Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оширилаётган ойлик ва пенсиялар, шунингдек, банк сирини олишга интилаётган солиқчилар — маҳаллий дайжест
1 июлдан пенсия, нафақа ва моддий ёрдам тўлови, 1 сентябрдан ойлик-маошлар оширилади. Ўзбекистон футбол миллий жамоаси жаҳон чемпионатида Португалияга йирик ҳисобда ютқазди. Қирғизистон ва Ўзбекистон ўзаро келишувга кўра ҳудудларни алмашди. Солиқ қўмитаси банк сирига кенг миқёсда кириш имкониятини олмоқчи. Хавфли деб топилган ёнилғи шохобчалари хавфсиз ҳудудларга кўчирилади. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
1 июлдан пенсия ва нафақалар, 1 сентябрдан ойлик-маошлар ошади
Президент фармонига кўра, 1 июлдан пенсия ва нафақа ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган оила болалари нафақаси ва моддий ёрдам тўлови миқдори 7 фоизга оширилади.
Бунда ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 983 минг сўм, ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори ойига 1 млн 83 минг сўм бўлади.
1 сентябрдан бюджет ташкилотларида иш ҳақи, шунингдек, стипендия миқдори ҳам 7 фоизга оширилади. Жумладан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 1 млн 360 минг сўм, базавий ҳисоблаш миқдори 440 минг сўм этиб белгиланди.
Миллий жамоа жаҳон чемпионатида Португалияга йирик ҳисобда ютқазди
Бош мураббий Фабио Каннаваро шогирдлари ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг 2-турида Европанинг номдор вакилига жиддий қаршилик кўрсата олмади ва 0:5 ҳисобида ютқазди. Криштиану Роналду ўйинда иккита гол урди. Шундай бўлса-да, ўзбекистонликлар гуруҳдан чиқиш имкониятини йўқотмади.
Ўйиндан кейин Фабио Каннаваро ушбу жаҳон чемпионати футболчилар учун тажриба бўлишини айтди. Ҳужумчи Элдор Шомуродов мағлубият учун мухлислардан узр сўради ва якуний ўйинда ғалаба учун ҳаракат қилишга ваъда берди.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўзаро келишувга кўра ҳудудларни алмашди
Ўзбекистон билан давлат чегарасини демаркация қилиш доирасида иккита аҳоли пункти - Чўнғара ва Тош-Тобо Қирғизистон таркибига ўтди. Илгари Фарғона вилояти таркибига кирган ушбу қишлоқларнинг 2 минг 500 га яқин аҳолиси этник қирғизлар бўлиб, энди Қирғизистон фуқаролигини олади. Қирғизистон томони Ўзбекистонга чегара зонасида тенг майдонли ер участкаларини берган.
Эслатиб ўтамиз, икки давлат ташқи ишлар вазирлари 2022 йил ноябрь ойида Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзолаган, 2023 йил январь ойида Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка давлат ташрифи доирасида икки давлат президентлари ратификация ёрлиқларини алмашган эди.
Солиқ қўмитаси банк сирига кенг миқёсда кириш имкониятини олмоқчи
Солиқ қўмитаси банкларга мижозлари ҳақидаги кўплаб ахборотларни узатиб туриш мажбуриятини юкловчи қарор лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Лойиҳада “Банк-солиқ” номли автоматлаштирилган ахборот алмашиш модулини ишлаб чиқиш ва жорий этиш масаласи илгари сурилган. Унда картасига ойига 206 млн сўмдан ортиқ пул ўтказилган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар солиқ органига тақдим этиб борилиши назарда тутилган. Тадбиркорларнинг ҳисобига нақд ёки терминал орқали ҳар қандай суммадаги тушумлар ва уларнинг йирик операциялари ҳақидаги маълумотлар ҳам солиқ органида жамланиши мумкин.
Ҳукумат қарори шаклидаги ҳужжат лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 8 июлгача давом этади.
Хавфли деб топилган ёнилғи шохобчалари хавфсиз ҳудудларга кўчирилади
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида авария ҳамда нохуш ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Қарорга мувофиқ, ҳокимликлар 1 сентябрга қадар хавфсизлик, саноат ва ёнғин хавфсизлиги, экологик ҳамда шаҳарсозлик нормаларига жавоб бермайдиган ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотлари реестрини шакллантиради.
Шундан сўнг мазкур объектларни босқичма-босқич хавфсиз ҳудудларга кўчириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Қарорда кўчирилган объектлар жойлашган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар тадбиркорлар ихтиёрида сақланиб қолиши белгиланган.
Мазкур чоралар ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида хавфсизлик талабларини кучайтириш, авариялар хавфини камайтириш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилгани таъкидланмоқда.
Мавзуга оид
18:15 / 23.06.2026
Бизнес учун ягона QR-код ва коррупционерларга чекловлар — маҳаллий дайжест
19:45 / 22.06.2026
Одамсимон роботлар заводи ва кўпайиб бораётган автомобиллар — маҳаллий дайжест
20:06 / 19.06.2026
Машиналарни оқизган сел ва 1,5 миллионга етган талабалар — маҳаллий дайжест
19:27 / 18.06.2026