Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон уруш ва иқтисодий инқироз фонида рекорд қийматдаги банкнотни муомалага чиқарди
10 миллион риёллик янги банкнотанинг муомалага киритилиши инфляциянинг тез ўсиши ва аҳоли ўртасида нақд пулга бўлган талабнинг кескин ошиши билан боғлиқ.
Фото: CBI
Эрон расмийлари мамлакат тарихидаги энг йирик 10 миллион риёллик янги банкнота муомалага киритди. Теҳроннинг бу қадами инфляциянинг тез ўсиши ва аҳоли ўртасида нақд пулга бўлган талабнинг кескин ошиши билан боғлиқ, деб ёзди РБК.
Язддаги Жомеъ масжиди ва қадимий Бом қалъаси тасвирланган янги пушти банкнотлар шу ҳафтада банкларда чиқди. Эронликлар банкоматлар олдида узун навбатларда туришади, шунинг учун уларда нақд пул тез тугамоқда.
Кўп сонли нолларга қарамай, банкнотнинг ҳақиқий қиймати атиги 7 доллар атрофида. Аввалги рекорд яқинда, февраль ойи бошида чиқарилган 5 миллион риёллик купюрага тегишли бўлиб, бу миллий валютанинг қадрсизланиш тезлигини кўрсатади.
Фуқароларнинг оммавий равишда нақд пулга ўтишига нафақат иқтисодий омиллар, балки рақамли тўловларнинг барқарорлиги билан боғлиқ хавотирлар ҳам сабаб бўлмоқда. Давом этаётган ҳарбий можаро ва АҚШ ҳамда Исроилнинг мамлакат инфратузилмасига зарбалари фонида эронликлар электрон тизимлар ишламай қолишидан қўрқиб, оммавий равишда пул ечишни бошлади.
Вазият 11 март куни ҳам ҳарбий, ҳам тинч аҳолига хизмат кўрсатувчи Sepah банки биносига ракета ҳужумидан кейин кескинлашди. Гарчи банкда банкомат ва карталардан фойдаланиш имконияти тиклангани айтилган бўлса-да, аҳоли орасида ваҳима юзага келди, бу эса улкан навбатлар ва кассалардаги нақд пул захираларининг тезда тугашига олиб келди.
Эрон Марказий банки бозорни тинчлантиришга уриниб, янги банкнотнинг чиқарилиши фақат фуқароларнинг пулга эга бўлишини осонлаштиришга қаратилганини, рақамли банкинг эса устувор восита бўлиб қолаётганини айтди. Бироқ, Financial Times экспертлари буни чуқур инқирознинг яна бир далили сифатида кўрмоқда.
Таъкидланишича, мамлакат иқтисодиёти йиллар давомида санкциялар, нефть экспортидан даромадларнинг пасайиши ва юқори даражадаги коррупциядан азият чекмоқда. Шуниси эътиборга лойиқки, янги банкнотларда нолларнинг бир қисми сезилар-сезилмас шрифтда ёзилган - бу ҳукуматнинг деноминация ўтказиш ва миллий валюта қийматидан тўртта нолни расман олиб ташлаш режалари билан боғлиқ.