Жаҳон | 20:52 / 08.03.2026
21135
4 дақиқада ўқилади

«Қуёш ғойиб бўлди». Теҳрондаги нефт омборлари ёниши оқибатида осмон қора тусга кирди (фотолар)

«Тасаввуримдаги қиёмат ёки дўзахга ўхшарди». Теҳронда яшовчилар Исроил зарбаларидан кейинги манзарани шундай тасвирламоқда. Шаҳар узра – қора осмон ва «нефт ёмғири».

Исроил мудофаа армияси 7 март куни кечқурун Эрон бўйлаб навбатдаги зарбалар сериясини амалга оширди – бу сафар энергетика инфратузилмаси объектлари нишон бўлган. Исроиллик ҳарбийлар берган хабарга кўра, ушбу объектларда ишлаб чиқарилган ёқилғи маҳсулотлари Эрон қуролли кучлари эҳтиёжлари учун ишлатилган. Теҳронга қўшни бўлган Алборз вилоятидаги нефт омборлари бўйлаб ҳам зарбалар берилган. Эрон пойтахти шимоли-ғарбида жойлашган базалардан бири бўлган Шаҳран базаси 2025 йил июнида 12 кунлик уруш чоғида ҳам Исроил зарбасига учраганди. Аммо бу сафарги зарбалар кўлами кенгроқ бўлди.

Гувоҳлар CNN мухбирига айтишича, ушбу зарбалардан кейин кучли ёнғинлар чиқиши туфайли 8 март куни тонгида осмон қора тусга кирган, одамлар нафас олишга қийналган. Теҳронда яшовчилардан бири BBC’га берган интервюсида «қора тутун қуёшни тўсиб қўйгани» ҳақида гапирган.

Бундан ташқари, Теҳронга «нефт ёмғири» тушган: нефт ёнишидан ажралган моддалар ёмғир сувига аралашиб кетган. Қуйида Эрон пойтахтида кузатилаётган манзара акс этган суратлар келтирилади.

Теҳрондаги Шаҳран нефт омбори устини қоплаган қора тутун. 2026 йил 8 март
Abedin Taherkenareh / EPA / Scanpix / LETA
7 март куни Теҳрондаги Артеш булваридан олинган кадр; муаллифнинг айтишича, фотода нефт омборларидан бирига йўлланган зарбадан кейин чиққан ёнғин акс этган
Amir Farshad Ebrahimi / X ижтимоий тармоғи
Шаҳран нефт омборида чиққан ёнғин кадри
Amir Farshad Ebrahimi / X ижтимоий тармоғи
Эрондаги энг йирик нефт омборларидан бири ҳисобланган Шаҳран қаторасига иккинчи ҳарбий кампания давомида Исроил томонидан ўққа тутилди
Abedin Taherkenareh / EPA / Scanpix / LETA
Шаҳран устида кўтарилган қора тутун бутун пойтахт узра ёйилган
Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA
Бомбаланган объектларда чиққан ёнғин ўчоқлари қачон тўлиқ бартараф этилиши номаълум; фотода зарбалар вақтида шикастланган электр узатиш тармоқларини тузатаётган ишчи акс этган
Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA
Теҳроннинг тутун қоплаган ҳудуди фонида ўзаро гаплашиб турган Қизил Яримой жамияти ходимлари
Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA
Нефт омборларида рўй берган портлашлар атмосферага катта миқдорда хавфли кимёвий моддалар чиқишига олиб келди, бу эса заҳарли кислота ёмғирларига сабаб бўлиши мумкин, дея огоҳлантирган Қизил Яримой
Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA
Теҳронда ўлдирилган оятуллоҳ Али Хоминаий акс этган баннер – унинг фонида тўлиқ қора тутун билан қопланган осмон
Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA
Теҳрондаги йўл ёқасида ёниб кетган бензин ташувчи машина (бензовоз)
Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA
Теҳрондан апокалипсисни эслатувчи яна бир кадр. Шаҳар аҳолиси вакиллари ҳам буни қиёматга ўхшатади. Улардан бири CNN’га берган изоҳида шундай деган: «Шаҳар зулматга чўмган, осмон қоп-қора <...> гўё бўғилаётгандекмиз. Кеча кечқурун портлаш осмонни қандай ёритганини кўрдим; бу мен кўрган ҳеч нарсага ўхшамасди. Қиёмат ёки менинг тасаввуримдаги дўзахга ўхшарди».
Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид