Жаҳон | 22:43 / 21.03.2026
2038
3 дақиқада ўқилади

«Мужтаба жумбоғи» АҚШ ва Исроилни Эроннинг ҳақиқий етакчисини излашга мажбур қилмоқда

АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ва Исроилнинг «Моссад» разведкаси Эроннинг янги олий раҳбари деб эълон қилинган Мужтаба Хоминаий ҳақиқатан ҳам мамлакат раҳбарига айлангани ҳақида тасдиқ олишга ҳаракат қилмоқда.

Фото: Hamed Jafarnejad/ISNA/WANA

Ўлдирилган Али Хоминаий ўғлининг раҳбар сифатидаги салоҳиятига шубҳа унинг узоқ вақт давомида жамоатчилик олдида кўриниш бермагани туфайли пайдо бўлди. Бу ҳақда Axios манбаларга таяниб хабар берди.

Мужтаба АҚШ ва Исроил ҳарбий операцияси бошланганидан бери йўқолиб қолди. Унинг 12 март куни халққа мурожаати бошловчи томонидан ўқиб эшиттирилди. Яна бир мурожаат 20 март куни тарқатилди. Axios манбаларига кўра, Америка ва Исроил махсус хизматлари Мужтабанинг Наврўз байрами муносабати билан чиқиш қилишини кутган, бироқ якунда фақат ёзма баёнот эълон қилинди.

«Бизда айнан у буйруқ бераётгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ», деб нашр Исроилнинг юқори мартабали амалдоридан иқтибос келтирди. Axios суҳбатдошларидан яна бири вазиятни «ўта ғалати» деб атади.

«Биз эронликлар марҳумни олий етакчи сифатида сайлаш учун шунча машаққатларга боради, деб ўйламаймиз, бироқ шу билан бирга, бизда унинг мамлакатни бошқараётгани ҳақида далиллар йўқ», деб маълум қилди манба. Унинг айтишича, Марказий разведка бошқармаси Наврўз байрами муносабати билан эълон қилинган кичик Хоминаий суратлари янгилигини текширишга ҳаракат қилмоқда. Axios суҳбатдошининг таъкидлашича, Эрон президенти Масъуд Пизишкиён, ўз навбатида, видеомурожаат йўллаган.

«Биз Мужтабани ҳеч бўлмаганда қандай кўринишда бўлса ҳам кўришни хоҳлаган эдик. Лекин у кўриниш бермади ва бу хавотирли сигнал», деб хулоса қилди манба.

Reuters март ойи бошида Мужтаба Хоминаий 28 март куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган биринчи зарбаси чоғида енгил жароҳат олгани ҳақида хабар берган эди.

The Telegraph нашрининг таъкидлашича, Али Хоминаийнинг ўғли ҳужумдан бироз олдин боғга сайрга чиққани учун ракета ҳужумидан омон қолган. Эрон расмийлари ҳужум чоғида Мужтаба жароҳатланганини тан олди, бироқ у жиддий жароҳат олмагани, унинг ҳаёти ва соғлиғига ҳеч нарса таҳдид солмаётганини таъкидламоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид