Жаҳон | 16:12
1836
2 дақиқада ўқилади

Исроил Эрон разведка вазири ўлдирилганини маълум қилди

Исмоил Хатиб Али Хоминаийнинг яқин сафдошларидан бири бўлган.

Эрон разведка вазири Исмоил Хатиб Теҳронда Исроил авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Исроил мудофаа вазири Исраэл Кацга асосланиб, Times of Israel хабар тарқатган. 

Кацнинг сўзларига кўра, зарба 18 мартга ўтар кечаси йўлланган.

«Эронга берилаётган зарбалар интенсивлиги ошиб бормоқда. Бу кеча Эрон разведка вазири Хатиб ўлдирилди», – деди Кац.

У ўзи ва мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу «Исроил мудофаа армиясига Эроннинг исталган юқори мартабали арбобини қўшимча тасдиқларсиз [йўқ қилишга] рухсат бергани»ни айтган.

Эрондагилар ҳозирча Хатибнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқламади ва рад этмади.

Исмоил Хатиб Эрон разведкаси раҳбарлигига 2021 йилда тайинланганди. У марҳум диний раҳнамо Али Хоминаийнинг яқин сафдошларидан бири бўлган.

Ўтган ҳафта АҚШ давлат департаменти Эроннинг юқори мартабали мулозимлари ҳақидаги маълумот учун 10 млн доллардан мукофот эълон қилган, бу рўйхатда Мужтаба Хоминаий ва Али Ларижоний билан бир қаторда Исмоил Хатибнинг ҳам номи қайд этилганди.

17 март куни Исроил авиазарба оқибатида Эрон хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижоний ўлдирилганини хабар қилганди. Кейинроқ бу маълумот Эрон расмийлари томонидан тасдиқланди. Ларижоний билан биргаликда унинг ўғли Муртазо ва унинг қўриқлаш хизмати бошлиғи ўринбосари Алиризо Беят ҳам ҳалок бўлган. Шу куни Исроил ҳарбийлари «Басиж» қўмондони (Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси таркибига кирувчи бўлинма) Ғуломризо Сулаймонийни ҳам ўлдиришган.

Али Ларижоний – Эронда Али Хоминаий ҳалокатидан кейин ўлдирилган энг юқори мартабали мулозим бўлмоқда. The New York Times АҚШ ва Исроил ҳужуми бошланишидан олдин мамлакатда амалдаги ҳокимият айнан Али Ларижонийнинг қўлига ўтгани ҳақида ёзганди, Али Хоминаий январда унга намойишларни бостириш ва урушга тайёргарлик кўриш топшириғини берганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид