Эрон қандай стратегия ишлаб чиққан?

Эрон АҚШ ва Исроилга қарши урушда 2025 йил июнидаги 12 кунлик урушдан кейин Али Хоминаий раҳбарлигида мамлакат олий қўмондонлиги ишлаб чиққан режани амалга оширмоқда. Уни янги можаро эҳтимоли ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқишган, дея ёзмоқда Financial Times нашри Эрон раҳбариятидаги манбага асосланиб.

Режа бутун Яқин Шарқда хаос бошланиши ва жаҳон бозорини ларзага келтиришни назарда тутарди. Бундан мақсад – АҚШ ва Исроилга босим ўтказиб, уларни урушни тўхтатишга мажбур қилиш эди.

FT манбасининг сўзларига кўра, режа минтақадаги энергетика объектларига ҳужум қилиш ва авиақатновларни издан чиқаришни ўз ичига олган. «Эскалация ва ҳамма кўриши учун катта ёнғин уюштиришдан бошқа иложимиз йўқ эди. „Қизил чизиқларимиз“ барча халқаро меъёрларга зид равишда кесиб ўтилганида, биз энди ўйин қоидаларига риоя қила олмасдик», – дейди нашр суҳбатдоши.

Қайд этилишича, Али Хоминаий ва Эроннинг бошқа юқори мартабали мулозимлари урушнинг илк соатларидаёқ ҳалок бўлганига қарамай, тайёрланган режа ижроси бошланган. «Бу давом этади. Бундан кейин ҳам эскалация бўлади. Улар нимани кутишганди? Наҳотки улар ислом республикаси раҳбарига зарба берилса ҳам, ҳеч нарса бўлмайди деб ўйлашган?» – дея қайд этган нашр манбаси.

FT’нинг ёзишича, режанинг бир қисми ҳарбий қарорларни қабул қилишни номарказлаштиришдан иборат – бу орқали турли ҳарбий қисмлар олдиндан олинган умумий кўрсатмалар асосида алоҳида ҳаракат қилишлари мумкин эди. Шунинг учун юқори мартабали қўмондонлар ўлдирилиши ҳарбийларнинг пароканда бўлишига олиб келмади. Нашр манбасига кўра, 2025 йил июн ойидаги уруш вақтида буйруқлар «юқоридан келарди». Энди эса қуйи бўғиндаги ҳарбийлар нима қилиш кераклигини олдиндан билишади ва буйруқларни кутмасдан ҳаракат қилишади, шу билан бирга, ўз ҳаракатлари ҳақида қўмондонлик марказини хабардор қилиб боришади.

Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларига ҳужумлар Эрон томонидан ишлаб чиқилган стратегиянинг бир қисмидир. Бу «америкаликлар бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай жой энди хавфсиз бўлмаслиги», шунингдек, инвесторларнинг минтақадан чиқиб кетиш хавфини келтириб чиқариши кўзда тутилган.

Бундан мақсад – беқарор вазият туфайли капитал қочиши хавфи остида қолган араб давлатларини АҚШга операцияни тўхтатиш учун босим ўтказишга мажбур қилиш. Бироқ, FT’нинг ёзишича, режанинг бу қисми Эроннинг ўзи учун жуда хавфли: сўнгги йилларда Теҳрон билан муносабатларни яхшилашга уринган араб давлатлари, аксинча, унинг ҳужумлари туфайли АҚШ ва Исроилни қўллаб-қувватлаши мумкин.