Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тиббиётга йўналтирилган Гулнора Каримова активлари ва шубҳали харидорлар реестри — маҳаллий дайжест
Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган 43,5 млн доллар активлари тиббиётга йўналтирилди. Солиқ қўмитаси 123 мингдан ортиқ фуқарони шубҳали харидорлар реестрига киритди. Саратонга қарши курашиш миллий дастури 1 январдан ишга туширилади. Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб эсдалик нишони таъсис этилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Гулнора Каримованинг Швейцарияда мусодара қилинган 43,5 млн доллар активлари тиббиётга йўналтирилди
Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги Реституция битими доирасида “Ишонч” жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилган илк соғлиқни сақлаш дастури якунланди. Лойиҳа доирасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш учун 43,5 миллион АҚШ доллари йўналтирилди.
“Ишонч” жамғармаси Ўзбекистон ва Швейцария ҳукуматлари ўртасидаги Реституция битими асосида ташкил этилган бўлиб, биринчи президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг ноқонуний активларини Ўзбекистон аҳолиси манфаатлари йўлида шаффоф ва ҳисобдорлик тамойиллари асосида сарфлашни назарда тутади.
2023 йил сентябрь ойида бошланган “Ҳар бир она ва бола яшайди ҳамда ривожланади: Ўзбекистондаги перинатал марказларда оналар ва болалар ўлимини қисқартириш” дастури доирасида 231 та перинатал муассаса замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Хусусан, қарийб 31 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ эвазига инкубаторлар, сунъий нафас олдириш аппаратлари, анестезия тизимлари ва бошқа замонавий тиббий ускуналар харид қилиниб, ҳудудлардаги перинатал марказларга етказилди.
123 мингдан ортиқ фуқаро шубҳали харидорлар реестрига киритилди
Май ойида ижтимоий тармоқлар орқали маълум бир ҳақ эвазига учинчи шахслардан сохта харид чеки олган, ҳақиқатда кирим қилинмаган ёки харид қилинмаган товар учун харид чекини рўйхатдан ўтказган 123 мингдан ортиқ фуқаро шубҳали харидорлар реестрига киритилди.
Солиқ қўмитаси хабарида таъкидланишича, бундай сохта харид чекини «Soliq» мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказиш қонунга хилоф ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Агар товар ёки хизмат сотиб олинган тадбиркор солиқ ҳисоботини тақдим этмаса ёки унда камчиликлар мавжуд бўлса ёхуд солиқ қарзи тўланмаган бўлса, кешбэк шу камчиликлар бартараф этилганидан кейин автоматик равишда тасдиқланади.
Саратонга қарши курашиш миллий дастури 1 январдан ишга туширилади
«Саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан аҳолини энг кўп учрайдиган (бачадон бўйни, кўкрак бези, йўғон ичак, ошқозон, простата бези ва ўпка) саратон касалликлари бўйича мақсадли тиббий текширувлар билан қамраб олиш кўрсаткичини камида 60 фоизга етказиш саратон касалликларига қарши курашишнинг асосий мақсадларидан бири сифатида белгиланди.
2027 йил 1 январдан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Саратонга қарши курашиш миллий дастури (Дастур) асосида аҳоли ўртасида ошқозон, йўғон ичак (колоректал), ўпка ва простата бези саратони касалликларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳудудларда босқичма-босқич амалга оширилади.
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб эсдалик нишони таъсис этилди
Президент фармони билан “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони таъсис этилди.
Фармонда таъкидланишича, ушбу нишон мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, иқтисодий қудрати ва салоҳияти, жаҳон майдонидаги нуфузини оширишга ҳисса қўшаётган, кўп йиллик фидокорона меҳнати, юксак касбий маҳорати ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган ватандошларни муносиб тақдирлаш мақсадида таъсис этилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари ҳамда уларнинг гувоҳномаларини белгиланган тартибда тайёрлаш вазифаси юкланди.
Мавзуга оид
19:19 / 25.06.2026
Кўча назоратчисига айланаётган ўқитувчилар ва Андижонда ўқувчилар фожиаси — маҳаллий дайжест
19:13 / 24.06.2026
Оширилаётган ойлик ва пенсиялар, шунингдек, банк сирини олишга интилаётган солиқчилар — маҳаллий дайжест
18:15 / 23.06.2026
Бизнес учун ягона QR-код ва коррупционерларга чекловлар — маҳаллий дайжест
19:45 / 22.06.2026