Жаҳон | 20:22 / 13.04.2026
3894
2 дақиқада ўқилади

Трамп Эрон портларини қамал қилмоқчи, бироқ унга ёрдам берувчилар топилмади – NYT

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эрон портларини тўлиқ қамал қилиш ҳақидаги баёноти унинг Теҳронни бўйсундириш ва Ҳўрмуз бўғозини халқаро кемалар қатнови учун қайта очиш уринишларида навбатдаги кутилмаган бурилиш бўлди.

Фото: Getty images

13 апрелдан бошлаб АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари Эрон портларига киришни тўсиб қўйишни ва хавфсиз ўтиш учун Эронга пул тўлайдиган ҳар қандай кемани ушлаб қолишни режалаштирмоқда.

«Умид қиламизки, кўплаб давлатлар бу борада бизга ёрдам беради», деган эди Трамп.

The New York Times газетасининг ёзишича, Трампнинг чақириғига қарамай, ҳали ҳеч бир давлат ушбу ташаббусга қўшилиш истагини билдирмаган. Кўпгина давлатлар бу ғояга изоҳ беришдан ҳам ўзини тийди.

Журналистларнинг таъкидлашича, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ўз мамлакати блокадани қўллаб-қувватламаслигини, австралиялик ҳамкасби Энтони Албанезе эса унинг ҳукуматига ёрдам сўраб мурожаат қилинмаганини очиқ айтган.

Бундан ташқари, Испания мудофаа вазири Маргарита Роблес Трамп таклиф қилган блокаданинг «маъноси йўқлигини» айтди.

Нашрнинг қўшимча қилишича, Трампнинг тўсатдан блокада эълон қилиши шундоқ ҳам биржалардаги тушкун кайфиятни яхшиламаган. 13 апрель куни нефть нархи кескин кўтарилди, акциялар эса тушиб кетди, бу эса инвесторлар қамал минтақадаги уруш келтирган зарарни тезда бартараф этишини кутмаётганидан далолат беради.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари 13 апрелдан бошлаб Ҳўрмуз бўғозини блокадага олишини маълум қилган эди. Кейинроқ АҚШ Марказий қўмондонлиги Америка кучлари бўғоз орқали Эронники бўлмаган портларга ва улардан келаётган кемаларнинг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслигини айтди.

Кемаларни кузатиш бўйича мутахассислар блокадани таъминлаш имкониятига шубҳа билдирди ва кузатувдан қочиш учун кемалар фойдаланиши мумкин бўлган ҳийлаларни, масалан, идентификация маълумотларини ўзгартиришини таъкидлади. Tanker Trackers компанияси Эрон билан боғлиқ бир қатор танкерлар AIS маълумотларини ўзгартириш орқали Саудия Арабистони ва Ироқ портларига сохта киришлар қилгани сабабли вазият янада мураккаблашиши ҳақида ёзган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид