Жаҳон | 11:07
1774
9 дақиқада ўқилади

Учувчисиз қурилмалар тайёрлашда илгарилаб кетган форслар – АҚШ Эроннинг дрон ташувчи кемасини йўқ қилдими?

2026 йил 2 март куни АҚШ томони Эроннинг дрон ташувчи “Шаҳид Боқирий” кемасини йўқ қилганини айтиб чиқди. Форслар буни рад этди. Кўп ўтмай АҚШ бош қўмондонлиги кемага иккита ракета зарбаси берилгани тасвирланган видеони эълон қилди. Бу орада Россия ОАВлари ҳам кема сафдан чиқарилгани ҳақида ёзди. Америкаликлар ҳақиқатан “Шаҳид Боқирий”ни йўқ қилганга ўхшаяпти.

Сўнгги йилларда содир бўлаётган урушларда жанг услуби бироз ўзгарди. Энди урушда учувчисиз қурилмалар, яъни дронлар асосий жанг қуролига айланиб бормоқда.

Урушаётган томонлар уларнинг жуда кичигидан тортиб, самолётларга ўхшатиб ясалган йирикларигача фойдаланишяпти.

Дронлар муҳим рол ўйнаган биринчи уруш – бу Озарбойжоннинг Қорабоғни озод қилиш учун арманларга қарши олиб борган уруши эди.

Унда озарбойжонлар Туркияда тайёрланган Bayraktar дронларидан фойдаланганди. Ўшанда Озарбойжон армияси бу дронлар ёрдамида душман марраларини муваффақиятли нишонга олган ва бу ғалабага катта ҳисса қўшганди.

2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб кирди ва кўп ўтмай икки томон ҳам дронлардан фойдалана бошлади. Кейинроқ Украина турли ўлчамдаги ўз дронларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Россия эса ўзи ишлаб чиқарган учувчисиз қурилмалар самара бермагач Эрондан “Шаҳид” дронларини ола бошлади. Кейинроқ шу дронларни “Геран-2” номи билан Россияда йиғиш бошланди.

Россия Эрон дронларини уваффақиятли ишлата бошлагач форслар учувчисиз қурилмаларни тайёрлашда анча илғорлаб кетгани маълум бўлди.

Эронда дрон ишлаб чиқариш тарихи

Эронда учувчисиз бошқариладиган аппаратлар тарихи 1980-йилларга бориб тақалади. Жумладан, бу давлат 1985 йилда “Муҳожир” ва “Абобил” номли учувчисиз аппаратларни тайёрлаган эди. Ўша пайтда Эрон қўшниси Ироқ билан уруш олиб бораётганди.

1979 йилда содир бўлган инқилобдан сўнг Ғарб томонидан жорий этилган санкциялар, шунингдек Ироқ билан уруш мамлакат иқтисодиётини заифлаштиради. Шу сабабли 1990 йилларда Эронда дронларни такомиллаштириш, янгиларини ишлаб чиқариш бирмунча сустлашади.

Бироқ 2000 йилларга келиб форслар учувчисиз аппаратлар яратиш, уларни мукаммаллаштириш ишларини бошлайди. Кўп ўтмай “Шаҳид” туридаги илк дронлар ишлаб чиқарилади.

Кейинроқ форслар уни такомиллаштиради ва “Шаҳид-107” дронини ясаб чиқади. 2010-йилларда “Шаҳид-129” ва 2020 йилда “Шаҳид-136” дронини ишлаб чиқариш бошланади.

Россия Украинага бостириб киргач Эрондан айнан “Шаҳид-136” дронларини олади. Россияда йиғилаётган “Геран-2” айнан шу дрон ҳисобланади.

Шунингдек, Эрон “Муҳожир” туридаги учувчисиз қурилмаларни ҳам такомиллаштиради ва 2018 йилдан бошлаб “Муҳожир-6” дронларини ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.

Форслар 2013 йилдан бошлаб “Араш” туридаги дронларни тайёрлай бошлайди. 2019 йилда “Араш-2” дрони ясаб чиқилади.

Бундан ташқари, Эрон турли йилларда “Сина”, “Абобил” ва “Фотрос” турига кирувчи дронлар ясаб чиқади ва уларни такомиллаштиради.

Умуман олганда Эроннинг энг муваффақиятли лойиҳаси “Шаҳид” турига кирувчи дронлар бўлиб, форслар унинг “Шаҳид-131”, “Шаҳид-171” ва “Шаҳид-191” моделларини ҳам ясаб чиққан.

Эрон дронларининг оммалашувига уларнинг арзон ҳам сабаб бўлди. Масалан, бир дона “Шаҳид-136” дронининг нархи унинг жиҳозланишига қараб 20 мингдан 50 минг долларгача етади.

Таққослаш учун, Туркиянинг “Bayraktar TB2” дронлар тўплами, унда 6 та учувчисиз қурилма, иккита бошқарув маркази ва 200 та ракета ҳамда бомбадан иборат қурол-яроғ бор, 70 млн доллар атрофида нархланади.

Яъни “Baykar Makina” компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган ҳар бир дрон ракета ва бобалари билан 10 млн доллар атрофида туради. Демак, Эрон дронлари улардан ўртача 30 баравар арзон.

Кейинчалик, гарчи санкциялар остида яшаган бўлса-да дрон ишлаб чиқаришда ривожланган давлатларни ортда қолдирган Эрон дрон ташувчи кемага эга бўлди.

Дунёдаги биринчи ва ягона дрон ташувчи кема

Эрон учувчисиз қурилмаларни ишлаб чиқаришни ривожлантирар экан, ҳарбий-денгиз флоти бор бу давлат дрон ташувчи кемага эга бўлишни мақсад қилади.

Форслар эски контейнер ташувчи кемани сотиб олади ва уни қайта жиҳозлаб дрон ташувчи кемага айлантиради. Сўнг уни Эрон-Ироқ урушида ҳалок бўлган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳарбий ҳаво-кучлари қўмондони Амир Баҳман Боқирий шарафига “Шаҳид Боқирий” деб номлайди.

Бу кема 1990-йиллар охирларида Жанубий Кореянинг “Ҳюндай” компанияси томонидан ишлаб чиқарилади ва 2000 йилда сувга туширилади.

Кеманинг узунлиги 240, эни 32 метр бўлиб, у узоқ йиллар давомида турли компанияларга хизмат қилади ва дунё бўйлаб асосан контейнер ташийди.

Бу кемани Эрон қачон ва қайси компаниядан сотиб олгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Уни илк марта 2023 йилда Эрон соҳиллари яқинида турганида пайқашган.

Эрон қарийб икки йил давомида кемани дрон ташиш учун қайта жиҳозлайди ва 2024 йил августда унинг суратлари аввал Телеграмда, сўнг Х (собиқ Твиттер) ижтимоий тармоғида эълон қилинади.

Кема 2024 йил ноябрда Бандар-Аббос портида сувга туширилади ва у Ислом инқилоби қўриқчилар корпуси тасарруфига берилади.

Кемани синовдан ўтказиш 2024 йил 13 ноябрда бошланади ва 2025 йил февралгача давом этади. 2025 йил 6 феврал куни “Шаҳид Боқирий”нинг тақдимоти ўтказилади.

Ўшанда унинг бортида “Абобил-3”, “ЖАС-313”, “Муҳожир-6” дронлари, “Белл” ва Ми-171 вертолётлари тургани кўрсатилади. “Шаҳид Боқирий” бортига 30 та тез ҳаракатланувчи зарбдор катерлар ҳам жойлаштирилган.

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси генерали Ҳусайн Саломий бу дрон ташувчи кема денгизда бир йил бемалол сузиб юра олишини айтганди.

“Шаҳид Боқирий”да учувчи қурилмалардан ташқари зенит ракеталари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва қанотли ракеталар жойлаштирилган. Унда ҳарбийларни даволашга мўлжалланган госпитал ҳам бор.

“Шаҳид Боқирий”нинг бортидаги учиш-қўниш йўлакчаси узунлиги 180 метр бўлиб, ундан Эронда тайёрланган аксарият дронлар парвоз қила олади.

Дрон ташувчининг борти худди АҚШнинг авиаташувчи кемалари бортига ўхшаб кетади. Бунда ҳам кема бортининг бир чети баландроқ, яъни трамплин тарзда қилинган ва дронлар ўша жойдан ҳавога кўтарилади.

Кема АҚШ томонидан йўқ қилиндими?

2026 йил 28 феврал куни АҚШ ҳамда Исроил Эронга ракета ва авиация зарбалари бера бошлади. Оқибатда бу давлатдаги кўплаб объектлар вайрон бўлди, юқори лавозимли шахслар йўқ қилинди.

Жумладан, Эрон олий раҳбари Али Хоминаий, мудофаа вазири Азиз Носирзода, қуролли кучлар бош штаби бошлиғи Абдулраҳим Мусавий, қуруқликдаги қўшинлар қўмондони Муҳаммад Покпур, мудофаа кенгаши котиби Али Шамҳоний ва бошқалар ҳалок бўлди.

Эрон ҳам қараб турмаяпти ва бунга жавобан Форс кўрфазида жойлашган БАА, Қатар, Баҳрайн давлатларидаги АҚШ ҳарбий базаларига ва Исроилга жавоб зарбалари йўлламоқда.

2026 йил 2 март куни АҚШ бош қўмондонлиги Эроннинг дрон ташувчи кемаси йўқ қилингани ҳақида хабар берди. Форслар буни рад этиб чиқди.

Бироқ кўп ўтмай турли ОАВлар, улар орасида Эроннинг яқин иттифоқчиси бўлган Россия сайтлари ҳам бор, “Шаҳид Боқирий” ҳақиқатан йўқ қилингани ҳақида ёзди.

Бу орада АҚШ томони “Шаҳид Боқирий”нинг қандай тарзда йўқ қилингани тасвирланган видеони ҳам эълон қилди. Унга кўра, америкаликлар кемага икки марта ракета зарбаси берган.

Ракеталарнинг бири кеманинг марказига, иккинчиси бортнинг чет қисмига урилган. Оқибатда кема жиддий шикастланган ва сафдан чиққан.

Ғайрат Йўлдошев
Муаллиф Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид