Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон АҚШ ва Исроилни сулҳни бузганликда айблаб, БАА, Кувайт ва Баҳрайнга зарбалар берди
Форс кўрфази мамлакатлари бир неча соат олдин имзоланган икки ҳафталик Америка-Эрон сулҳига қарамай, Эрон томонидан зарбалар берилгани ҳақида хабар қилмоқда.
Фото: AFP
Al Jazeera хабарига кўра, 8 апрель куни эрталаб БАА ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Эрондан учаётган қанотли ва баллистик ракеталар, шунингдек, дронларни «фаол равишда тўхтатган».
Кувайт армияси мамлакат жанубидаги «ҳаётий муҳим» нефть объектлари, электр станциялари ва сув тозалаш иншоотларига дронлар томонидан зарбалар берилгани ҳақида хабар қилди. «Эроннинг шиддатли душманона ҳужумлари» туфайли инфратузилмага жиддий зарар етгани айтилмоқда. Кувайт ҳарбийлари маълумотларига кўра, жами 28 та дрон уриб туширилган.
Баҳрайн Ички ишлар вазирлиги ҳам Эрон томонидан ҳужумлар бўлгани ва икки киши яраланганини маълум қилди. «Эрон дронини уриб тушириш оқибатида икки фуқаро енгил жароҳат олди, Ситра [мамлакат марказидаги саноат-энергетика ҳудуди] ҳудудидаги бир қатор уйларга зарар етди», дейилади вазирлик баёнотида.
Эрталаб портлашлар Баҳрайн пойтахти Манамада ҳам эшитилган, деб хабар берди AFP. Форс кўрфази мамлакатларига зарбалар Эрон давлат оммавий ахборот воситалари АҚШ билан сулҳ кучга кирганидан бир неча соат ўтиб, эрталабки «душман ҳужумлари» ҳақида эълон қилганидан кейин содир бўлди. IRNA давлат агентлигининг таъкидлашича, маҳаллий вақт билан эрталаб соат 10 атрофида Эроннинг Форс кўрфазидаги Лаван оролидаги нефтни қайта ишлаш заводига зарба берилган. Бироқ, объектга ким ҳужум қилгани аниқланмаган.
Президент Доналд Трамп Эронга берган ультиматум муддати тугашидан тахминан бир ярим соат олдин у билан 14 кунлик сулҳ тузганини эълон қилди. Оқ уй раҳбари сўзларига кўра, Теҳрон АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан бери де-факто ёпилган Ҳўрмуз бўғозини блокдан чиқаришга рози бўлган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Эрондан 10 банддан иборат таклиф олган ва уни музокаралар учун «ишчи асос» деб билади. Трамп, шунингдек, Ҳўрмуз бўғозида тўпланиб қолган кемаларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Теҳронда сулҳга розилик тасдиқланди. Шу билан бирга, мамлакат Миллий хавфсизлик олий кенгаши Эрон «буюк ғалабага эришгани ва жиноятчи Қўшма Штатларни ўн банддан иборат режасини қабул қилишга мажбурлаганини» айтди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, ўз навбатида, кемалар Эрон ҳарбийлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда икки ҳафта ичида Ҳўрмуз бўғози орқали ўтиши мумкинлигини тасдиқлади. CNN нашрининг Оқ уйдаги манбасига кўра, Исроил ҳам икки ҳафталик сулҳга қўшилган.