Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой “этник бирлик” ҳақидаги ўта баҳсли қонунни қабул қилди
Хитой парламенти ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан танқид қилинаётган, мамлакатда “этник бирлик”ни мустаҳкамлашга қаратилган қонунни қабул қилди. У хитой тилининг мандарин лаҳжасига жамоат ҳаётида, жумладан таълим соҳасида “устунлик” беради.
Фото: Getty images
Хитой Халқ вакиллари умумхитой йиғини (ХВУЙ) — ХХРнинг олий қонун чиқарувчи органи 12 март, пайшанба куни “Этник бирлик ва тараққиётга кўмаклашиш” деб номланган қонунни маъқуллади. Ҳужжат “хитой миллати таркибидаги барча этник гуруҳлар ўртасида умумийлик туйғусини мустаҳкамлаш”га қаратилган бўлиб, бу мақсадга эришиш барча жамоат ташкилотлари, тижорат компаниялари ва мамлакат қуролли кучлари зиммасига ҳам юклатилган.
Хусусан, қонунда хитой тилининг мандарин лаҳжаси ва миллий озчиликлар тиллари биргаликда қўлланадиган жамоат жойларида мандаринга “устунлик” бериш талаби қўйилган. Шу муносабат билан ҳуқуқ ҳимоячилари Хитойда ўз тили ва лаҳжаларига эга 55 та этник озчилик мавжудлигини эслатмоқда. Тибет ва Ички Мўғулистон каби этник озчиликлар кўп яшайдиган ҳудудларда эса мактаб таълимида хитой тилидан фойдаланиш аллақачон мажбурий қилиб қўйилган.
AFP агентлиги Америка PEN-клуби фаоли Эрика Нгуеннинг Пекиндаги ҳукуматни “болаларнинг ўз тарихи ва маданияти билан боғлиқ ришталарини узиш”га уринаётганликда айблаган сўзларини келтиради. Ҳуқуқ ҳимоячилари айниқса янги қонун мусулмон уйғурларга босимни янада кучайтиришидан хавотирда. Пекин бу этник озчилик ҳуқуқларини бузишда, жумладан, БМТ томонидан ҳам бир неча бор айбланган.
Қонуннинг таъсири ХХР ҳудудидан ташқарига ҳам ёйилади. У хориждаги хитой жамоалари билан “алоқаларни мустаҳкамлаш”га кўмаклашишни белгилайди ва шу билан бирга Хитойдан ташқарида туриб мамлакатнинг “этник бирлигига путур етказиш” ёки “этник сепаратизм”га даъват қилишда иштирок этган шахсларни юридик жавобгарликка тортишни ҳам назарда тутади.
“Этник бирлик” ҳақидаги қонун ХВУЙ ва ХХР раҳбарияти ҳузуридаги маслаҳат органи ҳисобланган Халқ сиёсий маслаҳат кенгашининг анъанавий йиллик “икки сессия”сининг сўнгги кунида қабул қилинди. Бу тадбирлар Хитой сиёсатининг келгуси ўзгаришларини кўрсатувчи ўзига хос индикаторлар деб ҳисобланади.
Бу йилги “икки сессия” 15-беш йиллик режани амалга ошириш бошланишига тўғри келди. Бу 2026–2030 йилларга мўлжалланган мамлакат иқтисодий ва сиёсий ривожланиш “йўл харитаси” ҳисобланади. ХХР давлат кенгаши бош вазири Ли Цян жорий йил учун ЯИМ ўсиш суръатини 4,5–5 фоиз доирасида белгилади — бу 1991 йилдан буён энг паст кўрсаткичлардир. Кузатувчилар буни Хитой ўнлаб йиллар давомида жаҳон иқтисодиёти тараққиётининг асосий драйвери сифатида намоён бўлган шиддатли ўсишдан кейинги сезиларли бурилиш деб баҳоламоқда.
Янги беш йиллик режанинг марказида сунъий интеллект турибди. ХХР раҳбарияти уни АҚШ билан рақобат шароитида мамлакат тараққиёти учун “зарур восита” деб ҳисоблайди. Юқори технологияларга урғу берган ҳолда, Хитой ҳукумати иқтисодиётни ички истеъмолга асосланган ўсиш йўлига қайта йўналтирмоқчи. Ташқи сиёсат соҳасида эса Пекин, чамаси, Европа Иттифоқи ва АҚШ билан муносабатларни яхшилаш йўлини белгилаган, айни пайтда Япония билан муносабатларда Тайван сабабли кескинлик кучаймоқда.
Мавзуга оид
15:24 / 12.03.2026
«Ўзбекнефтгаз» Хитой компанияси билан 30 та қудуқни бурғилаш бўйича шартнома имзолади
11:37 / 12.03.2026
The Insider: 6000 та фирма РФнинг санкция остидаги юридик шахслари билан савдо қилмоқда
07:45 / 12.03.2026
Хитойда қарийб 1 километрлик эскалатор ишга тушди
07:49 / 09.03.2026