Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ янги миграция тўлқинидан хавотирда, Путин танқид марказида
Еврокомиссар сўзларига кўра, Россия президенти Сурия ва Украинадан Европага йўналган мигрантлар ҳамда қочқинлар оқими ортида турган. Дания ва Италия бош вазирлари эса Еврокомиссиядан ЕИ чегараларини миграция оқимлари учун ёпиш имкониятини ўрганиб чиқишни сўрамоқда.
Фото: Sean Gallup/Getty Images
Россия президенти Владимир Путин Европага мигрантлар оқимининг бош айбдори ҳисобланади. Бу ҳақда 23 март, душанба куни Financial Times газетаси ички ишлар ва миграция масалалари бўйича еврокомиссар Магнус Бруннерга таяниб хабар қилди.
“Бу йирик миграция оқимларининг ортида ҳар доим Путин туради. Бу ҳар доим Владимир Путин”, — деди у.
Еврокомиссар Россия раҳбарининг Сурия президенти Башар Асадни қўллаб-қувватлаганини эслатди. Суриядаги фуқаролар уруши 2015–2016 йилларда Европада миграция инқирозини келтириб чиқарган. Бруннер таъкидлашича, ўша даврда 2 миллиондан ортиқ одам бошпана сўраб ариза топширган.
Иккинчи йирик миграция оқими Украинадан ЕИга келган қочқинлар билан боғлиқ. Россия бошлаган урушдан сўнг қарийб 4,3 миллион украиналик ЕИда вақтинчалик ҳимоя олган.
Еврокомиссар Эрондаги уруш ҳақида гапирар экан, ҳозирча бу мамлакатдан Европага қочқинлар оқими кузатилмаётганини айтди.
“Аммо, албатта, биз ҳушёр бўлишимиз керак, чунки вазият ҳар куни ўзгариши мумкин”, — деди еврокомиссар ва Путин Теҳрондаги режимни қўллаб-қувватлаётганини қўшимча қилди.
Шу билан бирга, Дания бош вазири Метте Фредериксен ва Италия ҳукумати раҳбари Жоржа Мелони қўшма мактубида шундай огоҳлантирди: “Биз 2015–2016 йилларда кузатганимиздек, ЕИга қочқинлар ва мигрантлар оқими такрорланиши хавфини қабул қила олмаймиз”.
Рим ва Копенҳаген вазият Сурия инқирозига ўхшаб кетмаслиги учун чегараларни ёпишни ҳам ўз ичига олган қатъийроқ чоралар кўришни талаб қилмоқда.
Бош вазирлар Еврокомиссияни “Европа Иттифоқи томон тўсатдан йирик кўламли миграция оқимлари юзага келган тақдирда, форс-мажор ҳолатида ишга тушириладиган фавқулодда тўхтатиш механизми сифатида хизмат қилиши мумкин бўлган усулларни ўрганиб чиқиш”га чақирди.
Магнус Бруннер эса аъзо давлатларнинг бундай сўровларига “жуда жиддий” қарайдиганини ва бу мурожаатга жавоб беришини билдирди.
Еврокомиссарнинг қўшимча қилишича, ҳозир ЕИ “10 йил аввалгига нисбатан анча яхши тайёрланган”.
У бошпана сўровчилари учун бевосита чегараларда амалга ошириладиган тартиб-таомиллар ва янги биометрик чегара текширувларини мисол келтирди.
“Энди биз ким, қачон ва қаердан Европа Иттифоқига кираётганини кўра оламиз”, — деди у.
2025 йил октябрида ўтказиш тизими ишга тушганидан бери ЕИга кириш учун рўйхатдан ўтган, Иттифоққа кирмайдиган мамлакатлар фуқароларидан иборат 40 миллион кишидан тахминан 19 минг нафарига рад жавоби берилган. Уларнинг орасида хавфсизликка таҳдид солган 500 киши ҳам бўлган.
Бруннер сўзларига кўра, бу омилни, жумладан, террорчилик ҳужумлари эҳтимолини ҳам инобатга олиш лозим.
Бундан аввал, 2025 йил декабрида, ЕИга аъзо давлатлар ички ишлар вазирлари ислоҳотлар пакетини тасдиқлаган эди. Унда ЕИ ташқарисида “қайтариш марказлари” деб аталадиган тузилмаларни барпо этиш ғоясини ҳуқуқий жиҳатдан расман маъқуллаш ҳам бор эди. Мигрантлар бошпана ҳақидаги аризаларини кўриб чиқиш учун шу ерларга юборилиши мумкин.