Катта суммадаги олди-бердиларни фақат банк орқали амалга ошириш талаби – иқтисодиётни оқартириш йўлларидан бири, лекин шунинг ўзи етарли эмас: сабабларга эътибор қаратиш ва тадбиркор нима учун қора бозорда ишлаяпти деган саволга жавоб керак, дейди Kun.uz билан суҳбатда солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов. Банк ва тўлов тизимларининг комиссиялари сабаб одамларни улкан харажатлар кутади, дейди у.

2026 йилдан бошлаб тадбиркорлик соҳасидаги ўйин қоидаларида жиддий ўзгаришлар бўлади.

1 апрелдан автомобил (ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган) ва кўчмас мулк олди-сотдиси ҳамда 25 млн сўмдан юқори ҳар қандай харидлар (қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бундан мустасно) фақат нақдсиз шаклда амалга оширилиши талаби қўйилмоқда.

Бензин, метан, пропан, дизел қуйиш шохобчалари ва электромобилларни зарядлаш станцияларида ҳам фақат нақдсиз тўлаш мумкин бўлади. Пластик картаси бўлмаган одам қонуний равишда алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотиб ололмайди. Худди шундай, коммунал тўловлар ва давлат хизматлари учун тўловлар ҳам фақат нақдсиз шаклда қабул қилинади.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан бошлаб, омборда узоқ туриб қолган импорт маҳсулотлар солиқ текширувига асос бўлиши мумкин. Шу санадан эътиборан кўчмас мулк объектлари ва қурилиш материаллари бўйича солиқ базаси ушбу товарларнинг бозор баҳосидан келиб чиқиб аниқланади.

Бу янги қоидалар тадбиркорлар учун нимани англатади? Қайси нормалар қўшимча мажбуриятларни келтириб чиқаради?

Kun.uz мухбири шу каби саволлар юзасидан солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов билан суҳбатлашди.

Кўчмас мулк олди-сотдисида айланиб ўтиш бўлаверади

— (2025 йил 10 декабрда қабул қилинган ПФ-246) фармонда яширин иқтисодиётнинг олдини олишга қаратилган кўп тадбирлар белгиланган. Бундан биринчиси – айнан нақдсиз тўловларни мажбурий қилиб қўйиш. Бунда расмий мақсад нақд пулни йўқотиш, нақдсиз тўловларни кенгайтириш бўлса, асл стратегик мақсад – қора бозорнинг олдини олиш.

Энг катта таъсир чораларидан биттаси – 25 млн сўмдан юқори савдо муносабатлари нақдсиз амалга оширилиши керак. 26 млн сўмлик мебел сотиб олсангиз ҳам ё шартнома қилиб, ёки пластик карта орқали тўлов қилишингиз шарт бўлади. Катта таъсир чораларидан яна бири – кўчмас мулк ва автомобил олди-сотдиси ҳам нақдсиз ҳисоб-китоб қилинади.