Жаҳон | 16:20 / 13.03.2026
2464
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага тўрт йилда Patriot учун 600 та ракета берганди. Яқин Шарқда бир ҳафтада 800 та шундай ракета ишлатилди

Sebastian Kahnert / dpa / Scanpix / LETA

Украина Россияга қарши уруш бошидан буён АҚШдан Patriot тизимлари учун 600 га яқин ракета олган, деди The New York Times нашрига Украина президенти маслаҳатчиси Дмитро Литвин.

Шу билан бирга, Эронга қарши урушнинг дастлабки беш кунида АҚШ Patriot тизими учун мўлжалланган 800 та ракета ишлатган, дея ёзади NYT Украина президенти Володимир Зеленский ва Европа Иттифоқининг мудофаа масалалари бўйича комиссари Андрюс Кубилиснинг баҳоларига таяниб – бу ракеталар ёрдамида Эроннинг зарбдор дронлари, шунингдек, Исроилга ва Американинг минтақадаги базалари томон учирилган 500 дан ортиқ баллистик ракеталар уриб туширилган.

Patriot тизимлари Украина мудофааси учун ўта муҳим ҳисобланади – улар Россиянинг Украинадаги энергетика инфратузилмалари объектлари томон учирилаётган баллистик ракеталарни тутиб қолишга қодир бўлган кам сонли тизимлардан бири саналади.

Украинанинг ихтисослашган нашрлари маълумотларига кўра, Киевдаги мавжуд Patriot қурилмалари ҳамда Россия ракета ҳужумларининг ўртача частотасидан келиб чиқиб, Украинага ойига камида 60 ракета керак бўлади, зарбалар интенсив тус оладиган даврда эса (масалан, қиш ойларида) – ойига 100–120 ракетага эҳтиёж сезилади.

Украина ҳукумати мунтазам равишда Patriot тизимлари учун ракеталар етишмовчилигидан шикоят қилиб келади. Феврал ойи бошида Россиянинг комбинациялашган зарбалари кучайган вақтда Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари қўмондонлиги расмийси Юрий Игнат ўқ-дориларнинг сарфланиши суръати ҳамкорлар томонидан ёрдам келиш суръатига қараганда тезроқ экани ва «айрим ҳаво ҳужумидан мудофаа комплекслари баъзида шунчаки бўш тургани» ҳақида айтганди.

Financial Times нашри ёзишича, январ ойида ракета тақчиллиги шу даражага етганки, Patriot тизимлари Россия армиясининг Украинадаги электр станциялар бўйлаб ҳужумларига реакция кўрсата олмаган.

Украина президенти Володимир Зеленский 9 март куни украин мутахассислари АҚШ сўровига биноан Яқин Шарққа йўл олишини маълум қилди – улар Эрон дронларига қарши Patriot ракеталарини ишлатмаган ҳолда курашиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашиши кўзда тутилган.

Украина Россияга қарши урушнинг тўрт йили мобайнида бундай дронларни арзон технологиялар – зенит пулемётлар, мобил ўт очиш гуруҳлари ва радиоэлектрон кураш воситалари орқали уриб туширишни ўрганиб олган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид