Ўзбекистон | 19:16
850
4 дақиқада ўқилади

Уруш қатнашчиларига 30 млн сўм ва халқаро қидирувга берилган мансабдорлар – маҳаллий дайжест

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. «Ўзметкомбинат» ва Humans раҳбарлари халқаро қидирувга берилди. Ўрта Чирчиқдаги хонадонда чиққан ёнғинда 4 киши ҳалок бўлди. Жиззахда ФВБ мансабдори пора олаётганда ушланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Уруш қатнашчиларига 30 млн сўмдан бир марталик мукофот пули берилади

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. Бу ҳақда президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда маълум бўлди. Унда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш юзасидан ахборот берилди.

Шунингдек, бу кунда уруш қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийлари, кексалар ва устозларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, ёлғиз ва кам таъминланган фахрийларнинг турар жойларини ободонлаштириш, турли хотира ва қадрлаш тадбирларини ташкил этиш режалаштирилган. Мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган Ватан фидойиларининг хотираси ҳам улуғланади. Уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади.

«Ўзметкомбинат» ва Humans раҳбарлари халқаро қидирувга берилди

2024 йил октябрдан 2025 йил августгача «Ўзбекистон металлургия комбинати» АЖга раҳбарлик қилган Дилшод Аҳмедов Интерпол орқали қидирувга берилди.

Қайд этилишича, у Жиноят кодексининг 167-моддаси бўйича, яъни ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятида гумон қилинмоқда. Ҳозирча Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ва етказилган зарар миқдори бўйича расмий маълумот берилмади.

Шунингдек, Humans компанияси асосчиси ва раҳбари Владимир Добринин ҳам Интерпол линияси орқали қидирувга берилди. У қимор ўйинларини ташкил қилиш ва жиноий даромадларни легаллаштириш иши бўйича терговга тортилган.

Бундан ташқари, «Равшан Золотой» лақаби билан танилган Равшан Муҳитдинов ҳам халқаро қидирувга берилгани маълум бўлди. У Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисми (Мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш) 242-модда 2-қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш) ва 277-моддаси 3-қисми (Безорилик) билан айбланмоқда.

Ўрта Чирчиқдаги хонадонда чиққан ёнғинда 4 киши ҳалок бўлди

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани, Ўрта овул маҳалласидаги хонадонлардан бирида 15 апрелдан 16 апрелга ўтар кечаси ёнғин содир бўлди. 1996 йилда туғилган З.М. (эркак) ва унинг 3 нафар фарзанди ҳодиса оқибатида вафот этди. Шунингдек, унинг онаси ва турмуш ўртоғи шифохонага ётқизилди.

Қўшниларнинг айтишича, ёнғин пайтида эркак яқинларини қутқаришга уринган. У хотини ва онасини деразадан ташқари чиқариб юборишга улгурган, аммо болаларини қутқаришга ҳаракат қилган пайтда ўзи ҳам ҳалок бўлган.

Жиззахда ФВБ мансабдори пора олаётганда ушланди

Жиззах вилояти, Мирзачўл тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари умумий овқатланиш масканида ўтказилган текширув чоғида ёнғин хавфсизлиги талаблари бўйича аниқланган камчиликлар юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирган. У мазкур ҳолатни “ёпиб қўйиш” ва тўпланган ҳужжатларни судга юбормаслик эвазига 3 миллион сўм талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс пул маблағини умумий овқатланиш маскани раҳбаридан олган вақтида ушланди. Ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид