Жаҳон | 20:14 / 20.05.2026
4711
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Исроил Эронда собиқ президент Аҳмадинажодни ҳокимиятга олиб келмоқчи эди – ОАВ

АҚШ ва Исроил Эронда ҳарбий операция бошланганида ушбу мамлакат собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажодни ҳокимият тепасига келишига умид қилган эди.

Фото: Arash Khamooshi/Polaris for The New York Times

Бу ҳақда The New York Times нашри америкалик расмийларга таяниб хабар берди. Уларнинг сўзларига кўра, режа «тезда барбод бўлган».

NYT суҳбатдошларининг айтишича, ғоя Исроилга тегишли бўлган ва режа Аҳмадинажод билан «келишилган». АҚШ ҳукумати уни Николас Мадуро ағдарилганидан кейин Венесуэла президенти вазифасини бажарувчи бўлган Делси Родригесга ўхшатди. Газета манбаларининг таъкидлашича, АҚШ Эронда муросасозроқ раҳбарият ўрнатилишини кутган.

Эронга қарши ҳарбий операциянинг биринчи кунида Исроил армияси Аҳмадинажоднинг уйига зарба берди. Собиқ президент у ерда уй қамоғида эди. Ҳужумнинг нишони уйни қўриқлаётган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси аъзолари бўлган, бироқ Маҳмуд Аҳмадинажоднинг ўзи ҳам ҳалок бўлишига оз қолган.

Шундан сўнг, сиёсатчи «режимни ўзгартириш режасидан ҳафсаласи пир бўлди», деди NYT нашрига америкалик амалдорлар ва собиқ президентнинг сафдоши. Шундан бери Аҳмадинажод омма олдида кўринмади. Унинг ҳозирги жойи ва аҳволи номаълум.

Маҳмуд Аҳмадинажод 2005 йилдан 2013 йилгача Эрон президенти бўлган. У 2017, 2021 ва 2024 йилларда давлат раҳбари сайловида иштирок этиш учун ҳужжат топширган, бироқ Кузатув кенгаши унинг номзодини қабул қилмаган. Эрон ҳукумати собиқ президент атрофидаги одамларни Ғарб билан яқин алоқада ва Исроил фойдасига жосусликда айблади.

28 февраль куни Исроил зарбалари оқибатида Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ҳалок бўлди. АҚШ президенти Доналд Трамп янги раҳбар тайинланишидан олдин Эрон ҳукумати номзодни Америка томони билан келишиб олиши кераклигини айтган эди. Март ойида бу лавозимни Мужтаба Хоминаий эгаллади, бироқ у ҳозиргача омма олдида кўриниш бермади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид