Жаҳон | 01:53
1400
5 дақиқада ўқилади

Уруш. Эрон ёлғиз қолди, иттифоқчилар қани?

Америка ва Исроил Эронни бомбалашда давом этмоқда. Урушнинг биринчи кунидаёқ Эрон раҳбари ўлдирилгач, барчаси ҳал бўлгандек туюлганди. Лекин Эрон ҳамон курашяпти, одамлар намойишга чиқиб, ҳукуматни эгаллагани йўқ, Теҳрон уч кунда қуламади. Шу ўринда бир савол пайдо бўлади: нариги томонда икки иттифоқчи Америка ва Исроил жуда қалин жўра бўлиб жанг қилмоқда, лекин Эроннинг иттифоқчилари қани? Россия Украинага қарши уруш бошлаганида Эрон русларга қурол етказиб берган, амалда ҳарбий иттифоқчига айланганди. Нега энди Россия иттифоқчисига ёрдам бермаяпти?

«Биз дунёни қутқаряпмиз»

Россия иттифоқчисига ёрдам бермаётганига тўхталишдан аввал урушнинг старт тугмасини босган одамлардан бири Бинямин Нетаняҳунинг баёнотига эътибор қаратмоқчиман. Исроил бош вазирининг айтишича, улар Трамп иккаласи бутун дунёни қутқараётган экан. Худди Hollywood филмларидаги америкалик хаёлий суперқаҳрамон Ер сайёрасини қутқариб қолгандек.

«Агар Эрон ядро қуролига эга бўлса, улар бутун инсониятга хавф туғдирарди. Бизга қўшилган ажойиб дўстим, дунёнинг буюк етакчиси Доналд Трампга раҳмат айтаман. Биз дунёни қутқаряпмиз», деди Нетаняҳу. Исроил етакчиси дўсти Трампни «дунё етакчиси» деб атади. Менимча, ҳеч қандай изоҳ шарт эмас, бу инсонлар шубҳасиз ўзининг параллел оламида яшамоқда.

Фақат телефонда

2022 йил февралда Россия Укранага бостириб кирди. Урушни тезкор тугатиш сценарийси ўхшамагач, Россияда қурол билан боғлиқ муаммо юзага кела бошлади. Чунки бунақа интенсив жанг учун кўп қурол керак бўлади. Шунда Россияга фақат бир давлат ёрдамга келди ва пул эвазига бўлса ҳам қурол етказиб беришни бошлади. Эрон Россиянинг амалда икки ҳарбий ҳамкоридан бирига айланди. Руслар ҳозир ҳам Украинага эронликларнинг Shaheed дронлари билан ҳужум қилади. Россияда бу дронларни ишлаб чиқарадиган завод ҳам қурилди. Орада Эрон Россияга баллистик ракеталар ҳам бергани айтилди. Уруш даврида бир давлат бошқасига қурол сотишининг ўзи ёрдам дейилади, чунки қурол пул бўлса, аниқ топиладиган маҳсулот эмас.

Замон айланиб энди Эрон ёрдамга муҳтож бўлиб қолди. Лекин Теҳроннинг ҳозирги ҳолатида Москванинг ўша пайтдаги аҳволидан анча ёмон. Россия мудофаа учун эмас, ҳужум учун қурол сўраганди. Эрон қуролларисиз россияликлар ўлиб қолмасди.

Ҳозир Эронга дунёдаги энг кучли давлат ва унинг асосий иттифоқчиси ҳужум қилмоқда, қурол уларга мудофаа учун керак, кучлар асло тенг эмас. Лекин Россия Эронга ҳеч қандай ёрдам бермаяпти. На қурол беряпти, на дипломатик майдонда нимадир қилишга ҳаракат қилмоқда. Путин Масъуд Пизишкиёнга телефон қилиб Хоминаий ўлими учун ҳамдардлик билдирди холос.

Айтганча, БАА президенти билан телефон суҳбати чоғида Путин стратегик ва ҳарбий иттифоқчиси Эронни танқид қилишга ҳам улгурди. Унинг сўзларига кўра, Эроннинг БАА бўйлаб зарбаларини оқлаб бўлмаскан, чунки америкаликлар Эронга зарба бериш учун бу давлатдан плацдарм сифатида фойдаланмаган экан.

Путин Америка Эронга ҳужум қилганидан кейин ҳатто Россия хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказмади, Эрон президенти билан суҳбатда Американи бу давлат номини айтиб айбламади ҳам. Путин уруш вақтида Россиянинг ёнида турган давлатга ҳужум қилишаётганда губернаторлар билан йиғилиш ўтказмоқда, Можаристонга газ сотиш масаласини муҳокама қиляпти, маҳаллий ишлар билан машғул.

Ҳозир фурсати йўқдир, лекин эронликлар урушдан кейин, албатта, бу жимликнинг сабабини сўрашса керак. «Владимир Владимирович, биз сизнинг иттифоқчингиз эмас эдикми, нега бизга ракета ёғдиришганда жим қараб турдингиз?» дейишса керак эронликлар ҳужумдан эсон-омон чиқиб олишса.

Россия, албатта, тан олмайди, лекин Украинага қарши бошлаган уруши мамлакатни кучсизлантирди, санкциялар иқтисодни оғир аҳволга келтирди. Россия тўлалигича хомашё сотадиган давлатга айланиб қолди. Ўша газ ва нефтини сотиш ҳам муаммо бўлиб қолди. Россия ҳозир кимгадир ёрдам берадиган аҳволда эмас, улар бир йилдан бери Покровск деган туман марказини эгаллаш билан банд. Эронга сотадиган ҳам, текинга берадиган ҳам қурол йўқ.

Ва яна бир жиҳат, Путин Американинг Эронга ҳужумига реакция билдирмаслик орқали ўзининг Украинага қарши урушини оқлашни кўзлаётган бўлиши мумкин. Яъни «мана, Ғарбнинг аҳволини кўрдингизми, биз Эроннинг аҳволига тушмаслик учун Украинада «СВО» бошладик», демоқчи бўлаётгандир балки.

Нима бўлганда ҳам, Эронга ҳужумга жим қараб туриш Россиядек катта давлат обрўсига салбий таъсир кўрсатади. Ядро қуролига эга Россия билан иттифоқчи бўлиш хавфсизлик учун ҳеч қандай кафолат бермаса, давлатлар бундай иттифоқчиликдан нима умид қилиши мумкин?

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид