Спорт | 11:51
3281
9 дақиқада ўқилади

ЖЧ кундалиги. Кабо-Верде яна қаҳрамонлик кўрсатди, Мисрда тарихий натижа

Нимчорак финал жуфтликлари маълум.

Фото: Reuters

Жаҳон чемпионатида 1/16 финал босқичи якунланди. Босқичнинг охирги кунида Аргентина Кабо-Вердени қийинчилик билан мағлуб этди (3:2), Колумбия Гана масаласини ҳал қилди (1:0), Миср Австралияни пеналтилар сериясида мағлубиятга учратди (1:1, пен. — 4:2).

Кабо-Верде жаҳон чемпионларини қийнади

Аргентина – Кабо-Верде 2:1
Голлар: Месси, 29 (1:0). Д. Дуарте, 59 (1:1). Л. Мартинес, 92 (2:1). Лопеш Кабрал, 103 (2:2). Диней Боржес, 111 – автогол (3:2)
Аргентина:
Э. Мартинес, Л. Мартинес, Ромеро, Медина (Таляфико, 85), Молина (Монтиэл, 104), Макаллистер, Фернандес, Алмада (Алварес, 63), де Паул (Паредес, 84), Месси, Л. Мартинес (Гонсалес, 63)
Кабо-Верде: Возиня, Диней Боржес, Лопеш, Лопеш Кабрал, Морейра, Ленини (Я. Семеду, 100), Д. Дуарте (Беншимол, 100), Л. Дуарте (Монтейру, 67), Кабрал (Варела, 80), Мендеш да Граса (В. Семеду, 80), Да Кошта (Ливраменто, 67)
Огоҳлантиришлар: Монтиэл, 115 – Ленини, 68

Аргентина жаҳон чемпионати ғолиблиги учун асосий даъвогарлардан бири. Қатардаги турнир чемпионлари гуруҳ босқичида ёрқин ҳужумкор ўйин кўрсатди, жамоа етакчиси Лионел Месси ҳамон юқори спорт формасида эканини намойиш этиб, учта ўйинда олтита гол урди. Жамоа плей-оффда узоққа боришига деярли ҳеч кимда шубҳа йўқ эди. Аммо 1/16 финалдаёқ жанубий америкаликлар катта қийинчиликка учради.

Ҳолбуки Аргентина илк дақиқалардан ташаббусни қўлга олган ва кулинг брекдан кейин ҳисобни очганди. Бу сафар ҳам Месси аниқ ҳаракат қилди: у Лисандро Мартинеснинг узатмасига очилиб, жарима майдонида тўпни бир ҳаракат билан ўзига бўйсундирди ва иккинчи тегинишда тўпни яқин бурчакка жойлаштирди. Бу ушбу ҳужумчининг жаҳон чемпионатларидаги 20-голига айланди.

Шундан кейин «Албиселесте» ҳисобни йирик кўринишга келтиришига тайёрлана бошлади. Аммо Кабо-Верде кураш таклиф қилди. 59-дақиқадаги ҳужумни Дероя Дуарте гол билан якунлади – 1:1.

Аргентиналиклар босимни оширишди ва кетма-кет хавфли вазиятлар яратишди, аммо Возиняни доғда қолдира олишмади. Турнирда мухлисларнинг севимли футболчисига айланган ушбу дарвозабон саккиз бор сейв ижро этди, жумладан, яккама-якка вазиятга чиқиб келган Месси билан дуэлда устун келди.

Шунингдек, айёрона тарзда йўлланган жарима зарбасини ҳам қайтарди (бу эпизодда дарвозабон ҳали жонли девор ўрнатиш билан машғуллигида Месси зарбани ижро этиб юборди, аммо дарвозабон нарги бурчакка қараб кетаётган тўпга етиб борди).

«Акулалар» ўйинни овертаймларга олиб ўтишди ва қўшимча бўлимларда мухлислар ҳақиқий триллерга гувоҳ бўлишди – яна учта гол урилди. Кабо-Верде биринчи қўшимча бўлим стартидаёқ Мартинесдан гол ўтказиб юборишди, аммо 103-дақиқада жавоб қайтара олишди: Сидни Лопеш Кабрал чап қанотдан жарима майдонига яқинлашиб, айланма зарба берди ва олис тўққизликни аниқ нишонга олди.

Шундан кейин Месси яна ташаббусни ўз қўлига олишига тўғри келди. Дастлаб унинг жарима майдони марказидан йўллаган зарбасини яна Возиня қайтариб қолди. Иккинчи овертайм бошланганида эса у бурчак зарбасидан тўпни Кристиан Ромеронинг бошига аниқ етказиб берди, унинг зарбасидан кейин тўп ҳимоячига теккан ҳолда дарвоза тўрига бориб тушди – 3:2. Ўйиннинг охирги қисмини кабовердиликлар тўлиқ ҳужумда ўтказишди ва иккита қулай имкониятга эга бўлишди, аммо Эмилиано Мартинес ўзини кўрсатди. Аргентина қийинчилик билан бўлса-да, юришини давом эттирадиган бўлди ва 1/8 финалда Миср билан ўйнайдиган бўлди. Турнир давомида ўйиннинг асосий вақтида бирор марта ютқазмаган Кабо-Верде футболчилари эса бошини тик кўтарган ҳолда турнирни тарк этди.

Колумбия Гана тўсиғидан ўтди

Колумбия – Гана 1:0
Гол:
Ариас, 14 (1:0)
Колумбия: Варгас, Лукуми, Санчес, Мохика, Мунос, Лерма, Ариас (Кинтеро, 73), Пуэрта, Диас (Кампас, 90), Хамес Родригес (Риос, 46), Кордоба (Суарес, 8)
Гана: Ати-Зижи, Опоку, Люккассен, Менса, Сенайя (Сейду, 13), Парти, Йиренкий (Нуама, 79), Сибо (Овусу, 62), Семенйо, Иняки Уилямс (Фатаву, 62), Айю (Аду, 79)
Огоҳлантиришлар: Ариас, 12. Риос, 78 – Йиренкий, 49. Фатаву, 66. Сейду, 76

Колумбияликлар бу ўйинга яққол фаворит сифатида етиб келганди. Ва илк дақиқаларданоқ бу чемпионатда яна бир сенсация иштирокчиси бўлмоқчи эмаслигини кўрсатишга киришди.

Жанубий америкаликлар дарҳол тўпга эгалик қилишди ва рақибга амалда ҳеч қандай имкон қолдиришмади. Лекин ўйин стартидаёқ жамоа учун ёқимсиз ҳолат рўй берди. «Краснодар» футболчиси Жон Кордоба 7-дақиқадаёқ жиддий жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Колумбияликлар устози Нестор Лоренсо кутилмаганда асосий форвардни ўзгартиришга мажбур бўлди ва Луис Ҳавиер Суаресни жангга ташлади.

Жон Кордоба жароҳат туфайли ўйинни давом эттира олмади
Фото: Luke Hales/Getty Images

Кутилмаган ўзгариш ўйин темпига таъсир кўрсатмади ва тезкор гол ўзини кўп куттирмади. 14-дақиқада айнан Суарес рақиб қўйган «автобус»ни ёриб ўтди – унинг узатмасидан кейин тўп олис устун олдида бўш турган Жон Ариасга етиб борди. Ушбу вингер бир тегинишда тўпни нариги бурчак томон йўллаб, дарвозабонни доғда қолдирди.

Ганаликлар фақат бўлим охирларига келиб ўйинни жарима майдони атрофидан узоқлаштиришга муваффақ бўлди, аммо чинакамига хавфли вазиятлар ярата олишмади – африкаликлар бутун ўйин давомида бирор марта рақиб дарвозаси соҳасига тўғри борган зарба йўллашмади.

Танаффусдан кейин колумбияликлар устунлик қилишда давом этишди ва бир неча бор иккинчи голга яқин келишди. Диса дарвозани ишғол этди ҳам, аммо ҳакам офсайд ҳолати туфайли голни инобатга олмади. Якунда – минимал, аммо ишончли ғалаба сақлаб қолинди. Плей-оффнинг кейинги босқичида жанубий америкаликларни Швейцарияга қарши ўйин кутмоқда.

Мисрнинг тарихий натижаси

Австралия – Миср 1:1 (пеналтилар сериясида 2:4)
Голлар:
Ашур, 13 (0:1). Ҳани, 55 – автогол (1:1)
Пеналтилар серияси: Суттар – (0:0)(хато). Собир – (0:1). Ирвайн – (1:1). Робия – (1:2). Мабил – (2:2). Салоҳ – (2:3). Ҳеррингтон – (2:3)(устун). Абдулмажид – (2:4)
Австралия: Бич (Райан, 119), Суттар, Ҳеррингтон, Чиркати, О`Нилл (Окон-Энгстлер, 91), Ирвайн, Беҳич, Бос (Труин, 46), Меткалф (Мабил, 91), Волпато (Хрустич, 74), Иранкунда (Туре, 74)
Миср: Шубайр, Ёсир Иброҳим, Робия, Ҳофиз (Трезеге, 80), Ҳани, Фати (Абдулмажид, 67), Атея (Собир, 120+1), Мармуш (Абдулкарим, 106), Ашур, Салоҳ, Зико (Ҳасан, 67)
Огоҳлантиришлар: Ҳасан, 104. Ёсир Иброҳим, 120

Австралия ва Миср жуфтлиги 1/16 финал босқичидаги энг «зерикарли» жуфтликлардан бири сифатида кўрилаётганди. Сабаби оддий – икки жамоа ҳам гуруҳ босқичида ёрқин ўйинлар кўрсата олмаган ва фақат нисбатан кучсиз гуруҳларда иштирок этишгани учун плей-оффга чиқишганди. Шу билан бирга, «соккеруз» мустаҳкам ҳимояга эгалигини намойиш этиб, гуруҳ босқичида икки ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолганди.

Лекин «фиравнлар»га қарши ўйинда австралияликлар ҳимояси узоқ дош бера олмади – 13-дақиқадаёқ Имом Ашур Карим Ҳофизнинг узатмасини голга айлантирди. Шундан кейин ўйин кутилган сценарий бўйича кечди ва мисрликлар ҳисобга қараб ўйнашди. Аммо иккинчи бўлим бошида австралияликлар ҳисобни тенглаштиришди. Мисрликлар ҳимоячиси Муҳаммад Ҳани автогол муаллифига айланди.

Жамоадошлари Муҳаммад Ҳанига далда беришмоқда
Фото: Hector Vivas/Getty Images

Ушбу ҳимоячи шу турнирнинг ўзида иккинчи бор ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди ва ЖЧ тарихида бундай натижа қайд этган иккинчи футболчига айланди – биринчиси 1966 йилда болгариялик Иван Вуцов бўлганди.

Ҳисоб тенглашганидан кейин ўйин яна сокинлашди. Жамоалар вақти-вақти билан олдинга ўтишди, аммо яққол вазиятлар юзага келмади – қўшимча бўлимлар ҳам шу руҳда ўтди ва ўйин тақдири пеналтилар сериясида ҳал этиладиган бўлди. Футбол лотереясида эса мисрликларга омад кулиб боқди – жамоа асосий юлдузи Муҳаммад Салоҳ эса «паненка» зарбаси ижро этди. «Фиравнлар» тарихий натижага эришди – жамоа ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати 1/8 финалида ўйнайди.

Нимчорак финал жуфтликлари

Навбатдаги ўйинлар

Олдинда мухлисларни 1/8 финал босқичи кутмоқда — 4 июл куни кечқурун ва 5 июлга ўтар кечаси қуйидаги учрашувлар бўлиб ўтади:

22.00. Канада — Марокаш
02.00. Парагвай — Франция

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид