Жаҳон | 20:53
8081
7 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқ эскалацияга тайёрланмоқда. Сўнгги маълумотлар

АҚШ Эрондаги нишонларни белгиламоқда. Эроннинг қўшнилари ҳам жавоб зарбаларини кутмоқда ва урушга қўшилиш ҳақида ўйламоқда.

Msgt. Kulani Lakanaria / U.S. Navy / Planet Pix / ZUMA Press Wire / Scanpix

8 апрелга ўтар кечаси Доналд Трамп қўйган охирги ултиматум муддати тугайди: агар Эрон Ҳўрмуз бўғози блокадасини бекор қилмайдиган бўлса, АҚШ Эрон электр станциялари, кўприклар ва бошқа ўта муҳим инфратузилма объектларини ўққа тутишни бошлайди. Президент ва АҚШ мудофаа вазири Теҳронга «жаҳаннам» ва «тош асрига қайтариш» билан таҳдид қилмоқда.

8 апрел куни ҳам Трамп навбатдаги ваҳимали постини эълон қилиб, «бугун тунда бутун цивилизация ҳалок бўлиши» ҳақида ёзди:

Бугун кечаси бутун бир цивилизация ҳалок бўлади ва уни ҳеч қачон қайтариб бўлмайди. Мен бундай бўлишини хоҳламайман, лекин, эҳтимол, шундай бўлади. Бироқ, энди янгиланган режимда бошқа, ақллироқ ва нисбатан мўътадил кучлар устунлик қилаётган бўлса, ҳақиқий инқилобий нарса содир бўлиши ҳам мумкин. Ким билсин? Биз буни бугун тунда, дунёнинг узоқ ва мураккаб тарихидаги энг муҳим лаҳзалардан бирида билиб оламиз. 47 йиллик товламачилик, коррупция ва ўлимлар ниҳоясига етади. Буюк Эрон халқини худонинг ўзинг ёрлақасин!

Трампнинг ултиматуми муддати Вашингтон вақти билан сешанба куни соат 20:00 да, Тошкент вақти билан чоршанба куни соат 5:00 да тугайди.

Қуйида Яқин Шарқдаги урушда кутилаётган кескинлашув арафасидаги асосий маълумотлар келтирилади.

Пентагон авиазарбалар учун нишонларнинг янги рўйхатини шакллантиришни давом эттирмоқда ва бунда юридик мураккабликка дуч келган: кўплаб объектлар, жумладан, электр станциялар ва сувни чучуклаштириш заводлари фуқаролик объектлари сифатида кўрилиб, уларга зарбалар ҳарбий жиноят деб ҳисобланиши мумкин. Эскалация тарафдорлари эса бу объектлар икки мақсадли эканига урғу қаратиб, уларни қонуний нишонлар сифатида кўрмоқда: электр энергияси ва ичимлик сувдан фуқаролардан ташқари ҳарбийлар ҳам фойдаланади.

Эрон ҳукуматининг Ёшлар ва ўсмирлар ишлари бўйича кенгаши котиби Алиризо Раҳимий ёш эронликларни электр станциялари атрофида занжир бўлиб туришга, яъни, амалда, улар учун тирик қалқон бўлишга чақирди. Женева конвенциясига кўра, тирик қалқонлардан фойдаланиш ҳарбий жиноят ҳисобланади.

АҚШ Яқин Шарққа аллақачон қўшимча кучлар ташлаган, 10 мингга яқин десантчилар ва денгиз пиёдалари шулар жумласидан. Электр станциялари ва бошқа муҳим инфратузилмаларга бомба ёғдирилишига параллел равишда улар қуруқликда бир ёки бир неча амалиёт ўтказиши тахмин қилинмоқда. Форс кўрфазидаги Харк ороли эҳтимолий нишонлардан бири сифатида қаралмоқда, бу ерда Эроннинг энг йирик нефт экспорти терминали жойлашган; шунингдек, Ҳўрмуз оролидаги ороллар, Исфаҳондаги ядровий объект (бу ерда Эроннинг 400 килограммдан ортиқроқ миқдордаги бойитилган уран захираси мавжудлиги айтилади) ҳам қуруқлик орқали ҳужум нишонига айланиши мумкин.

Воситачиларнинг (биринчи навбатда Покистон) эскалациянинг олдини олишга бўлган уринишлари муваффақиятсизликка учради. Томонлар воситачилар иштирокида 45 ёки ҳеч бўлмаганда 15 кунга сулҳ тузиш имкониятларини кўриб чиқишганди. Аммо АҚШ ва Эрон томонидан илгари сурилган шартлар бир-бирига зид бўлиб чиқди. АҚШ зудлик билан ва ҳеч қандай шартларсиз Ҳўрмуз бўғозини очишни талаб қилган, шунингдек, Эронга нисбатан эски шартларини такрорлаганди: булар ядро дастуридан бутунлай воз кечиш, ракета дастурини қисқартириш, Эроннинг Яқин Шарқдаги прокси кучларини (Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ва Ямандаги ҳусийчилар) қўллаб-қувватлашни тўхтатиш. Ўз навбатида, Эрон Ҳўрмуз бўғози устидан тўлиқ назоратини тан олишни (бунда сув йўлидан ўтувчи кемалар Теҳронга тўлов қилиши кўзда тутилганди), келгусида ҳужум такрорланмаслиги учун кафолат беришни, Америка ва Исроил зарбалари натижасида етказилган зарар учун товон тўлашни, шунингдек, Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ»га қарши амалиётини тўхтатишни талаб қилган.

Эронда ҳозирда муҳим қарорларни айнан ким қабул қилаётгани, жумладан, ўт очишни тўхтатиш бўйича шартларни ким қўяётгани аниқ эмас. The Times нашри Америка ва Исроил разведка хизматларига таяниб ёзишича, мамлакатнинг расмий раҳбари Мужтаба Хоминаий ҳушига келмаган ва Қум шаҳрида даволанмоқда (у 28 феврал кунги зарбалар вақтида жароҳатланган), шу туфайли «режимнинг қандайдир қарорларини қабул қилишда иштирок этолмайди». АҚШ парламент спикери Муҳаммадбоқир Ғолибоф ҳамда ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчини Эрон ҳукуматининг музокара ўтказиши мумкин бўлган вакиллари сифатида кўриб чиққан. Мухолифатчиларнинг Iran International нашрига кўра, мамлакатда амалдаги ҳокимият, жумладан, ҳукуматдаги муҳим лавозимларга тайинловлар ваколати Аҳмад Воҳидий бошчилигидаги Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондонлигига ўтган.

Нефт нархлари кўтарилишда давом этмоқда. Сешанба куни кундузи бир баррел нефт учун нарх 110 долларгача етди. Халқаро энергетика агентлиги директори Фотиҳ Бирол Le Figaro нашрига берган интервюсида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ҳамда Ҳўрмуз бўғози блокадаси келтириб чиқарган глобал энергетик инқироз олдингиларидан жиддийроқ бўлиб чиққанини маълум қилди. Урушгача жаҳон бозоридаги нефтнинг 20 фоиз атрофидаги қисми Ҳўрмуз бўғози орқали олиб ўтиларди. Форс кўрфази мамлакатлари аллақачон нефтни бўғозни айланиб ўтган ҳолда экспорт қилиш учун янги қувурлар қуриш имкониятини кўриб чиқмоқда: ҳозирги блокада бекор қилинган тақдирда ҳам келгусида бу ҳолат такрорланиши хавфи сақланиб қолади.

Украина разведкасидаги манбалар бир неча нашрларга (жумладан The Jerusalem Post’га), Россия Эронга жавоб зарбалари бериш учун Исроилдаги энергетика инфратузилма объектлари ҳисобланадиган 55 та нишон координаталарини тақдим этган. Бу ҳақда олдинроқ Украина президенти Володимир Зеленский ҳам айтганди.

Шунингдек, Кувайт, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар ва БААдагилар ҳам Эроннинг жавоб зарбаларини кутмоқда. Ушбу мамлакатлардаги электр станциялари, сувни чучуклаштириш заводлари, шунингдек, нефт ва газни қазиб олиш, қайта ишлаш ва транспортировка қилиш бўйича корхоналар эронликлар нишонида бўлиши мумкин. Саудия Арабистонига Буюк Британиядан мамлакат мудофаа вазири Жон Ҳилининг март ойи охирида минтақага ташрифи вақтида ваъда қилинган қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари келтирилган. Норасмий маълумотларга кўра, Саудия Арабистони ва БАА АҚШ ва Исроилнинг Эрон бўйлаб зарбаларига қўшилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Ушбу мамлакатлар АҚШ ва Исроилнинг Эронга қилаётган ҳужумларига қўшилмаган бўлса-да, Эрон ушбу мамлакатларни уруш бошидан буён ракета ва дронлар билан ўққа тутиб келмоқда.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид