Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трампнинг таҳдидидан сўнг Эрон Кўрфазнинг энергетика ва сув инфратузилмасини бомбардимон қилиш билан огоҳлантирди
Агар АҚШ Эроннинг электр тармоғига ҳужум қилса, расмий Теҳрон Кўрфаз давлатларининг энергетика ва сув инфратузилмаларига зарба беришини билдирди. Бу эса денгиз сувини тузсизлантиришга қаттиқ боғланиб қолган араб давлатларида оммавий узилишларга олиб келиши мумкин.
Трамп шанба куни кечқурун, агар Теҳрон 48 соат ичида Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ очмаса, Қўшма Штатлар Эроннинг электр станцияларига зарба бериши ҳақида огоҳлантирган эди.
«Агар Эрон ҳозирги вақтдан бошлаб 48 СОАТ ичида Ҳўрмуз бўғозини ТАҲДИДСИЗ, ТЎЛИҚ ОЧМАСА, Америка Қўшма Штатлари уларнинг турли ЭЛEКТР СТАНЦИЯЛАРИГА, БИРИНЧИ НАВБАТДА ЭНГ ЙИРИГИДАН БОШЛАБ зарба беради ва йўқ қилади!» - деб ёзди Трамп шанба куни ижтимоий тармоқда. Бу муддат бугун, 23 март куни тунги вақтда якунланади.
Трампнинг огоҳлантириши – у АҚШ денгиз пиёдалари ва оғир кемалари минтақага йўл олган бир пайтда, шу билан бирга Вашингтон можарони тўхтатиш масаласини кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида ишора берганидан кўп ўтмай янгради.
Бунга жавобан Эрон давлат ОАВлари Муҳофизлар корпуси сўзчиси Иброҳим Зулфиқорнинг баёнотини келтирди:
«Агар душман томонидан Эроннинг ёқилғи ва энергетика инфратузилмасига ҳужум қилинса, аввалги огоҳлантиришларга мувофиқ, АҚШ ва минтақадаги сионистик режимга тегишли барча энергетика инфратузилмалари, шунингдек, ахборот технологиялари... ва сувни тузсизлантириш иншоотлари нишонга олинади», деди ҳарбийлар вакили.
Reutersʼнинг ёзишича, электр энергиясига қилинадиган ҳужумлар Эронга ҳам зарар етказди. Аммо, аҳоли жон бошига қарийб беш баравар кўп электр энергияси истеъмол қиладиган Форс кўрфазидаги қўшнилари учун бу ҳалокатли бўлиши мумкин. Электр энергияси уларнинг чўлдаги ялтироқ шаҳарларини яшаш учун яроқли қилиб туради.
Хусусан, Баҳрайн ва Қатарда истеъмол қилинадиган сувнинг 100 фоизини ишлаб чиқарадиган тузсизлантириш заводларини энергия билан таъминлайди. Бундай заводлар Бирлашган Араб Амирликларидаги ичимлик суви эҳтиёжининг 80 фоизидан ортиғини, Саудия Арабистонидаги сув таъминотининг эса 50 фоизини қоплаш учун денгиз сувидан фойдаланади.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир эса «агар Эрон электр станцияларига ҳужум қилинса, Яқин Шарқдаги муҳим инфратузилма ва энергетика объектлари «тузатиб бўлмайдиган даражада вайрон бўлиши» мумкинлигини ёзди. Бу Кўрфаз давлатларига босимни янада оширмоқда.
Ҳўрмуз Эроннинг «дўстлари» учун очиқ қолмоқда
Шунингдек, Эроннинг қудратли Ислом инқилоб муҳофизлари корпуси глобал нефть ва суюлтирилган табиий газнинг бешдан бир қисми ўтадиган кема йўли ёпиқ қолишини билдирди.
«Ҳўрмуз бўғози бутунлай ёпилади ва вайрон қилинган электр станцияларимиз қайта тикланмагунча очилмайди», дейилади Корпус баёнотида.
Шу билан бирга маҳаллий ОАВлар Эроннинг Халқаро денгиз ташкилотидаги вакили сўзларидан иқтибос келтириб, «бўғоз «Эроннинг душманлари»га алоқадор кемалардан ташқари барча юк ташувчи кемалар учун очиқлигича қолаётгани»ни маълум қилди.
Эрон расмийси Али Мусавийнинг айтишича, сув йўли орқали ўтиш Теҳрон билан хавфсизлик ва мудофаа чораларини мувофиқлаштириш орқали амалга оширилиши мумкин. Кемалар ҳаракатини кузатиш маълумотлари – Ҳиндистон байроғи остидаги кемалар ва Покистон нефть танкери каби баъзи кемалар бўғоз орқали хавфсиз ўтиш бўйича келишиб олганини кўрсатмоқда.
Мусавий, шунингдек, Теҳрон Форс кўрфазида денгиз хавфсизлигини яхшилаш ва денгизчиларни ҳимоя қилиш борасида Халқаро денгиз ташкилоти билан ҳамкорликни давом эттиришини таъкидлади.
«Дипломатия Эрон учун устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Бироқ, агрессиянинг тўлиқ тўхтатилиши, шунингдек, ўзаро ишонч ва аминлик муҳимроқдир», деди Мусавий. У Исроил ҳамда АҚШнинг Эронга қарши ҳужумлари «Ҳўрмуз бўғозидаги ҳозирги вазиятнинг илдизи» эканлигини қўшимча қилди.
4-ҳафтасига ўтган уруш давом этмоқда
Якшанба куни тунда Исроилнинг шимолий ва марказий қисмларида, жумладан Тел-Авив ва Ғарбий соҳилда ҳаво ҳужумидан мудофаа сиреналари янгради. Исроил ҳарбийлари душанба куни эрта тонгда Теҳрондаги Эрон инфратузилмаларини нишонга олган кенг кўламли зарбалар тўлқинини бошлаганини маълум қилди.
Эрон ахборот агентликларининг хабар беришича, Хуррамобод шаҳрининг ғарбий қисмидаги турар-жой ҳудуди бомбардимон қилиниши натижасида камида бир бола ҳалок бўлган ва бир неча киши жароҳатланган. Шимоли-ғарбий Урмия шаҳридаги турар-жой даҳаси ҳам ҳаво зарбаси натижасида шикастланган.
Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги душанба куни эрта тонгда Ар-Риёд томон иккита баллистик ракета учирилганини маълум қилди. Битта ракета уриб туширилган, иккинчиси эса аҳоли яшамайдиган ҳудудга тушган.
Якшанба куни Эроннинг Исроил жанубидаги иккита шаҳарчага берган зарбалари натижасида ўнлаб одамлар жароҳатланди, Исроил касалхонаси буни йирик талафотлик ҳодиса деб таърифлади.
Бу шаҳарчалар Исроилнинг махфий ядро реактори ва мамлакатдаги энг йирик ҳарбий объектлардан бири бўлган Неватим авиабазаси яқинида жойлашган.
28 февралда АҚШ ва Исроил томонидан бошланган уруш давомида 2000 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бу уруш бозорларни остин-устун қилиб юборди, ёқилғи нархини оширди, глобал инфляция хавотирларини кучайтирди ва урушдан кейинги Ғарб иттифоқини ларзага келтирди.
Расмийларнинг таъкидлашича, Эроннинг ракета имкониятларини сезиларли даражада камайтирган уч ҳафталик бомбардимонларидан сўнг ҳам Теҳрон қарши зарба бериш қобилияти сақланиб қолмоқда.
Ливандаги фронтда ҳам жанглар давом этмоқда
Шунингдек, уруш Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги алоҳида фронтда давом этмоқда. Исроил якшанба куни Ливан жанубидаги қуролли гуруҳнинг бир қатор объектларига рейд уюштирганини маълум қилди.
Исроил ҳарбийлари матбуот котиби «Эрон ва Ҳизбуллоҳга қарши яна неча ҳафталаб жанглар бўлишини» кутаётганини айтди. Ҳизбуллоҳ эса Исроил шимолидаги бир қанча чегара ҳудудларига ҳужум қилганини билдирди.
Ҳизбуллоҳ 2 март куни минтақавий урушга кирганидан бери Исроилга қарши юзлаб ракеталар отди. Исроил эса Ливанда 1000 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган ҳужум уюштирмоқда.