Ўзбекистон | 20:48
1026
3 дақиқада ўқилади

Бола ҳаётини сақлаб қолган мураккаб операция ва QR-код орқали тўлов қоидалари – маҳаллий дайжест

Шифокорлар томонидан ноёб ва ўта мураккаб операция амалга оширилиб, оғир аҳволдаги 5 ёшли боланинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ўқитувчилар учун ипотека субсидиясига ариза қабул қилиш санаси белгиланди. QR-код орқали тўловларни амалга ошириш тартиби тасдиқланди. Наркотик моддани сақлаб келган банк ходимлари ушланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Жарроҳлар мураккаб операция орқали 5 ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолди

Шифокорлар томонидан ноёб ва ўта мураккаб операция амалга оширилиб, оғир аҳволдаги 5 ёшли боланинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Маълум қилинишича, у тасодифан каустик сода ишқорини еб юборган, оқибатда қизилўнгачнинг чандиқли торайиши юзага келиб, вақт ўтиши билан мутлақо овқатлана олмайдиган ҳолатга тушган. Ота-она фарзандини хорижда даволатишга қарор қилган. Аммо хориждаги амалиёт вақтида қизилўнгач ошқозон ҳисобидан қайта шакллантирилиб, ошқозон юқорига кўтарилган ҳолда қизилўнгач қолдиғига улангани аниқланган. Бу эса янги трансплантантнинг юракка босим ўтказишига ва уни сиқиб қўйишига олиб келган.

Шундан сўнг ўзбекистонлик жарроҳлар мураккаб операцияни амалга ошириб, ошқозонни қайта жойлаштириб, йўғон ичакдан янги қизилўнгач шакллантирилган.

Ўқитувчилар учун ипотека субсидиясига ариза қабули бошланади

2026 йилдан бошлаб, камида 15 йиллик иш стажига ва олий малака тоифасига (бош ўқитувчи лавозимига) эга педагогларга ипотека кредити бўйича давлат субсидияси ажратилади.

Унга кўра, ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Мазкур мақсадлар учун 2026 йилда давлат бюджетидан 200 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Субсидия олиш учун педагоглар Давлат хизматлари марказлари, my.gov.uz портали, мобил иловалар орқали ариза топширишлари мумкин. Аризалар 20 апрелдан қабул қилинади.

QR-код орқали тўловларни амалга ошириш тартиби тасдиқланди

QR-код орқали тўловларни амалга оширишнинг ягона тартиби ҳамда ягона QR-код тизими иштирокчиларининг вазифалари белгиланди.

Ягона QR-код – фойдаланувчиларга исталган банк ёки тўлов ташкилотининг мобил иловаси орқали тўловларни амалга ошириш имконини беради. Барча тўлов тизимларининг ягона QR-код тизими орқали ўзаро интеграцияси таъминланади.

Янги қоидаларга кўра, ҳар бир фойдаланувчига мобил иловалар орқали QR-кодни сканерлаш, тўлов суммасини тасдиқлаш ва ҳар бир операция бўйича онлайн маълумотнома олиш ва транзакциялар тарихи билан танишиш имконияти тақдим этилади.

Наркотик моддани сақлаб келган банк ходимлари ушланди

Тошкент вилояти, Янгийўл шаҳрида фаолият юритувчи тижорат банкларидан бирининг икки нафар мутахассиси синтетик гиёҳвандлик воситасини сақлаётгани аниқланди.

Маълум бўлишича, мазкур шахслар муқаддам наркокурьерлар томонидан Янгийўл туманидаги дала майдонига яшириб кетилган 485 грамм синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган. Кейинчалик улар ушбу наркотик моддани танишининг хонадонида сақлаган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид