Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кўча назоратчисига айланаётган ўқитувчилар ва Андижонда ўқувчилар фожиаси — маҳаллий дайжест
Президент энергия тежамкор қурилиш материалларига ўтишни тавсия қилди. Самарқанд вилояти ҳокими ўқитувчиларни кўча назоратчиси қилишни буюрди. Андижонда «Андижон полкаси» тадбирига кетаётган ўқувчилар «авария»га учради. Тошкентда ёнғинга қарши алоҳида режим жорий қилинди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Президент энергия тежамкор қурилиш материалларига ўтишни тавсия қилди
Шавкат Мирзиёев энергия тежамкор қурилиш материалларидан кенг фойдаланишни уй-жой қурилишидаги устувор вазифалардан бири сифатида белгилади.
Қайд қилинишича, мамлакатда ҳар йили ўртача 65 мингта якка тартибдаги уй-жой қурилмоқда ва 200–250 минг хонадон таъмирланмоқда. Давлат раҳбари аҳоли орасида энергия тежамкор қурилиш материалларининг афзалликлари ҳақидаги тушунчаларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Маълум қилинишича, мамлакатда хонадонларни иситиш учун иқтисодиётда истеъмол қилинаётган табиий газнинг 20 фоизи ва электр энергиясининг 11 фоизи сарфланади. Агар уйларнинг фасади ва том қисми иссиқлик сақловчи материаллар билан қопланиб, энергия тежамкор ойналар ўрнатилса, энергия сарфини 30 фоизгача камайтириш мумкин.
Йиғилишда Франция ва Буюк Британия компаниялари ишлаб чиққан янги лойиҳалаш ёндашуви асосида Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида 4 минг хонадонли «Янги Ўзбекистон» массиви қурилаётгани таъкидланди. Президент вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига Қамаши тажрибасини ўрганишни ва айнан шу ёндашув асосида қуришни таъминлаш вазифасини юклади.
Самарқанд вилояти ҳокими ўқитувчиларни кўча назоратчиси қилишни буюрди
Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев Самарқанд шаҳридаги кўчаларни обод сақлаб туриш ишларига олий таълимдаги ўқитувчиларни ҳам жалб қилиш ҳақида топшириқ берди. Бу ҳақда у ректорлар билан бўлган учрашувда айтди.
«Ҳамма олий таълим муассасасига биттадан, иккитадан, учтадан (километрига, катта-кичиклигига қараб, соҳасига қараб) кўча берамиз... Ҳар куни эрталаб бир ўқитувчи шундай айланиб келади ўша кўчани. Пиёда юради – фойдаси ҳам бор соғлиққа. Қани, [кўради, кўчанинг] тозалиги қанақа, одамлар нимада қийналяпти, қаерда тротуар синиб кетган, қаерда қайси кўчат қурияпти ёки қайси кўчат гуркираб ривожланмаяпти ёки қайсидир кўчатга касаллик келиб қолган?..»
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг қўшимча қилишича, Самарқанд шаҳри кўчаларини олийгоҳларга бириктириш ташаббуси «кўкаламзорлаштириш ишларига янгича ёндашувни жорий этишга хизмат қилади».
Эслатиб ўтамиз, «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига кўра, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш тақиқланади.
«Андижон полкаси» тадбирига кетаётган ўқувчилар «авария»га учради
Андижон вилоятида «Андижон полкаси» тадбирига йўл олган мактаб ўқувчилари йўл-транспорт ҳодисасига учради, улардан бири вафот этди. Маълум бўлишича, фожиа Асака туманидаги 14-мактаб ўқувчилари билан рўй берган. Ҳолат юзасидан изоҳ берган Андижон вилояти ЙҲХБ ахборот хизмати мактаб ўқувчиларини ўзбошимчаликда айблади.
«Асака тумани халқ таълими бўлими томонидан Андижон шаҳрида ўтказиладиган тадбирга тайёргарлик кўриш учун бориб-келадиган ўқувчиларга алоҳида автобус ажратилган. Аммо бир гуруҳ ўқувчи ўзбошимчалик билан Damas автомобилида кетган. Йўлда автомобил ЗИЛ юк машинаси билан тўқнашган. Ўқувчилар шифохонага ётқизилган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, улардан бири вафот этган. Қолган ўқувчиларнинг ҳолати яхши», дейилади маълумотда.
Ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчилари суриштирув олиб бораётгани қўшимча қилинди.
Тошкентда ёнғинга қарши алоҳида режим жорий қилинди
Тошкент шаҳрида 15 сентябргача ёнғинга қарши алоҳида режим жорий этилди. Унинг доирасида бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларида таом тайёрлаш мақсадида маиший суюлтирилган газбаллонидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ, АГТКШ, АГКШ) қонуний текширувлар ўтказилади.
Маҳаллалардаги ички кўча, кўп қаватли уй ва объект ҳудудида махсус автотранспорт воситаларининг (ёнғин-қутқарув, тез тиббий ёрдам ва ҳ.к.) эркин ҳаракатланишини чеклаб қўйган сунъий тўсиқ — шлагбаум ва шу каби бошқа ғовларни аниқлаш ҳамда ноқонуний қурилмаларни белгиланган тартибда бартараф этиш чоралари кўрилади.
Уйлардаги умумий электр тарқатиш қутиларида номинал ток кучидан юқори бўлган ҳимоя автоматлари ва қўлбола сақлагичлардан фойдаланиш ҳолатига бутунлай барҳам берилади. Шаҳар ҳудудида носоз ҳолатдаги ёнғинга қарши гидрантлар ва сув ҳовузлари тўлиқ аниқланиб, зудлик билан таъмирланади.
Мавзуга оид
19:13 / 24.06.2026
Оширилаётган ойлик ва пенсиялар, шунингдек, банк сирини олишга интилаётган солиқчилар — маҳаллий дайжест
18:15 / 23.06.2026
Бизнес учун ягона QR-код ва коррупционерларга чекловлар — маҳаллий дайжест
19:45 / 22.06.2026
Одамсимон роботлар заводи ва кўпайиб бораётган автомобиллар — маҳаллий дайжест
20:06 / 19.06.2026