Жаҳон | 21:13 / 09.03.2026
1447
2 дақиқада ўқилади

G7 давлатлари ҳозирча стратегик нефт захираларини ишлатмасликка келишиб олди

АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошлаганидан кейин Brent нефти нархи кескин кўтарилди. G7 давлатлари бозорни барқарорлаштириш учун зарур бўлган ҳар қандай воситалардан фойдаланишга, шу жумладан, зарур захираларни эҳтимолий бўшатишга келишиб олди.

Фото: Getty images

G7 давлатлари стратегик нефт захираларини бўшатишга «ҳали тайёр эмас», деди Франция молия вазири Ролан Лескюр. У бу ҳақда журналистларга Яқин Шарқдаги вазият бўйича ҳамкасблари билан музокаралардан сўнг маълум қилди.

«Биз ҳали тайёр эмасмиз. Биз, агар керак бўлса, бозорни барқарорлаштириш учун зарур бўлган ҳар қандай воситалардан фойдаланишга, шу жумладан, зарур захираларни эҳтимолий бўшатишга келишиб олдик», деди Лескюр.

G7 мамлакатлари молия вазирлари йиғилиши ҳақида Халқаро энергетика агентлиги (IEA) раҳбари Фотиҳ Бирол ҳам маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Ҳўрмуз бўғози орқали транзит билан боғлиқ муаммолардан ташқари, нефт қазиб олишнинг катта қисми қисқартирилган. Ҳозир IEA аъзо давлатлар 1,2 миллиард баррелдан ортиқ давлат авариявий нефт захираларига, шунингдек, 600 миллион баррел саноат захираларига эга, деди жаноб Бирол.

«Фавқулодда» нефт захиралари IEA томонидан 1974 йилда нефт нархининг ошишига ва ёқилғи танқислигига олиб келган араб нефт эмбаргосидан кейин яратилган. Ушбу захиралар йирик нефт истеъмолчи давлатларга «муҳим энергия зарбаларига» жавоб бериш имконини бериш учун мўлжалланган. IEA ташкил этилганидан бери унинг аъзолари беш марта, охирги икки марта 2022 йилда Россия ҳарбий операцияси фонида нефт захираларини бўшатган.

АҚШ ва Исроил 28 феврал куни Эронга қарши ҳарбий операция бошлади. 6 март куни Brent нефти нархи икки йил ичида биринчи марта бир баррел учун 89 доллардан ошди. Financial Times маълумотларига кўра, 3 март куни IEA «нефт таъминотининг етилиб келаётган инқирозини» ҳал қилиш вариантларини кўриб чиқиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказган. Йиғилиш учун тайёрланган ҳужжатда IEA «нефт бозорлари барқарорлигини сақлаш учун ҳаракат қилишга тайёрлиги» айтилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид