Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исломий молия – “ётган” пулни иқтисодиётга олиб кириш воситаси
“Ёстиқ остида” сақланадиган пуллар жамиятга фойда келтирмайди: пул қўлдан қўлга ўтса, банкларда айланса, фойда манбасига айланади. Туриб қолган пуллар иқтисодиётда ишлай бошласа, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади. Исломий молия – ишламай ётган пулларни “ҳаётга” чақирувчи омиллардан бири.
Фото: Kun.uz
Амалда аҳоли қўлидаги маблағларнинг салмоқли қисми ҳали ҳам расмий молиявий тизимдан четда қолмоқда. Бу ҳолатни Марказий банкнинг 2025 йилда 1200 нафар респондент иштирокида ўтказилган миллий сўрови ҳам тасдиқлайди. Унга кўра, аҳолининг қарийб 50 фоизи жамғармасини банкда эмас, балки уйида ёки ҳамёнида нақд шаклда сақлашини айтган. Атиги 7 фоиз аҳоли маблағини расмий жамғарма воситалари орқали сақлаётганини билдирган. Яна қарийб 8 фоиз респондент маблағини чорва, мол-мулк ёки бошқа усулларда сақлаётгани, тахминан 7 фоизи эса норасмий жамғарма гуруҳларида пул жамғариши қайд этилган.
Бу рақамлар иқтисодиётда ишлаши мумкин бўлган сезиларли ички молиявий ресурс ҳали тўлиқ банк ва молия тизими орқали иқтисодий айланмага жалб этилмаганини кўрсатади.
Масала фақат одамлар пулни қаерда сақлаётганида эмас, асосий савол – нега ватандошларнинг ярми амалдаги молиявий воситаларни ўзига мос деб билмаётганида.
Кимдир маблағини тез ишлатиш учун нақд сақлайди, кимдир расмий молиявий маҳсулотларга ишонмайди, яна кимдир пули аниқ актив, реал товар ёки тушунарли лойиҳа билан боғланган ҳолда ишлатилишини афзал кўради. Демак, бу ерда гап фақат молиявий одатларда эмас, балки бозорда ишончли, содда ва эҳтиёжга мос воситалар етарли эмаслигида.
Пулни уйда сақлаш кам ҳолатларда иқтисодий жиҳатдан самарали. Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил декабр якунида йиллик инфляция 7,3 фоизни ташкил қилган. Йил бошида 1 доллар 12 904,91 сўм бўлган бўлса, йил охирида 12 025,33 сўмни ташкил этган. Бу рақамлар – “маблағни пассив ҳолда сақлаб туриш фойдалими?” деган саволга жавоб.
Молиявий бозорда танлов ва эҳтиёжга мос ечимлар етарли бўлмагани аҳоли жамғармаларининг ишламай ётишига, қийматини йўқотишига сабаб бўляпти.
Бу жойда исломий молия ҳақида сўз очиш ўринли бўлади.
Исломий молияга фақат диний ёки тор ихтисослашган молиявий йўналиш сифатида эмас, балки иқтисодиётга кирмай турган маблағни расмий ва ишончли механизмлар орқали айланмага жалб қилиш воситаси, бозорда ҳозирча тўлиқ қамраб олинмаган талабга жавоб бериш воситаси сифатида қараш керак.
Агар турли эҳтиёж ва қарашларга мос молиявий воситалар бўлса, иқтисодиёт ҳам кенгроқ қатламни фаолликка жалб қила олади.
Бундай қўшимча молиявий йўналишга Ўзбекистонда реал иқтисодий эҳтиёж борми? Бор. Жаҳон банкининг 2025 йил декабр ойидаги расмий маълумотига кўра, Ўзбекистонда микро, кичик ва ўрта бизнес жами тадбиркорлик субъектларининг 90 фоизидан ортиғини ташкил қилади, умумий бандликнинг 75 фоизини таъминлайди ва ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 55 фоизини яратади. Бироқ айнан шу сегмент капиталга чиқишда жиддий тўсиқларга дуч келмоқда: микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг учдан биридан кўпроғида банк ҳисобварағи йўқ, савдоларнинг 30 фоизидан ками электрон шаклда амалга оширилади, кредитдан фойдаланиш даражаси эса ҳали ҳам пастлигича қолмоқда.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда микро, кичик ва ўрта бизнеснинг кредитга бўлган эҳтиёжи тахминан 13 миллиард долларга баҳоланган, бу йўналишда 6 миллиард долларлик молиялаштириш бўшлиғи мавжуд.
Шу билан бирга, бизнесини кенгайтиришни мақсад қилган корхоналар фақат кредит эмас, балки хусусий капитал инвестицияларига ҳам эҳтиёж сезмоқда. Бу соҳадаги талаб 20–30 миллиард доллар деб баҳоланган. Бироқ мамлакатда фаолият юритаётган учта хусусий капитал фондининг жами мажбурият олинган капитали атиги 2 миллиард долларни ташкил этади. Бу эса масала фақат молия етишмаслигида эмас, балки иқтисодиётнинг фаол қисми учун мос ва етарли молиявий инструментлар ҳали ҳам чекланганини кўрсатади.
Шу нуқтадан қаралганда, исломий молиянинг амалий аҳамияти янада яққол намоён бўлади. Чунки кўп тадбиркорларга шунчаки нақд пул эмас, балки аниқ эҳтиёжига мос молиялаштириш керак бўлади: кимгадир ускуна зарур, кимгадир хомашё, кимгадир товар захираси, кимгадир транспорт, кимгадир ишлаб чиқариш буюртмасини бажариш учун айланма ресурс зарур бўлади. Исломий молияда муробаҳа орқали товар ёки ускуна олиб бериш, ижара орқали активдан фойдаланиш, салам ва истисна орқали қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқаришни молиялаштириш, айрим ҳолларда эса шерикчилик асосида молиялаштириш ҳам мумкин. Шу жиҳатдан, у реал сектор эҳтиёжларига яқинроқ мос келади ва айниқса савдо, хизмат кўрсатиш, логистика, қишлоқ хўжалиги ҳамда кичик ишлаб чиқариш соҳалари учун муҳим аҳамият касб этади.
Яна бир муҳим томони – у иқтисодиётни тартибга ва шаффофликка яқинлаштиради. Албатта, исломий молия якка ўзи яширин иқтисодиётни бартараф этиб қўймайди. Лекин у айрим норасмий айланмаларни қисқартиришга ёрдам бериши мумкин. Чунки бундай молиялаштириш шаклларида одатда реал товар, реал хизмат, аниқ шартнома, ҳисоб-фактура, электрон тўлов ва ҳужжатлаштириш муҳим ўрин тутади. Натижада иқтисодий оперaциялар норасмий ва “кўринмайдиган” ҳолатдан расмий, ҳужжатлашган ва ҳисобли шаклга ўтади. Бу эса нафақат бизнес учун, балки банклар, инвесторлар ва регулятор учун ҳам муҳим.
Ўзбекистон иқтисодиётида молиялаштиришга бўлган талаб юқори. Шунинг учун бу эҳтиёжни фақат анъанавий молия тизими орқали эмас, балки турли молиявий механизмлар орқали қоплаш зарур. Агар шундай шароитда молиявий тизимга ишончли, ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинган ва турли эҳтиёжларга мос янги воситалар киритилса, бу ички ресурсларни иқтисодиётга жалб қилиш имкониятини кенгайтиради. Бу ерда масала фақат “янги маҳсулот”да эмас, балки иқтисодиётга қўшимча ресурс жалб қилиш ва ишончни янада мустаҳкамлашдадир.
Ўзбекистонда исломий молия энди назарий муҳокама босқичида эмас. Сенат 2026 йил 5 февралда исломий банк фаолиятини жорий этишга оид қонунчилик ўзгаришларини маъқуллади. Энди асосий вазифа уни фақат ҳуқуқий жиҳатдан жорий этиш эмас, балки реал иқтисодий эҳтиёж, бозор талаби ва аниқ молиявий маҳсулотлар билан таъминлашдан иборат.
Исломий молиянинг муҳим қирраси шундаки, у фақат тижорат билан чекланиб қолмай, ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағларни ҳам тартибли, шаффоф ва барқарор механизмлар орқали бошқариш имконини беради. Шу жиҳатдан вақф ва хайрия институтлари иқтисодиётга тўлиқ кирмай турган ресурсларни самарали ишга солишнинг ижтимоий кўриниши сифатида аҳамиятга эга.
2026 йил 17 февралдаги президент қарори билан Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш учун “Вақф” хайрия жамоат фондига 800 миллиард сўм ажратилиши ҳам бу йўналишга давлат даражасида эътибор ортиб бораётганини кўрсатади. Шу боис, келгусида вақф қонунчилигини ишлаб чиқиш ва вақфга ихтисослашган молиявий институт ёки Вақф банкини ташкил этиш ижтимоий маблағларни янада самарали, шаффоф ва узлуксиз бошқаришга хизмат қилиши мумкин.
Масала янги шиор ўйлаб топиш эмас, иқтисодиётга кирмай турган маблағларни ишга солиш, ички жамғармаларни фаоллаштириш, кичик ва ўрта бизнес учун мос молиявий ечимлар яратиш ва айрим норасмий айланмаларни шаффоф майдонга олиб чиқиш. Исломий молиянинг Ўзбекистон учун аҳамияти хусусан шу билан муҳим. Дарвоқе, у мавжуд молия тизимига тўсиқ ёки хавф эмас, аксинча, уни тўлдирувчи, иқтисодиётга янги ресурс, янги танлов ва янги имконият олиб кирувчи қўшимча механизмдир.
Искандар Турсунов
исломий молия бўйича мутахассис
Al Muamalat Consulting асосчиси ва директори