Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ урушни тўхтатиши нимага боғлиқ?
Доналд Трамп маъмурияти Эрондаги урушдан чиқишини бир нечта омиллар белгилайди, дейди сиёсий таҳлилчилар. Ҳамза Болтаевга кўра, АҚШдаги нарх-наволар ўсишидан ташқари, араб давлатлари ва Хитойнинг босими муҳим рол ўйнайди. Фарҳод Толиповнинг қайд этишича, ноябрдаги оралиқ сайловлар арафасида республикачилар орасида ҳам урушга қарши кайфият кучайиб боряпти.
Айни мавзу Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида муҳокама қилинди.
— АҚШ урушдан қандай сценарий асосида чиқиши мумкин ва бу қайси омиллар ҳисобига?
Ҳамза Болтаев: Ҳозирги кунда АҚШнинг энг муҳим стратегик йўналишларидан бири – Хитойдан технологик устунликни сақлаб қолиш. Бундаги энг устувор йўналиш – сунъий интеллект. Сунъий интеллект ривожи учун эса энергия ресурслари, молиялаштириш ва дата-марказлар қуриш керак. Араб мамлакатларининг ана шу жараёндаги, қолаверса, АҚШ фонд бозоридаги иштироки жуда катта. Кўрфаз мамлакатлари, хусусан Саудия Арабистони ва БАА Америка ички иқтисодиётига сезиларли инвестиция киритади.
Яқинда айрим шайхлар ва араб миллиардерлари ўз ижтимоий тармоқларида ёки Яқин Шарқдаги телеканалларда маблағларини АҚШдан олиб чиқишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш беришди.
Бошқа муҳим омил – араблар нефтни АҚШ долларида сотиши. Нефт экспорт қилувчи араб мамлакатлари асосан фақат долларда савдо қилади. Ҳозир юан билан баъзи келишувлар бўлаётган бўлса-да, доллар ҳали ҳам асосий валюта сифатида мустаҳкам. Шу сабабли петродолларнинг ўзгариши – АҚШ учун катта иқтисодий ва сиёсий зарба бўлиши мумкин.
Учинчи драйвер – апрел ойи бошида Пекинда Си Жинпинг ва Доналд Трамп ўртасида учрашув бўлиб ўтади. Ҳозир Хитой оммавий ахборот воситалари ва расмийлари АҚШ президентининг Пекинга ташрифига тайёргарликдан унча мамнун эмаслигини билдирмоқда. Трамп маъмурияти эса ҳар қандай вазиятда Си Жинпинг билан учрашув бўлишини жуда муҳим деяпти.
Хитойнинг сигналидан шуни тушуниш мумкин: уруш сиз учун муҳимми ёки биз билан келишувга эришиш муҳимми, деган масалага секин-секин ишора қилинмоқда. Бу сигнал Трампнинг кечаги сўзларидан олдин сиздирилган.
Шунингдек, Хитой босиқ баёнотлар орқали АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларидан норозилигини кўрсатмоқда.
Фарҳод Толипов: Қўшимча қилиб айтиш жоизки, шу йил ноябрида Конгрессга ўтказиладиган оралиқ сайловлар бор. Ҳозир Конгрессдаги республикачилар орасида ҳам танқидий кайфиятлар кучайиб боряпти. Уруш чўзилса, Америкада ҳам талафотлар ошиб бораверади. Бу эса сайловда республикачиларнинг позициясини ёмонлаштиради.
Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.