Спорт | 22:13 / 17.03.2026
3214
2 дақиқада ўқилади

Эрон миллий жамоаси ЖЧ-2026 ўйинларини Мексикада ўтказиш бўйича музокара олиб бормоқда

Қуръага кўра, Эрон миллий жамоаси ЖЧ-2026 ўйинларини АҚШ ҳудудида ўтказишига тўғри келади. Аммо давом этаётган уруш буни имконсиз қилиши мумкин.

Фото: Reuters

Теҳрон 2026 йилги жаҳон чемпионати ўйинларини Мексикада ўтказиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Эрон футбол федерацияси президенти Маҳдий Тож маълум қилди.

«Трамп Эрон терма жамоаси хавфсизлигини кафолатлай олмаслигини аниқ айтганлиги сабабли, биз Қўшма Штатларга бормаслигимиз аниқ. Биз ФИФА билан футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларини Мексикада ўтказиш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз», деди Тож.

ФИФА бунга розилик берса, Мексика 2026 йилги жаҳон чемпионатида Эрон терма жамоаси ўйинларини ўтказишда муаммога дуч келмайди, деди бунга жавобан Мексика президенти Клаудия Шейнбаум.

Трамп 12 март куни Эрон терма жамоасининг ЖЧ-2026 турнирига келишини мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблашини айтганди.

«Эрон футбол терма жамоаси жаҳон чемпионатида олқишланади, аммо мен уларнинг ҳаёти ва хавфсизлиги учун у ерга боришини ўринли бўлишига чиндан ҳам ишонмайман», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Аввалроқ, 11 март куни Эрон спорт вазири Аҳмад Дунёмолий Эрон терма жамоаси ёзда АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қиладиган турнирда иштирок этмаслигини маълум қилганди. Бироқ 16 март куни Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Теҳрондан терма жамоанинг жаҳон чемпионатидан четлатилгани ҳақида ҳеч қандай хабар олмагани маълум бўлди.

Эрон миллий жамоаси ЖЧ-2026 ўйинларини АҚШ ҳудудида ўтказишига тўғри келади. Қуръага кўра, улар Инглвуд ва Сиэтл шаҳарларида Белгия, Миср ва Янги Зеландия билан куч синашади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид