Жаҳон | 09:47
1427
3 дақиқада ўқилади

Украинага тунги ҳужум: Киев, Харькив ва Днипрода қурбонлар бор

16 апрел, пайшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина ҳудудига ракета ва ҳужумкор дронлар ёрдамида ҳужум қилди. Ҳужумлар асосан Киев, Харькив ва Днипро шаҳарларига қаратилгани ҳақида украин оммавий ахборот воситалари ва маҳаллий ҳокимият вакиллари хабар қилди.

Фото: IMAGO

Киевга берилган ракета зарбаси оқибатида 18 киши жабрланган, улар орасида бир нафар бола ҳам бор. Бу ҳақда Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко маълум қилди. Украина пойтахти мэри Виталий Кличконинг айтишича, ҳужум натижасида 12 ёшли бола ва 35 ёшли аёл ҳалок бўлган. Унинг сўзларига кўра, турар жой мавзелари зарба остида қолган, ракета бўлаклари тушган жойларда фавқулодда ва коммунал хизматлар иш олиб бормоқда.

Кличко, шунингдек, Оболон туманида ракета бўлаклари тушган нотекис қурилиш ҳудудида йирик ёнғин юз бергани, автомобиллар ёнаётганини айтди. Унинг билдиришича, Подольск туманида нотурар жой биносига зарба берилган ва бир нечта нуқтада бўлаклар тушган. Шу жойлардан бирида ёнғин чиққан.

Харьков ҳам тунда дрон ҳужумига учради. Украин оммавий ахборот воситалари ва маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, шаҳарда кетма-кет портлашлар эшитилган, зарба тушиш ҳолатлари ва ёнғинлар қайд этилган. Харьков вилояти раҳбари Олег Синегубовнинг маълум қилишича, зарба фуқаролик инфратузилмасига берилган, жабрланганлар ва вайронагарчилик кўлами ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда.

Синегубовнинг айтишича, зарбалар шаҳарнинг Индустриал ва Немишлян туманларига тўғри келган. Унинг сўзларига кўра, Индустриал туманида кўп қаватли уй ёнидаги ҳовлига келиб тушган зарба оқибатида фуқароларга тегишли автомобиллар ёниб кетган. Немишлян туманида эса 66 ёшли эркак ва 77 ёшли аёл жабрланган.

“Суспільне”, “24-канал” ва Oboz.UA порталининг хабар беришича, Днипро шаҳри камикадзе-дронлар ва баллистик ракеталар қўлланган ҳолда амалга оширилган қўшма ҳужумга дуч келган. Натижада шаҳарда кетма-кет портлашлар содир бўлган, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаган. Айрим ҳудудларда ёнғинлар ва турар жой биноларига зарар етгани қайд этилган.

Украин ОАВ Днипропетровск вилояти ҳарбий маъмуриятига таяниб хабар қилишича, шаҳарнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилган. Зарба берилган жойларда қутқарувчилар ва коммунал хизматлар иш олиб борган.

Днипропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжанинг маълум қилишича, Россия ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна 10 киши яраланган. Унинг сўзларига кўра, шаҳарда турар жой уйлари, гаражлар ва автомобиллар ёнган, шунингдек, таълим муассасасига ҳам зарар етган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид