Жаҳон | 13:27
1592
5 дақиқада ўқилади

Исроилда Эроннинг ракета ҳужуми оқибатида икки киши ҳалок бўлди

Эрон Исроилнинг марказий қисмига ракета ҳужумини амалга оширди ва буни Ислом Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби Али Лорижонийнинг ҳалок бўлиши учун қасос деб атади. Рамат-Ган шаҳрида бир эркак ва бир аёл вафот этди.

Фото: Jamal Awad/Xinhua/picture alliance

Тел-Авивдан шарқда жойлашган Исроилнинг Рамат-Ган шаҳрида Эроннинг ракета зарбаси оқибатида жароҳат олган бир эркак ва бир аёл олган жароҳатлари туфайли вафот этди. Бу ҳақда Исроилнинг Magen David Adom қутқарув хизмати 18 март, чоршанбага ўтар кечаси хабар қилди. ОАВ маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар ёши 70–80 оралиғида бўлган кекса жуфтликдир.

Эълон қилинган фото ва видеоларга қараганда, ракета турар жой биносига келиб урилган.

Тел-Авив яқинида жойлашган яна бир шаҳар — Бней-Бракда, худди шу қутқарув хизмати маълумотига кўра, қўлидан енгил парча жароҳати олган эркак касалхонага олиб кетилган.

Шунингдек, ракета зарбаси Тел-Авивдаги Савидор темирйўл станциясига ҳам зарар етказгани хабар қилинмоқда. Ушбу станция орқали поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилди. ОАВ хабарларига кўра, Исроилнинг марказий қисмида ёнғин хизмати ракета ҳужумлари туфайли юзага келган бир неча ёнғинни ўчирган.

Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) ўзининг Telegram-каналида вайронага айланган темирйўл станциясида қутқарув хизматлари ишини акс эттирувчи фотосуратларни эълон қилди. Постда шундай дейилади: “Қидирув ва қутқарув хизматлари Исроил марказий қисмининг зарбалар ҳақида хабарлар келиб тушган бир нечта ҳудудида иш олиб бормоқда, қидирув ишларини ўтказмоқда ва воқеа жойида тинч аҳолига ёрдам кўрсатмоқда”.

Dpa агентлиги қайд этишича, Исроил томонга учирилган ракеталарнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан тутиб қолинган. Бироқ мамлакатнинг марказий қисмида бир нечта нишонларга тегиб тушиш ҳолатлари ҳам қайд этилган. Исроил ҳарбийлари аҳолини бу ҳужумлар содир бўлган жойларга яқинлашмасликка чақирди.

Шу орада Эрон телевидениеси Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) баёнотини эфирга узатди. Унда Эрон Тел-Авив яқинидаги ҳудудларга ўрта масофали “Ҳуррамшаҳр-4” баллистик ракеталари (бошқа номи — “Ҳайбар”) ва узоқ масофали “Қодир” ракеталари ёрдамида ҳужум қилгани айтилган. ИИМК бу ҳужумларни Ислом Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби Али Лорижонийнинг йўқ қилиниши учун Исроилдан олинган қасос деб атади.

18 мартга ўтар кечаси давомида, турли давлатлар расмийлари маълумотига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Кувайт, Саудия Арабистони, Баҳрайн ва Бирлашган Араб Амирликларида, жумладан Дубайда ҳам ишга туширилган. AFP агентлиги ҳам ўз мухбирларига таяниб, Дубайда бир нечта кучли портлашлар юз бергани ҳақида ёзмоқда.

18 март куни Австралия бош вазири Энтони Албанезе маҳаллий вақт билан соат 9:15 да Эрон снаряди БААдаги Ал-Минҳад авиабазаси яқинига тушганини маълум қилди. У ерда Австралия ҳарбийлари жойлашган. AFP унинг бу борадаги баёнотидан иқтибос келтириб шундай ёзади: “Австралия фуқароларидан ҳеч ким жабрланмагани ва барчаси мутлақо хавфсиз эканини ишонч билан айта оламан”.

Шу билан бирга, Саудия Арабистони шаҳзода Султон номидаги авиабаза яқинида баллистик ракета тутиб қолинганини маълум қилди. Ушбу базада АҚШ ҳарбий хизматчилари ва жанговар самолётлари жойлашган.

18 мартга ўтар кечаси Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги шу куни Ар-Риёдда араб ва ислом давлатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтишини маълум қилди. Унда минтақадаги вазият ва Яқин Шарқ хавфсизлигини таъминлаш учун иштирокчи давлатлар ҳаракатларини мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинади. Хабар чоп этилган вақтга қадар бу учрашувда қайси давлатлар иштирок этиши ҳақида хабар берилмаган эди.

АҚШ ва Исроил 28 феврал куни Эронга ҳаво зарбалари берган эди. Шундан сўнг Теҳрон Форс кўрфази минтақасидаги қўшни давлатларга ракета ва дронлар ёрдамида ҳужум қила бошлади. Ислом Республикаси баёнотларига кўра, бу ҳужумларнинг нишонлари минтақадаги Америка ҳарбий базаларидир. Эрон зарбалари остида Форс кўрфазидаги айрим давлатлардаги нефт омборлари ва нефт танкерлари ҳам қолган.

Уруш бошланганидан бери Эрон ҳужумларидан Озарбойжон ва Европа Иттифоқига аъзо бўлган Кипр ҳам жабр кўрган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид