7 апрел куни Америка Қўшма Штатлари ва Эрон ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинди. Бу вақтда Кўрфаздаги бой араб давлатлари етакчилари хавотирли янги воқелик билан курашмоқда.
Бир вақтлар Дубай ва Доҳа каби бой шаҳарлардаги сиёсатчилар, инвесторлар ва аҳоли ўзларини минтақадаги можаролардан амалда ҳимояланган деб ҳисоблаган. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бу тахминни парчалаб ташлади, деб ёзмоқда New York Times'нинг Кўрфаз бюроси раҳбари Вивиан Нерейм.
Аввало, Кўрфаз мамлакатлари Эроннинг минглаб ракета ва дронлари етказган зарарни қоплаши керак. Энергия экспортидаги узилишлар туфайли жорий йилда иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари қисқариши кутилмоқда. Шу билан бирга улар Исроил, Эрон ва ўзларининг асосий хавфсизлик кафолати бўлган АҚШ билан муносабатларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда. Чунки уруш арабларнинг нефт конлари, сувни чучуклаштириш заводлари, меҳмонхона ва аэропортлари нақадар заиф эканини кўрсатиб қўйди.
«Бугунги кунда АҚШ билан мавжуд бўлган барча нарсаларимиз бизга ҳозир керак бўлган кафолатни бермайди. Бу бизга қарши ҳар қандай ҳужумни тўхтатиб қола оладими? Йўқ», дейди Саудия Арабистонидаги Кўрфаз тадқиқотлари маркази раиси Абдулазиз Сағир.
Ҳаётий муқобил кафолат берувчини қидираётган ҳукуматлар амалда бундай куч мавжуд эмаслигини кўришлари мумкин. Агар Трампнинг ўт очишни тўхтатиш келишуви урушнинг якунига айланса ҳам, араблар Эрон билан юзма-юз қолишлари мумкин.
«Лат еган, калтакланган, ғазабланган, лекин дадиллашган Эрон билан ёлғиз қолиш ғояси — менимча, бу ҳақиқий хавотирдир», деди Bloombergʼнинг Яқин Шарқ геоиқтисодиёт бўйича раҳбари Дина Эсфандияр.
Уруш бошлангач Эроннинг жавоб зарбалари – Қатар, Баҳрайн, Кувайт, БАА ва Саудия Арабистонига — АҚШ ҳарбий базалари ёки ходимлари жойлашган барча мамлакатларга тегди. Ушбу давлатлардаги раҳбарлар ўз бизнеслари ва ходимларининг хавфсизлигига ишончлари комил эмас. 28 февралдан кейин шошиб чиқиб кетган оилалар қачон қайтиши ёки умуман қайтмаслик ҳақида ўйламоқда.
Ҳўрмузнинг тақдири ва мўрт сулҳ
Бундан ташқари, глобал иқтисодиёт учун ҳаётий аҳамиятга эга, Кўрфаз мамлакатлари газ ва нефт экспорт қилишлари учун зарур бўлган Ҳўрмуз бўғози тақдири ҳам ҳануз ноаниқ бўлиб қолмоқда.

















