Жаҳон | 23:57 / 14.03.2026
552
2 дақиқада ўқилади

Туркия ўзини Яқин Шарқдаги можарога тортишларига йўл қўймайди - Фидан

13 март куни Туркия мудофаа вазирлиги НАТО ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Эрондан учирилган баллистик ракетани уриб туширгани ҳақида маълум қилганди. Бу низо бошланганидан бери содир бўлган учинчи ҳолатдир.

Фото: Туркия ТИВ

Туркия Яқин Шарқдаги тўқнашувлар фонида провокацияларга қатъиян қарши туради, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан. 

"Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг қатъий позицияси туфайли барча провокацияларга қаршилик кўрсатамиз ва ўзимизни бу низога тортишларига йўл қўймаймиз", — деди у Анқарада Бангладеш ташқи ишлар вазири билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида. 

Унинг сўзларига кўра, Туркия ракеталар билан боғлиқ воқеаларни ҳарбий ва дипломатик даражада муҳокама қилмоқда.

"Ташвиш ва огоҳлантиришларимизни эронлик ҳамкасбларимизга етказамиз", — дея қўшимча қилди у. 

13 март куни Туркия мудофаа вазирлиги НАТО ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Эрондан учирилган баллистик ракетани уриб туширгани ҳақида маълум қилганди. Бу низо бошланганидан бери содир бўлган учинчи ҳолатдир.

Аввалроқ Эроннинг Анқарадаги элчиси Муҳаммад Ҳасан Ҳабибуллоҳзод Эрон Туркия осмонида уриб туширилган ракеталар учинчи шахслар томонидан йўлланганини тахмин қилаётганини айтганди.

Дилшодбек Асқаров
Муаллиф Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид