Қатар ва БААда вазият нисбатан тинчиган. Бу мамлакатлардаги ўзбеклар маҳаллий мудофаа тизими Эрон ракеталарини қайтараётгани, аҳоли яшаш пунктлари зарарланмаганини айтмоқда. Шу билан бирга, қисқа муддатли саёҳатга борганлар рейслар бекор қилингани сабаб кўчада қолишдан хавотирда.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган уруши бутун Яқин Шарқни қамраб олмоқда. Эроннинг қарши ҳужумлари эса нафақат Исроилни, балки араб давлатларидаги АҚШ ҳарбий базаларини ҳам нишонга олган. Дунёда хавфсиз туризм ва тинчлик рамзи бўлиб келган Қатар, БАА каби давлатлар ҳам бугун ракета ва дронлар ҳужуми остида қолмоқда. Форс кўрфазининг ёпилган осмони эса минтақа билан авиақатновларни деярли бутунлай тўхтатиб қўйди.

Хўш, араб давлатларидаги ўзбек ватандошларнинг аҳволи қандай? Юртдошларимиз ҳужумлардан қандай сақланмоқда ва Ўзбекистонга хавфсиз қайта оладими? Kun.uz — Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Исроилдаги ўзбеклар билан суҳбатлашди. 

“Ҳеч нарса бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди” – Қатар

Қатарда вазият бироз бошқачароқ. Айни вақт шу ерда яшаб, ишлаб келаётган ватандошларимиз мудофаа тизими яхши ишлаётгани, учиб келаётган ҳар бир ракета ерга қўнишидан аввал ҳавода йўқ қилинаётганини айтмоқда.

Аммо улар вазият жиддийлашиб кетишидан хавотирда. Хусусан, Доҳада 8 ойдан бери меҳмонхона хизматида ишлаб келаётган Аҳрорбек Неъматжонов ватанга қайтмоқчи эканини билдирди.

“Ҳозир бу давлатда ҳеч кимга зарари кўринмади. Шунчаки, мен ўзимни бу ерда хавфсиз ҳис қилмаяпман, шунинг учун Ўзбекистонга қайтиб кетмоқчиман. Ҳеч нарса бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Ҳужум бўлаётгани, осмонда портлаётганини кўзимиз билан кўрдик.

Ҳозирча булар Ўзбекистонга қайтиб кетишимиз ҳақида ҳеч нарса демади, лекин биз меҳмонхонада ишлаяпмиз. Бу ерда эҳтиёт чоралар кўрилган. Фавқулодда вазият учун “подвал”дан жой қилиб, сувлар, столларни, ҳар хил дори-воситаларни қўйиб, тайёрлаб қўйишган.

Лекин ётоқхонамизда унақа нарса бўлмади ҳали. Бу ердан Ўзбекистон элчихонасида ишлайдиган танишларим бор эди, уларга ҳам иложи борича алоқага чиқишга ҳаракат қиляпман. Уларга алоқага чиқишим биланоқ вазият қанақалигини биламиз. Агар Ўзбекистондан самолёт жўнатиб, эвакуация қиладиган бўлса, унда яхши бўларди”, – дейди у.

Доҳада бўлиб турган яна бир юртдошимиз Илёсбек Муҳиддиновнинг айтишича, ҳукумат аҳоли ва бизнес эгаларига тез-тез огоҳлантириш тусидаги хабарномаларни жўнатиб турибди. Унда хавфсизлик чоралари кўрилиши сўралган. Муҳиддинов шаҳардаги вазиятни тасвирлашга уринди.