Ўзбекистонда кичик бизнес учун солиқ юки ва маъмурчилиги сезиларли енгиллашди. Тадбиркорларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, ҚҚС ва фойда солиғи тўловчисига айланиш мезони 5 млрд сўмгача оширилди. Савдо, сервис ва умумий овқатланиш соҳалари учун соддалаштирилган, 6 фоизлик ихтиёрий ҚҚС режими жорий этилди.

Хўш, бу янгиликлар амалда нимани англатади? Kun.uz янги тартибот бўйича бизнесни қизиқтираётган саволларга солиқ маслаҳатчилари Мурод Муҳаммаджонов ва Умидбек Сафаровдан жавоб олди.

– 5 миллиард сўмгача бўлган янги чегарадан кимлар фойдаланиши мумкин? Йиллик айланмаси 5 миллиард сўмгача бўлган бизнес бу янгиликлар борасида нималарни билиши керак?

Мурод Муҳаммаджонов: 5 миллиардгача деган нарсага олдин кичкинагина бир аниқлик киритиб кетсак. Бонг урилиб, ҳамма жойда 5 миллиард дейиляпти. Эртага, ҳурматли тадбиркорлар, 5 миллиардгача қилиб қўйманглар, чунки фармонда ёзилган чегара – 12 минг БҲМ. Бу – 4 миллиард 944 миллион сўмни ташкил қилади. Шунинг учун ҳам бу нарсага алоҳида урғу беряпмиз.

Шу кунга қадар 1 миллиардгача бўлган айланмага эга, айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларининг барчаси учун энди қўшилган қиймат солиғига ўтиш чегараси 4 миллиард 944 млн, яъни қарийб 5 миллиардгача қилиб белгиланди. Бу – айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларнинг барчасига тегишли. Ҳозирги кунда ишлаб келаётган, янги очилган якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам, МЧЖ, хусусий корхоналар – ҳаммага тааллуқли. Айланмадан олинадиган солиқда ишлайман дейдиган бўлса, унинг чегараси энди 1 миллиард эмас, 4 миллиард 944 млн сўм.

Энди, айнан 2026 йил ҳақида гапирадиган бўлсак, бу йил учун қарийб 5 миллиардлик чегаранинг беш ойи ўтиб бўлди. Шу сабаб 5 миллиардни 12 га бўлиб, қолган ойлар сонига – 7 га кўпайтирсак, жорий йил учун ҚҚСга ўтиш чегараси келиб чиқиши мумкин. Лекин бу – тахмин холос, бу масалага Солиқ қўмитаси аниқлик киритиши керак. Аниқлик киритилмагунга қадар, АОСда қолишни истовчи тадбиркорлар 2026 йил учун чегара 5 миллиард бўлмаслиги мумкинлигини инобатга олишлари керак. Йилнинг қолган даври – 7 ойлик чегаравий миқдор 2 млрд 884 млн сўм бўлиши, 5 миллиардлик мезон 2027 йилдан тўлақонли амал қила бошлаши мумкин.

– Айланма 5 миллиард сўмдан ошган тақдирда, нима содир бўлади? Умумбелгиланган солиққа тортиш тартибига ўтиш мажбурияти қайси санадан бошлаб ҳисобланади?