Жаҳон | 22:19 / 23.03.2026
1539
3 дақиқада ўқилади

Агар ҳаммаси режа бўйича кетса – Трамп Ҳўрмуз бўғозининг очилиши ҳақида

Унинг фикрича, АҚШ ва Эрон нефть таъминоти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган ушбу бўғозни биргаликда назорат қилиши мумкин.

Фото: Dreamstime

АҚШ президенти Доналд Трамп яқин вақт ичида стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳўрмуз бўғозининг очилишини истисно қилмади. Бу ҳақда у журналистлар билан мулоқот чоғида айтиб ўтди, деб ёзди Bloomberg.

Трампнинг таъкидлашича, бўғоз очилиши мумкин, яъни «агар ҳаммаси режа бўйича кетса», яқин вақт ичида «кема қатнови тўлиқ тикланади». Унинг фикрича, АҚШ ва Эрон бўғозни биргаликда назорат қилиши мумкин.

Америка етакчиси, шунингдек, АҚШ Эрон билан «самарали музокаралардан» сўнг унинг энергетика инфратузилмасига зарба беришни кейинга қолдиришини тасдиқлади.

Давлат раҳбарининг маълум қилишича, унинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер 22 март куни кечқурун Эрон томонининг «юқори мартабали шахси» билан музокаралар ўтказган ва томонлар «битим тузишдан» манфаатдор экани ва душанба куни яна телефон орқали суҳбатлашишини айтган.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, музокараларда Эрон номидан «юқори мартабали шахс» иштирок этмоқда, гарчи у олий раҳбар Мужтаба Хоминаий бўлмаса ҳам.

«Кўрамиз, бу қандай бўларкин, агар ҳаммаси яхши бўлса, биз охир-оқибат бу масалани ҳал қиламиз. Акс ҳолда биз бор кучимиз билан бомба ташлашда давом этаверамиз», деб таъкидлаб ўтди Трамп.

Ўз навбатида Эрон расмийлари АҚШ раҳбари билан «бевосита ёки билвосита мулоқот» бўлмаганини таъкидламоқда.

Ҳўрмуз бўғози орқали нефть таъминотининг тикланиши нефть нархининг пасайишига олиб келади, бу эса ўз навбатида ёқилғи нархини пасайтириши мумкин.

3 март куни Эрон Ҳўрмуз бўғози ёпилганини эълон қилди. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг юқори мартабали вакили мамлакат ушбу йўналиш бўйлаб ўтишга уринган ҳар қандай кемани ўққа тутишини маълум қилди.

18 март куни НАТО бош котиби Марк Рютте НАТО давлатлари Ҳўрмуз бўғозини биргаликда очишни муҳокама қилаётганини айтди.

Ўз навбатида, АҚШ президенти Доналд Трамп, ОАВ маълумотларига кўра, 20 март куни Эронни Ҳўрмуз бўғозини қайта очишга мажбур қилиш учун Эроннинг Харк оролини босиб олиш ёки блокада қилиш режаларини кўриб чиққан.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид