси президенти Мустафо Ҳижрий билан боғланган. Трамп маъмурияти Ироқ курдлари билан ҳам муҳокама олиб бормоқда. Эрондаги курдларни қуроллантиришга бўлган ҳар қандай уриниш Ироқ курдлари қурол-яроғ транзитига ва Ироқ Курдистонидан плацдарм сифатида фойдаланишга рухсат беришини талаб қилади, деб тушунтиради CNN.

Курдлар яқин кунларда операцияда иштирок этиши кутилмоқда, деган Эрондаги юқори мартабали манба. «Ҳозир бизда катта имконият борлигига ишонамиз», – деган CNN суҳбатдоши ва курд кўнгиллилари АҚШ ва Исроилнинг қўллаб-қувватлашига умид қилаётганини қўшимча қилган.

Эрон курдларининг қуролланган гуруҳлари Ироқ билан чегара ҳудудида ҳаракатланувчи минглаб жангчиларга эга, деб ёзади CNN. Уруш бошлангач, бу гуруҳларнинг баъзилари Эрон ҳарбийларини ўз томонига ўтишга чақириб, баёнот берган. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси эса ушбу гуруҳлар бўйлаб зарбалар йўлламоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид