Президент фармони билан ҚҚСга ўтиш мезони қарийб 5 млрд сўмга етказилиб, БҲМга боғланди; савдо, хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш соҳалари учун ҚҚСнинг содда шакли жорий этилди. Шу муносабат билан Савдо-саноат палатаси ўтказган “Бизнес учун янги имкониятлар” форуми 400 дан зиёд тадбиркорни қамраб олди. Улар Kun.uz билан суҳбатда фармондаги янгиликлардан мамнун эканини билдирди.

Фармондаги таклифлар Савдо-саноат палатаси ҳамда Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши томонидан илгари сурилган.

Кенгаш аъзоси, солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджоновнинг айтишича, ҚҚС тўлашга ўтишдаги 1 млрд сўмлик чегаранинг кенгайиши бизнесни “оқ”да ишлашига стимул беради.

Image

Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджоновнинг айтишича, бу таклифлар Президент ҳузуридаги Кенгаш томонидан билдирилган. Мутахассиснинг тушунтиришича, 1 млрдлик чегаранинг ўзгариши бизнес “оқ”да ишлашига стимул беради.

“Бизнес қўрқмасдан оққа ўта олади, чунки 1 миллиардлик чегара 5 миллиардга оширилди, бу бюджет тушумлари ҳам беш баравар ошишига сабаб бўлиши мумкин. Нафақат бюджет тушуми, олдин кичкинагина бизнес билан чекланаётган одам энди 5 миллиардгача бизнесини бемалол кенгайтира олади.

Яна бир қадам – қўшилган қиймат солиғининг 6 фоизлик соддалаштирилган механизмининг жорий қилиниши. Тасаввур қилинг, 4 фоиз тўлаб турган одам олдинги режимда 1 миллиарддан кейин 12 фоизга ўтиб кетиши керак эди. Ҳозир энди 5 миллиардгача 4 фоизда туради. 5 миллиарддан кейин 12 фоизга ўтадими деса, йўқ, энди 6 фоизга ўтишга ҳаққи бор. Яъни, оғирлик қилмасдан, босқичма-босқич бизнесни кенгайтириш имконияти пайдо бўлади. Бу эса тадбиркорларнинг жуда кўпчилигини оққа киришига сабаб бўлади деб ўйлаймиз”, – дейди у.

Murod Muhammadjonov

Муҳаммаджонов умумий овқатланиш корхоналаридаги ходимлар меҳнатини расмийлаштириш имконияти пайдо бўлганини ҳам эътироф этди.

“Кафе-ресторанда ходим келиб, бир ҳафта ишлайди-ю, кейин кетиб қолади, шу сабаб кўпчилик улар билан меҳнат шартномаси туза олмасди. Ҳозир мана айнан меҳнат шартномаси тузилишини соддалаштириш механизми жорий қилиниши кўп меҳнат муносабатларини тартибга солишда катта рол ўйнаб беради, Худо хоҳласа. Бу – иш берувчиларнинг ҳам, ходимларнинг ҳам ҳуқуқий ҳимоясига хизмат қилади”, – деди мутахассис.