Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон Яқин Шарқни «зулматга чўмдириш» билан таҳдид қилди
Эрон АҚШ таҳдидларини амалга оширса, кучли зарбалар беришидан огоҳлантирди. Трамп бундан олдин Эронга «цивилизация ўлими» билан таҳдид қилган эди.
Фото: Reuters
Теҳрон Қатар орқали АҚШ ва Яқин Шарқ давлатларига мактуб йўллаб, унда «Эроннинг жавоб зарбалари оқибатида бутун минтақа ва Саудия Арабистони тўлиқ зулматга чўмишини» ваъда қилган. Бу ҳақда Reuters Эроннинг юқори мартабали манбасига таяниб ёзди.
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Эрон АҚШнинг «қуруқ ваъдалари» эвазига Ҳўрмуз бўғозини очмайди. Бундан ташқари, агар «вазият назоратдан чиқиб кетса, Эрон иттифоқчилари Боб ал-Мандиб бўғозини ёпади».
АҚШ президенти Доналд Трамп 7 апрелдан 8 апрелга ўтар кечаси «цивилизация ҳалокати» юз бериши ҳақида огоҳлантирди. У бу хабарни Эронга қўйилган ультиматум муддати тугашидан бироз олдин эълон қилган. Трамп электр станцияларига зарба бериш таҳдиди туфайли сулҳ тузиш ва Ҳўрмуз бўғозини блокдан чиқаришни талаб этди, Эрон ҳукумати эса барқарор тинчлик келишуви ва ҳужум қилмаслик кафолатларини талаб қилди.
Бугун эрталаб Эроннинг асосий нефть-газ экспорт маркази жойлашган Харқ оролида портлашлар содир бўлди. Эронда маълум қилинишича, оролнинг нефть инфратузилмаси ҳужум объекти бўлмаган ва ишлашда давом этмоқда.
Axios журналисти Барак Равид АҚШ уўбу оролдаги ҳарбий объектларга зарбалар берганини ёзди. Эроннинг ўзи аллақачон америкаликларни Харқ оролига ҳарбийларнинг юборилишига тайёргарлик кўра бошлаган. CNN маълумотларига кўра, Теҳрон миналанган тўсиқлар ва бошқа «тузоқларни» ўз ичига олган кўп қатламли мудофаа қурган.
Reuters агентлиги Покистон хавфсизлик хизматидаги манбасига таяниб, агар Эрон Саудия Арабистони саноат объектларига зарба берса, бу АҚШ билан тинчлик музокараларини бузишини маълум қилди. Бундан ташқари, манбанинг сўзларига кўра, жавоб зарбалари Покистонни икки давлат ўртасида тузилган мудофаа шартномаси бўйича можарога жалб қилиши мумкин.
Исломобод Теҳрон ва Вашингтон ўртасида асосий воситачи ҳисобланади. Эроннинг ўзи 6 апрель куни АҚШнинг вақтинчалик сулҳ таклифларини рад этди.