Жаҳон | 22:21 / 10.03.2026
1510
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон уруш туфайли кетган россияликларни оммавий депортация қилишга тайёрланмоқда

Мамлакатда вақтинча яшаш ҳуқуқини берувчи сохта рухсатномалар бўйича катта жиноий иш тергов қилинмоқда.

Фото: Alamy

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси мамлакатда вақтинча яшаш ҳуқуқини берувчи сохта рухсатномалар бўйича катта жиноий ишни тергов қилмоқда. Бу иш уруш туфайли мамлакатга келган кўплаб россияликларнинг депортациясига сабаб бўлиши мумкин, деб ёзди «Слово защиты» лойиҳаси Россиядан кетган одамларга ёрдам бераётган ҳуқуқ ҳимоячиларига таяниб.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, иш бўйича «ўнлаб эркак ва чақирув ёшидаги россияликлар» гувоҳлик бермоқда. Тергов 2026 йил феврал ойи охирида бошланган.

Қозоғистонда бир йилгача яшаш имконини берувчи рухсатномани расмийлаштириш учун расман ишга жойлашиш ва рўйхатдан ўтиш керак. Қозоғистон бир муддат «сохта рухсатномалар» бозорига хотиржам муносабатда бўлди, бироқ вақт ўтиши билан миграция сиёсати қатъийлашди.

«Рухсатнома иши билан миграция полицияси эмас, балки Миллий хавфсизлик қўмитаси бошқармаси шуғулланаётганини ҳисобга олсак, гап Россия билан келишилган рўйхатлар бўйича оммавий депортацияни тайёрлаш ҳақида кетаётган бўлиши мумкин», деб ҳисобламоқда «Слово зашиты».

Ҳуқуқ ҳимоячилари сохта рухсатномалар бўйича жиноий ишнинг барча иштирокчиларига зудлик билан Қозоғистонни мустақил равишда тарк этишни ва Россияга депортация қилинмасликни тавсия этмоқда.

Қозоғистон - Украина билан катта уруш бошланганидан ва сафарбарликдан кейин россияликлар фаол борган давлатлардан бири. Қозоғистонда уруш туфайли кетган ўн минглаб россияликлар бор. 2026 йилда ҳуқуқ ҳимоячилари Қозоғистондан россияликларни, жумладан, Россияда сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётган ёки қочоқликда айбланаётганларни депортация қилиш ҳолатлари кескин ошганини қайд этди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид