Жаҳон | 20:05
6821
7 дақиқада ўқилади

Трамп ва жамоаси Эронга қарши уруш сабабини тушунтиришга уринмоқда

Лекин уларнинг версиялари вақт ўтган сайин ўзгармоқда ва бир-бирига зид келмоқда.

The White House

28 феврал куни Доналд Трамп америкаликларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватламайдиган навбатдаги урушни бошлади. Ушбу урушни оқлашда Оқ уй АҚШ президентлари учун ноодатий, аммо Россия пропагандасига хос тактикани танлади: Трамп ва унинг жамоаси аъзолари АҚШга бу уруш нима учун кераклиги ва унинг ижобий якуни қандай бўлиши ҳақида кенг кўламли ва бир-бирига зид фикрлар билдирмоқда.

Эксперт фикрича, бу орқали Трамп ғалаба ҳақидаги мослашувчан таърифни сақлаб қолмоқчи ва эҳтимолий муваффақиятсизлик учун жавобгарликни ўзидан соқит қилмоқчи. Аммо танқидчилар ва ҳатто АҚШ президентининг айрим тарафдорлари ҳам Оқ уйнинг мужмал жавобларидан ғазабланишмоқда, чунки бу жавоблар Америкада Яқин Шарқдаги янги уруш бўйича аниқ стратегия йўқлиги ва уруш чўзилиши мумкинлигини кўрсатмоқда. «Медуза» Трамп ва унинг маъмурияти аъзолари Эрон билан уруш сабаблари, мақсадлари ва табиатини қандай изоҳлаганини кўриб чиқди.

Эрон ядровий дастури ҳақида

Мудофаа вазири Пит Ҳегсет, 2025 йил 22 июн

«[12 кунлик уруш давомида] биз Эрон ядровий дастурини йўқ қилдик. Президент Трампнинг дадил ва узоқни кўра биладиган раҳбарлиги туфайли Эроннинг ядровий амбициялари бутунлай йўқ қилинди».

АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф, 2026 йил 22 феврал

«Эронда уранни бойитиш даражаси 60 фоизга етган. Катта эҳтимол билан, бир ҳафтадан кейин уларда бомба тайёрлаш учун етарли материаллар пайдо бўлади».

Давлат котиби Марко Рубио, 2026 йил 25 феврал

«Уларнинг ядровий дастури ер юзидан супуриб ташланганида, уларга уни қайта тиклаш тақиқланган эди, аммо улар мунтазам равишда унинг элементларини тиклашга ҳаракат қилишмоқда. Ҳозир улар [уранни] бойитмаяпти, лекин буни қилиш мумкин бўлган нуқтага етишга ҳаракат қилишмоқда».

Эрон бўйлаб янги зарбалар сабаблари ҳақида

Президент Доналд Трамп, 1 март

«Улар [эронликлар] ядровий тадқиқотларини тўхтатишни истамади. Улар ядро қуролига эга бўлмасликка ваъда беришни хоҳламади. Агар биз буни қилмаганимизда [ҳужум қилмаганимизда], улар икки ҳафта ичида ядро қуролига эга бўларди.

Пит Ҳегсет, 2 март

«Эрон ўзининг ядровий шантажи учун шартли қалқонга эга бўлиш мақсадида ракеталар ва дронлар яратди. Бизнинг базаларимиз, одамларимиз, иттифоқчиларимиз – барчаси уларнинг нишонида. Ядровий бомбаси сари йўл очаркан, Эрон бошимизга „тўппонча“ тираб тургандек эди».

Марко Рубио, 2 март

«Биринчидан, Эронга ким ҳужум қилса ҳам, улар бунга жавобан зарба беришлари ва бу жавоб АҚШга қарши қаратилиши аниқ эди. Биз Исроил ҳаракат қилишини билардик, бунинг ортидан Америка кучларига ҳужум бўлишини билардик ва агар огоҳлантирувчи зарба бермасак, кўпроқ йўқотишларга дуч келишимизни билардик».

Операция мақсадлари ҳақида

Доналд Трамп, 28 феврал

«Мен хоҳлайдиган бор нарса – [Эрон] халқи учун озодлик. Мен мамлакат хавфсиз бўлишини хоҳлайман ва биз айнан шунга эришамиз».

Доналд Трамп, 2 март

«Биринчидан, биз Эроннинг ракета салоҳиятини йўқ қиляпмиз. Иккинчидан, уларнинг флотини. Учинчидан, биз терроризмнинг дунёдаги бош ҳомийси ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслигига эришмоқчимиз. Ва ниҳоят, Эрон режими ўз чегараларидан ташқарида террорчи армияларни қуроллантира олмаслигига эришмоқчимиз».

Операция муддатлари ҳақида

Доналд Трамп, 28 феврал

«Нишонлар бўйлаб оғир бомбардировкалар бутун ҳафта танаффуссиз давом этади – ёки мақсадимизга – бутун Яқин Шарқда ва бутун дунёда тинчликка эришиш учун қанча вақт керак бўлса, шунча!»

Доналд Трамп, 2 март

«Аввалбошдан биз тўрт-беш ҳафталик ҳарбий ҳаракатларни мўлжаллаган эдик, аммо бизда урушни янада узоқроқ давом эттириш учун имконият етарли».

Эрондаги режим алмашиши ҳақида

Доналд Трамп, 28 феврал

«Буюк ва мағрур Эрон халқига мурожаат қиламан: сиз эркин бўладиган вақт келди. Биз ишни битиргач, ҳокимиятни ўз қўлингизга олинг. Бу сизнинг келажак авлодлар учун ягона имкониятингиз бўлиши мумкин. Кўп йиллар давомида сиз Америкадан ёрдам сўрадингиз, лекин барибир ололмадингиз. Ҳеч бир президент мен қилишга тайёр бўлган ишни қилишга тайёр эмас эди. Энди сизда президент бор, у сизга истаган нарсангизни беради. Бунга қандай жавоб беришингизни кўрамиз».

Сенатор Линдси Грэм, 1 март

«Мақсад – режимни эмас, таҳдидни йўқ қилиш. Операция якунланганида Эронда ҳокимият тепасига ким келиши муҳим эмас, уларда бизга, Исроилга ёки Яқин Шарққа зарар келтирадиган баллистик ракеталар бўлмайди. Уларда терроризмнинг энг йирик ҳомийси бўлиб қолиш имконияти бўлмайди. <…> Биз Эрон халқини террорчилик режимидан озод қилиб, ўз тақдирини ўзи белгилаш имконини бермоқчимиз. Аммо Эроннинг янги ҳукуматини танлаш – бизнинг иш эмас».

Доналд Трамп, 1 март

«Менда [Эрон раҳбарлиги учун] учта жуда яхши номзод бор. Мен ҳозир уларнинг кимлигини очиқламайман. Келинг аввал ўз ишимизни бажарайлик. <…> Ўйлайманки, биз Венесуэлада қилган иш – идеал сценарий эди. Икки кишидан бошқа ҳамма ўз лавозимларини сақлаб қолди».

Трамп, 2 март

«Ҳужум шу қадар муваффақиятли чиқдики, [Эрон раҳбари лавозими учун] номзодларнинг кўпчилиги ўйиндан чиқди. Бу биз ўйлаган одамларнинг ҳеч бири бўлмайди, чунки уларнинг ҳаммаси ўлди. Биз улар [эронликлар] кимни танлашини билмаймиз. Эҳтимол, уларнинг омади келиб, нима қилаётганини биладиган одамни танлашар».

Пит Ҳегсет, 2 март

«Бу режимни ўзгартириш учун олиб борилаётган уруш эмас, лекин режим, шубҳасиз, ўзгарди ва бундан дунёга фақат яхши бўлди».

Али Хоминаийнинг ўлдирилиши ҳақида

Республикачи конгрессмен Майкл Тернер, 1 март

«Кеча мен давлат котиби Рубио билан гаплашдим ва у Хоминаийга биз ҳужум қилмаганимизни аниқ қилиб айтди. <...> У қонхўр авторитар ҳукмдор эди, бу туфайли кўплаб исроилликлар ҳалок бўлган ва бу, шубҳасиз, уларда бундай ҳужум учун жиддий асос бор эди».

Пит Ҳегсет, 2 март

«Ўйлайманки, Исроил бу амалиётни аъло даражада уддалади».

Доналд Трамп, 2 март

«У [Хоминаий] мени қўлга туширишидан олдин мен уни қўлга туширдим. Улар икки марта ҳаракат қилишди. Аммо мен илдамроқ чиқдим».

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид