Американинг New York Times газетаси ва Reuters агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Пентагон яна 2000 нафар аскарини Эрон билан уруш доирасида президент Доналд Трампга қўшимча вариантлар тақдим этиш учун Яқин Шарққа юборишга буйруқ берган.
Бу хабарлар Трампнинг ўзи АҚШ Теҳрон билан «ҳозирнинг ўзида» урушни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ва Эрон «битим тузишни жуда хоҳлаётгани» ҳақидаги баёнотлари фонида пайдо бўлди. Трамп бу сафар ҳам тафсилотларни маълум қилмади, бироқ ОАВ Вашингтон урушни якунлаш бўйича 15 банддан иборат режани Теҳронга тақдим этгани ҳақида ёзмоқда.
Пентагон АҚШ армияси 82-ҳаво-десант дивизияси қўшимча кучларини Яқин Шарққа юборишни бошлашга буйруқ берган. Бу ҳақда The New York Times газетаси АҚШ мудофаа вазирлигидаги икки манбага таяниб хабар берди.
Мудофаа вазирлиги вакили хавфсизлик нуқтайи назаридан қанча аскар ва айнан қаерга боришини сир сақламоқда.
Нашр маълумотига кўра, гап «Тезкор ҳаракат кучлари» (IRF)нинг 2000 нафарга яқин ҳарбий хизматчиси ҳақида кетмоқда – бу 18 соат ичида дунёнинг исталган нуқтасида жойлаштирилиши мумкин бўлган 3 мингга яқин ҳарбий хизматчидан иборат бригада ҳисобланади. Контингент таркибига тахминан 800 нафар аскардан тузилган иккита баталён, шунингдек, генерал-майор Брэндон Тегтмайер бошчилигидаги қўмондонлик дивизияси киради.
Худди шу вақтда, Reuters агентлигининг вазиятдан хабардор бўлган манбаларига кўра, минтақага олиб келинадиган қўшимча кучлар сони кўпроқ бўлиши ва 3 000–4 000 кишига етиши мумкин. Уларнинг сўзларига кўра, ҳозирча тўғридан тўғри Эрон ҳудудига қўшин киритиш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган.
«Эпик ғазаб» ҳарбий операциясига Яқин Шарқ, АҚШ ва Европадан жами 50 мингга яқин ҳарбий хизматчи жалб қилинган.
Душанба куни Доналд Трамп Овал кабинетда журналистлар билан бўлиб ўтган ва узоқ давом этган мулоқот чоғида Эрондаги урушга оид кўплаб масалалар бўйича фикр билдирган, бироқ Эрон ҳудудига қўшинларни жойлаштириш эҳтимолига тўхталмаган.
Ҳарбий экспертлар таъкидлашича, эҳтимолий жойлаштириш Эронга Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар ўтишини тиклаш учун босимни кучайтиришга қаратилган бўлиши мумкин, дейди BBC’нинг Вашингтондаги мухбири Дэниел Буш.
Кенг тарқалган фаразга кўра, Америка қўшини Харк оролини эгаллаб олиш учун жалб этилиши мумкин. Ушбу оролда нефт сақланувчи омборлар ва юклаш иншоотлари жойлашган бўлиб, Эрон нефт экспортининг тахминан 90 фоиз қисми шу ерга тўғри келади.


















