Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қувватлаш станцияларини ўчириш – ҳозирча мажбурий чора – ҳокимият
Тошкентда электромобилларнинг қувват станциялари фаолияти бўйича тафтиш доирасида кўплаб “заправка”лар электр токидан узиб қўйилганди. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев буни “ҳамма учун мағлубиятли ҳолат” деб атади. Унинг айтишича, айни муаммони ҳал қилиш учун ҳозирда регламент янгиланмоқда.
Яқинда Тошкент шаҳридаги электромобилларни тезкор қувватлаш станциялари субистеъмолчи бўлиб трансформаторга улангани, ортиқча юклама тармоқларда юклама келтириб чиқариши важи билан электр токидан узиб ташланди.
Жараён бошланганининг дастлабки 2 кунида 100 дан ортиқ станцияларда шундай ҳолат юзага келган. Бунинг ортидан тадбиркорлар эътирозлар билан чиқишганди. Kun.uz айни масалани аввалроқ шарҳлаган.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев ОАВ вакиллари билан ўтган анжуманда вазиятга изоҳ берди. Унинг айтишича, “бу – ҳамма учун мағлубиятли ҳолат”. У шаҳар ҳокимияти нега бу қарорга келганини тушунтиришга уринди.
“Регламент ва шаҳар ери бор. Бу шаҳар ерига электр зарядлаш шохобчасини ўрнатиш учун онлайн аукционда қатнашиб, шу ерни сотиб олиш керак. Кўпинча ўчирилган электр зарядлаш шохобчалари давлат, шаҳар ерида жойлашган ва бунинг учун пул тўланмайди. Улар аукционда сотиб олинмаган. Шунинг учун биз уларни ўчиришга мажбурмиз.
Бу ерда тадбиркорлар қандай механизмни қўллашади? Ёнида жойлашган дўкон билан келишиб, уларнинг кадастр рақамини олади ва рухсат берувчи органларга ҳужжат топширишади. Шу кадастр асосида рухсатнома олинади. Шу тариқа, маълумотлар бироз бузилиши юзага келади, бу эса шаҳар бюджети ўз пулларини ололмай қолишига олиб келади.
Бизнинг ўчираётганимиз, албатта, ҳозирча биз учун мажбурий чора, чунки ўзингиз биласиз, қишки мавсум ҳам, ёзги мавсум ҳам туман электр тармоқлари, шу жумладан, шаҳар электр тармоқлари учун оғриқли масала”, – дейди у.
Таъкидланишича, муаммони ҳал қилиш учун расмийлар тадбиркорлар билан учрашиб, ишчи тартибда мавзуни муҳокама қилиш бошланган. Қувват станцияларининг фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжати янгиланаётгани билдирилди.
“Биз регламент устида, электр зарядлаш станцияларини тақдим этиш, электр зарядлаш станциялари учун ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш регламентини янгилаш устида ишлаяпмиз. Тан олиш керак, у ерда бироз бюрократия, яхшиланиши керак бўлган жиҳатлар бор. Халқаро тажрибани ўрганяпмиз. Шунингдек, масалан, Жаҳон банки билан алоқа ўрнатдик. Уларнинг бу соҳадаги рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштириш билан боғлиқ лойиҳаси бор. Асосан, бу масала бўйича иш олиб борилмоқда”, – деди у.
Эслатиб ўтамиз, айни ҳолатда ваколатли органларнинг асоссиз хатти-ҳаракатлари аниқланган тақдирда, Бизнес омбудсман айбдор мансабдор шахсларга нисбатан чора кўришга ваъда берган.
Мавзуга оид
11:37
Ўзбекистон автомобил бозори: электромобилларга талаб ошиб боряпти
07:49 / 09.03.2026
Инфографика: Хитой электромобилларини энг кўп ким сотиб оляпти?
14:12 / 07.03.2026
Тошкентда юздан ортиқ қувват-станция тармоқдан узилди. Муаммо нимада?
09:05 / 22.02.2026