Жаҳон | 07:20
2106
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон йўлбарсларни қайтариш учун ўн минглаб дарахт экмоқда

Қозоғистон 70 йилдан ортиқ вақт олдин йўқолиб кетган йўлбарсларнинг қайтишига тайёргарлик кўрмоқда. Мамлакатда Жанубий Балхаш ҳудудида аллақачон тахминан 37 минг кўчат ва қаламча экилган.

Фото: Appaloosa, Wikipedia

Қозоғистонда табиатни муҳофаза қилувчилар 1940-йиллар охирида минтақада бутунлай йўқолиб кетган йўлбарслар популяциясини қайта тиклашни режалаштирмоқда. Улар кўп йиллар давом этган овчилик, улар яшайдиган муҳитнинг вайрон қилиниши ва ўлжа ҳайвонлар сонининг камайиши оқибатида йўқолган. Энди эса мамлакат йўлбарсларни уларнинг тарихий ерларига қайтармоқчи.

Ҳозир Қозоғистон асирликда икки йўлбарсни сақламоқда, улардан бири урғочи. Улар табиат қўйнига чиқарилмайди, аммо тадқиқотчилар уларнинг болалари келажакда Қозоғистондаги йўлбарслар популяциясининг бир қисмига айланиши мумкин, деб умид қилмоқда. Бундан ташқари, биринчи ёввойи йўлбарслар Россиядан 2026 йилнинг биринчи ярмида олиб келинади. Бироқ популяцияни муваффақиятли тиклаш учун фақат йўлбарсларни олиб келишнинг ўзи етарли эмас. Бу ҳайвонларга яшаш учун кенг ҳудудлар керак. Ана шунинг учун ҳам Қозоғистон дарахт экиш билан шуғулланяпти.

2025 йилда Қозоғистон экологик ташкилотлар кўмагида Балхаш кўли ёнида, Жанубий Балхаш вилоятида 37 минг кўчат ва қаламча эктирди. Айнан шу ҳудудда илгари йўлбарслар яшаган.

Дарахт экиш — Қозоғистоннинг кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ташаббусининг муҳим қисми. 2021 йилдан бери мамлакатда тахминан 1,4 миллиард дарахт экилган. Расмийлар айтишича, 2027 йилгача мамлакатда жами икки миллиард дарахт экиш мақсад қилинган.

Жанубий Балхашда экилган дарахтлар экотизимни тиклаш учун пойдевор бўлиши керак. Дарахтлар йўлбарсларга паноҳ ва сув манбаларидан фойдаланиш имконини беради. Шунингдек, ўсимликлар ёввойи мушуклар овлайдиган ҳайвонлар учун озуқа бўлади. Экологик ташкилотлар вакиллари таъкидлашича, ёввойи ҳайвонлар аллақачон тикланган участкаларда озуқа излашни бошлаган. Бу экотизим ишлай бошлаётганининг белгиси, деб ҳисобланади.

Қозоғистонда бўлган йўлбарслар ҳозирда йўқолиб кетган Ўрта Осиё популяциясининг бир қисми бўлган, у Каспий йўлбарслари деб ҳам аталади. Бироқ тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Каспий йўлбарслари эҳтимол Амур йўлбарслари билан бир хил популяцияга мансуб бўлган. Амур йўлбарслари Россиянинг Узоқ Шарқи ва Хитойда учрайди.

Йирик йиртқичларни табиатга қайта киритиш (реинтродукция) хавфли жараён. Йиртқичлар одамлар ва чорвага зарар етказиши мумкин. Аммо ҳайвонларни ҳимоя қилувчи ташкилотлар вакиллари эҳтимолий ҳодисаларга тайёр эканини билдирди. Мутахассислар йиртқичлар билан одамлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни кузатиб борадиган махсус гуруҳ тузилишини ваъда қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид