Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунёни ўзгартиришга бўлган сўнгги уриниш - хаёлпараст рицарнинг мағлубияти / 5 дақиқа
Ҳақиқий телбалик - дунёни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиб, уни ўзгартиришга уринмасликдир, дейди Сервантес. Аммо ҳаётимизда борини борича қабул қилишни билмаганлар телба ҳисобланади. Бугун биз 5 дақиқа’да “Дон Кихот” романи орқали кулранг ҳақиқатнинг рангли орзулар устидан қозонган ғалабаси ҳақида гаплашамиз. Ушбу асар бугунгача ёзилган романларнинг энг машҳури бўлиб, дунёда энг кўп таржима қилинган, ўқилган китоблардан биридир.
Асар воқеалари кичик бир қишлоқда яшовчи камбағал аслзода Алонсо Киханонинг ҳаёти билан бошланади. У рицарлик ҳақидаги китобларга шу қадар шўнғиб кетадики, охир-оқибат атрофидаги кулранг ва зерикарли ҳақиқатни қабул қила олмай қолади. Унинг учун дунё - адолатсизлик, зулм ва ёвузлик уяси эмас, балки мард рицарлар маликаларни қутқарадиган, заифларга ёрдам бериладиган ва инсоннинг шарафи ҳамма нарсадан устун турадиган майдон бўлиши керак эди. Шундай қилиб, у ўзини Дон Кихот деб эълон қилади ва занглаган совутларини кийиб, оламни ёвузликдан халос қилиш учун йўлга чиқади.
Бу саёҳатда унга ҳамроҳлик қилган соддадил деҳқон Санчо Панса образи асарнинг энг муҳим тиргакларидан бири. Агар Дон Кихот юлдузларга тикилиб хаёл сурадиган руҳ бўлса, Санчо ерда мустаҳкам турган, фақат қорнини ва ваъда қилинган оролни ўйлайдиган жисмдир. Сервантес бу икки қаҳрамон орқали инсониятнинг иккига бўлинган табиатини кўрсатиб беради. Бироқ сафар давомида кузатиладиган энг қизиқарли жараён шундаки, бу икки зиддиятли дунё бир-бирига сингиб боради.
Асар қаҳрамони шамол тегирмонлари билан жанг қилади. Дон Кихот учун улар улкан ва ваҳший девлар бўлиб кўринади. Рицарнинг йиқилиши ва мағлубияти - бу моддий дунёнинг ғолиблигидир. Лекин маънавий жиҳатдан Дон Кихот ғолиб бўлади, чунки у қўрқувни енгиб, ёвузликка қарши туришга ўзида журъат топади.
Асарда Дон Кихотнинг атрофдагилар томонидан масхара қилиниши, калтакланиши ва кулгига қолганини кўрамиз. Аммо диққат билан қарасак, аслида ким телба эканлиги шубҳа остида қолади. Ўз нафси учун бировларни алдайдиган, фақат қорнини ўйлаб виждонини сотадиган ва ўзгаларнинг туйғулари устидан куладиган "соғлом" одамлар Дон Кихотнинг ёнида маънавий жиҳатдан анча қашшоқ бўлиб қолади. Рицарнинг қалбидаги Дульсинея аслида оддий қишлоқ аёли бўлиши мумкин, лекин Дон Кихотнинг нигоҳида у гўзаллик ва покликнинг олий тимсолидир. Бу эса инсоннинг нигоҳи оламни қанчалик гўзаллаштира олишига исботдир.
Дон Кихот уйига қайтади ва узоқ давом этган «хаёлий ҳаёт»дан сўнг, тўсатдан соғаяди. У ақлини йиғиб, ўз исмини - Алонсо Киханони қайтариб олади ва рицарлик китобларини лаънатлайди. Кўпчилик ўқувчилар учун бу хайрли якундек туюлиши мумкин, лекин аслида бу асарнинг энг оғриқли қисмидир. Соғайган Алонсо Кихано учун дунё ўз рангларини йўқотади. У энди адолатни, маликаларни ва сеҳрли саргузаштларни кўрмайди. Орзуларидан воз кечган инсон учун яшашнинг ҳеч қандай маъноси қолмайди. У ўз каравотида ётганида, унинг яқинлари хурсанд бўлишади, лекин фақат бир киши чин дилдан йиғлайди - бу Санчо Панса эди.
Айнан шу ерда Сервантес кескин бурилиш қилади. Сафар бошида фақат моддий фойдани кўзлаган Санчо, энди ўз хўжайинининг оёқларига йиқилиб, ундан яна Дон Кихот бўлишини сўрайди. Санчо энди оролни эмас, балки ўша гўзал хаёлларни соғинаётган эди. Бу - ғоянинг ўлмаслигидир. Бир инсон ўлиши мумкин, лекин у уйғотган орзу ва эътиқод учқуни бошқа қалбда яшашда давом этади, деганидир.
Нима учун биз бу китобни бугун, XXI асрда ҳам ўқишимиз керак дейсизми? Чунки биз ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ «соғайиб» кетганмиз. Биз ҳар бир ишимизни рақамлар билан ўлчаймиз, муҳаббатни биологияга, дўстликни ижтимоий тармоқларга, жасоратни эса эҳтиёткорликка алмаштириб юбордик.
Дарвоқе, Сервантес асар сўнгида бир огоҳлантириш қолдирган. У ерда Дон Кихотнинг ўз меросхўрларига қўйган бир шарти бор. Ушбу шартни бузиш - инсоннинг энг катта фожиаси сифатида талқин қилинади. Агар сиз ўша «сўнгги васиятдаги сирли шарт» нима эканлигини билмоқчи бўлсангиз, китобнинг сўнгги саҳифаларини очинг. Чунки айнан ўша ерда сиз ўзингизнинг асл исмингизни ва ҳаётдаги ҳақиқий мақсадингизни топишингиз мумкин.
Мавзуга оид
16:57 / 11.04.2026
Катта Оға кузатиб турадиган, фикрлаш жиноят саналган давлат ҳақида эшитганмисиз? / 5 дақиқа
18:05 / 04.04.2026
“Маймун етаклаган одам” - баландпарвоз ғояларга алданган авлод қиссаси / 5 дақиқа
17:30 / 28.03.2026
Одамзодни “мукаммаллаштириш” орзуси қандай якунланди? | 5 дақиқа
16:45 / 14.03.2026