1988 йилда СССРда фожиали ҳодиса юз беради. Бир гуруҳ шахслар Ту-154 самолётини эгаллаб, уни хорижга олиб қочишга уринади. Бироқ бу иш амалга ошмайди ва Ленинград вилоятига қўнган самолётни махсус кучлар озод қилади. Ўхшамаган “СССРдан қочиш” операциясининг барча аъзолари бир оила вакиллари эди.

1988 йил 8 март. Иркутск аэропортида Иркутск-Курган-Ленинград йўналишида парвоз қилиши лозим бўлган Ту-154 самолётига чиқиш эълон қилинади.

Йўловчилар бирин-кетин самолётга чиқа бошлайди. Улар орасида Овечкинлар оиласи ҳам бор эди. Она ҳамда унинг 10 нафар боласи Ту-154 бортига чиқиб, ўз жойларини эгаллайди.

Ўша куни 164 ўринга эга Ту-154 да бор-йўғи 60 нафар йўловчи учаётганди. Курган шаҳридан унга яна 16 нафар одам чиқади ва самолёт парвозни давом эттиради.

Ту-154 Ленинградга етишига чамаси бир соат қолганда Овечкинлардан бири борт кузатувчисига қоғоз узатади. Унда учувчига йўналишни Лондонга ўзгартириш талаби бор эди.

Ёзув охирида бу талаб бажарилмаса, самолётни портлатиб юбориш билан пўписа қилинганди. Хўш, Овечкинлар Лондонга нега бормоқчи бўлганди?

liveinternet.ru

Мусиқачилар оиласи

Овечкинлар оиласи Иркутск шаҳрида яшаган ва 1980-йиллар бошларида оилавий жаз ансамбли сифатида иттифоқ миқёсида танилиб қолганди.

Оила бекаси Нинел Овечкина 12 нафар – 5 қиз ва 7 ўғил фарзандни дунёга келтириб, советларнинг “Қаҳрамон она” кўкрак нишонини олганди. Унинг иккинчи фарзанди гўдаклигида вафот этган ва 1980-йилларда оила қарамоғида 11 нафар бола бор эди.

Овечкинлар оиласидаги ўғил болалар мактабдаги пионер отрядлари сафида турли мусиқа асбобларини чалиб туришарди. 1983 йилда улар таҳсил оладиган мактабнинг икки нафар мусиқа ўқитувчиси фақат Овечкинлардан иборат бўлган гуруҳ ташкил этади. Гуруҳга оиланинг етти нафар аъзоси жалб қилинади ва унга “Етти Симеонов” (Семь Симеонов) деб ном берилади.

Гуруҳ аввалига Иркутскда машҳур бўлади, сўнг болаларни Москвага таклиф қилишади. 1984 йилда Овечкинлар ансамбли бутун иттифоқ бўйлаб машҳурликка эришганди.

1984 йилда оила бошлиғи Дмитрий Овечкин вафот этади ва болалар Нинел Овечкина қарамоғида қолади. Уларни аёлнинг ўзи тарбиялайди.